Ислом Ҳазораси (1)
Аҳмад Муҳаммад Мубашшир Аҳмад
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Инсоният янги минг йилликка қадам қўйди. Ўтган йигирманчи аср илм-фан, техника юксак чўққисига кўтарилган, ер юзидаги олти милярддан зиёд кишининг фаровон ва бахтли турмуш кечириши учун чексиз имкониятлар, қулайликлар яратилган юз йиллик бўлиб тарихга кирди.
Аммо ғарб олимлари орзу қилган ҳазора (цивилизация)ларнинг маҳсули бўлмиш бу тўкинчилик, турли соҳалардаги илмий кашфиётлар инсониятга бахт-саодат олиб келмади. Уларнинг «жаннатий маъмурлик ва осойишта ҳаёт» ҳақидаги орзу-умидлари чиппакка чиқди. Улар барпо этган «маданий турмуш» саробдан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлиб қолди.
Минг йилликлар чорраҳасидаги моддий тараққиёт ва улуғ илмий кашфиётлар нега инсониятга бахт-саодат олиб келмади? «Мукаммал» жамият қурганлик ва «юксак» ҳазорага эришганлик даъвосини қилаётган ғарб оламини нима учун хавф-хатар, қалб безовталиги, эртанги кундан умидсизлик каби кайфиятлар чулғаб олган? Бу саволларга олимлар ва мутафаккирлар ҳам жавоб тополмай бошлари қотган.[/align]
Мулоҳаза қилиб кўриладиган бўлса, инсоннинг фаровонлиги зиёдалашгани сари руҳий изтироб ва қалб безовталиги ортиб боряпти. На бой ўлкалару гўзал шаҳарлар, сўлим боғлару шинам уйлар, на мол ва емиш тўла дўконлару учқур машиналар, чиройли кийимлару бир-биридан лаззатли таомлар инсонга бахт ва шодмон ҳаёт олиб келолмади. Аксинча, қолоқ давлатларга қараганда яшаш даражаси юқори бўлган, юксак тараққиётга эришган мамлакатларнинг жамиятлари ҳозир руҳий хасталик азобини кўпроқ чекяпти.
Ғарбликларда бу безовталик кетма-кет иккита жаҳон урушини бошдан кечириб, энди учинчиси бошланиб қолмасмикин, деган хавотирдан келиб чиқаётгани йўқ. Бу безовталик кучсизларни хўрлаш, азоблашга асосланган мустамлакачилик сиёсатидан ҳам пайдо бўлаётгани йўқ. Чунки ўзи мустамлакачи сифатида бошқа миллатларга зўравонлик қилаётган, бундан наф кўраётган давлатларда бу безовталик кучлироқ.
Ҳозирги пайтда жаҳонда 450 миллион киши руҳан азобланмоқда. Йилига 20 миллион киши ўз жонига қасд қилишга уринади, шундан бир миллиони суиқасд туфайли ҳалок бўлади. Энг ажабланарлиси, ўз жонига қасд қилишларнинг аксарияти Скандинавия ўлкалари, Холландия, Можористон, Литва каби ғарб мамлакатлари ҳиссасига тўғри келяпти. Бундан ҳам ғаройиби, у ерларда одамлар ўзлари яшаётган тўкин ҳаётдан безиб, яшашнинг қизиғи қолмаётганидан тўйиб, ўзларини ўлдираётганларидир.
Масаланинг асл моҳиятини ўрганадиган бўлсак, ана шу изтироб ва безовталикларнинг илдизлари ғарбнинг жилвагар ҳазорасига, ҳозирги пайтда ота-оналарни қўрқув ва хавотирга солаётган ахлоқсизликка, у ерларда амал қилаётган зарарли фалсафий ғоя ва маслакларга боғлиқ эканлиги яққол намоён бўлади. Оқибатда, иқболига кўра мутаассиб бўлган, ўз эшикларини руҳий оламга (метафизикага) ёпиб ташлаган, ҳақиқатни фақат жисм фани, моддий ҳаётга боғлаб қўйган ҳазоранинг сири фош бўлиб, миси чиқиб қоляпти. Чунки бу ҳазора яратилишни тасодиф, табиат, восита ва дарвинчилик назарияси ёрдамида далиллаб келди. ғарбликлар учун моддадан ўтадиган куч йўқ. Ҳаёт тарзларини тартибга солувчи гуноҳ тарозиларига ўрин қолдирилмаган. Ҳамманинг фикри-ёди яшаш учун курашда, пул топишда, ўзидан кучсизни эзиб-янчиб, унинг манфаатига тажовуз қилишда.
Ғарб ҳазораси қандайдир бўшлиқда пайдо бўлган эмас. У ғарбнинг Андалусия ва бошқа исломий ўлкалар орқали Ислом ҳазораси билан боғланувидан пайдо бўлган. Юнон фалсафаси аввалдан Ислом мутафаккирлари ва файласуфларига яхши маълум эди. Черковнинг қаттиқ таъқибларига қарамай, ғарбнинг илм толиблари араблардан юнон фалсафасини нақл қилиб, ёзиб олиб ўрганишга киришдилар. Кейинроқ уларнинг фикри ривожланиб, черков даъват этган илм ва маърифатга хилоф ҳақиқатларни англаб ета бошлади.
