Ўзбек мухолиф гуруҳларининг янги ташкил этилган Ўзбекистон Халқ Ҳаракати Президент Медведевдан Ислом Каримов билан музокаралар чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришни сўраган.
Ҳаракатнинг Муассислар Мажлиси раиси Муҳаммад Солиҳ номидан эълон қилинган баёнотда Ўзбекистон Ислом Каримов бошқаруви остида “минтақадаги энг тоталитар ва репрессив давлат” га айлангани айтилади.
“2005 йил 13 майдаги тинч намойиш шафқатсизларча бостирилиши ортидан Ўзбекистон куч тизимлари мамлакат бўйлаб репрессияларни янада авж олдирди” дейилади баёнотда.
Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг ишонишича, БМТ Хавафсизлик Кенгашининг аъзоси бўлган Россия Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари бузилишларига чек қўйишда Ислом Каримов ҳукуматига таъсир кўрсата олади.
Янги ташкил этилган мухолифат ташкилотига кўра, Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга фақат сиёсий ислоҳотлар ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш орқали эришиш мумкин ва бу Россиянинг минтақадаги манфаатларига мос келади. http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2011/06/110613_cy_uhh_medvedev.shtml
