Бу шеър бир вақтлар, Ўш- Ўзган воқеъалари даврида ёзилган эди. Ҳозир
Қирғизистоннинг Жалолобод ҳудудларида рўй бераётган воқеъалар,
баъзиларнинг иғвогорона чиқишлари менга яна ўша кунларни эслатди.
Ўзбекмисан, қирғизмисан ё қозоқ-
Йиғла, ота маконингга мотам тут.
Бир- бирингни единг бўлиб қирпичоқ,
Эссиз кетган ёш жонингга мотам тут.
Дўстинг киму, ёвинг кимдир, билмадинг,
Ининг киму, довинг кимдир, билмадинг,
Йўлларингда ғовинг кимдир, билмадинг…
Қўлдан кетган имконингга мотам тут.
Ўкирабер икки кўзинг қон бўлиб,
Оға-ини, ҳар биринг бир ён бўлиб,
Катта-кичик ўз ҳолингга хон бўлиб…
Хор қилинган виждонингга мотам тут.
Гадо бўлдинг, гадолигинг ўзингдан,
Адо бўлдинг, адолигинг ўзингдан,
Бор – йўғингдан жудолигинг ўзингдан…
Ўзлигингга, имонингга мотам тут.
Отангни сўй, болангни сўй, онанг сўй,
Бирман дема, юртдошинг- ҳамҳонанг сўй.
Бобонг гўрин бузиб, ини- оғанг сўй…
Уйинг куйиб, вайронангга мотам тут.
Қарғиш теккан, худо урган элдирсан,
Ўз уруғин билмай юрган элдирсан.
Ёвинг қучиб, оғанг туртган элдирсан…
Ҳароб бўлган Туронингга мотам тут.
Қандай элга ўғил бўлдим мен шўрлик,
Алам ютиб, қонга тўлдим мен шўрлик.
Сени халқдай кўрмай ўлдим мен шўрлик…
Ўлмай ўлган ўғлонингга мотам тут!