Оёққа туриб олган янги ғарб уйғониши (Ренессанси) икки хил йўналишда: юнон фалсафасининг моддий-бутпараст йўналиши ҳамда дин ва унинг кишиларига бўлган душманлик кайфияти орқали ривож топди. Моддий асосларга суянган ғарб ҳазораси динни жамият ҳаётидан батамом сиқиб чиқариб, унинг ўрнига мутлоқ ҳокимиятини ўрнатишга киришди. Дин ғарбликлар устидан ўз таъсирини йўқота бошлади.
Аммо бу билан ҳам инсоният ўз бахтини топа олмади. Аксинча, ўзининг жуда тубан кетганини, динни мағлуб этиб, қаттиқ таназзулга юз тутганини сезиб қолди. Жамиятда чуқур, шомил безовталик пайдо бўлди. Ҳозирга келиб, ғарбнинг илғор фикрли кишилари одамларнинг ҳаёти, ташвиш ва машаққатларини енгиллатиш, уларда руҳий ва ҳиссий хотиржамликни таъминлаш учун албатта илоҳий бир низом, самовий дин ниҳоятда зарурлигини англаб етишди.
Умуман, ҳозир мутлоқ кўпчилик йўқотган, мосуво бўлган диний руҳониятини топишни истайди. Аммо куфр ва моддиюнчилик дарахтлари чуқур илдиз отиб, мевага кирган пайтда бу руҳониятни топиш осон бўлармикин?
Бугунги кунда ғарб мамлакатлари ўз ҳазоралари етказган зарарни енгилатиш учун диндан истифода этиш ҳақида ўйлаб қолишди. Бу йўлда черковлар қавмни яна ўз бағрига чорлаш учун ҳамма имкониятларни ишга соляпти. Минглаб миссионерлар ҳувиллаб қолган ибодатхоналарни тўлдириш мақсадида дунёнинг ҳамма бурчида изғиб юришибди. Миллионлаб нусхада китоблар, газет-журналлар тарқатиляпти. Аммо жилов дин ва ахлоқ кишилари қўлидан аллақачон чиқиб кетган.
Коммунизм ғояси ҳам инсониятни тўғри йўлдан чалғитиб, бошига чексиз кулфатлар солди. Унинг касофатидан инсон ва унинг руҳий-психологик барқарорлиги ўртасидаги зиддият кучайиб кетди. Бу ғоя инсондан Аллоҳга ва охират кунига бўлган ақидасини тортиб олди, уни минг йиллар мобайнида тан олиб келинган умумбашарий ахлоқий қадриятлардан мосуво қилди. Коммунизм кишиларга фаровон ва тўкин ҳаёт ваъда қилган бўлса-да, унинг ҳам фуқаролардаги турли ижтимоий-руҳий хавф ва безовталикларни бартараф этишга кучи етмади. Оқибатда, ғарбликлар ўз ҳазораларининг руҳий ва ахлоқий ночор эканига бугун ҳар қадамда дуч келмоқдалар.
Ғарб ҳазораси инсоният эришган моддий ҳаётнинг энг юқори чўққиси ҳисобланса-да, унинг ўзи кишиларни тўла-тўкис бахтли қилолмади. Одамларнинг яшаш шароити яхшиланиб, турмуши фаровонлашганига қарамай, уларнинг руҳий олами қашшоқлашиб кетди, қалблардан эътиқод ҳаловати йўқолди, ахлоқ бутунлай издан чиқди. Буни Ислом ҳазорасидан яхши хабардор бўлган ғарб мутафаккирлари ҳам тан олиб ёзишяпти.
Лондон Миллий кутубхонаси Шарқ бўлими мудири, таниқли инглиз шарқшуноси устоз Абу Бакр Исломни қабул қилиши сабабларини изоҳлаб шундай деганди: «Шубҳасиз, ғарб ҳазораси инсонни шараф ва чиройдан маҳрум этади!» Унга шундай эътироз билдиришган: «Шарафдан маҳрум этишига-ку рози бўламиз, аммо чиройни йўқ қилиши қандай бўлди? Одамлар уни чиройга эътибор қилган энг ажойиб ҳазоралиги, деб билишади. Табиат гўзаллиги, уй, шаҳарлар гўзаллиги, аёл чиройи!» Аллома шундай жавоб берди: «Лекин у руҳ чиройига, фитрий завқ ва ҳулқ гўзаллигига барҳам беради».
Тиббиёт мутахассиси, асли швейцариялик бир қиз Париждаги ҳаёти ҳақида шундай деган: «Бу «тожир», айни пайтда «фожир» шаҳарда эҳтиёжларимни қондириш учун ота-онамнинг менга юборган озгина маблағи камлик қиларди. Негаки, бу шаҳар инсонни очкўз ҳайвонга ўхшатиб қўяди. Шунинг учун бирон оилага хизматкорликка ёлланиб, таъминотимни яхшиламоқчи бўлдим. Инсоний мукаррамлигимни сақлаб қолиш учун руҳий муҳит ҳукмрон бўлган Шарқ хонадонини қидира бошладим. Ва бир ҳинд оиласи билан кунига бир неча соат хизматга келишдим. Аммо, афсуслар бўлсинки, уларда ҳам йўқотган нарсамни топмадим. Улар ночор руҳият эгалари эдилар».
Бу мисоллар ғарбликларнинг ҳазоралари ҳаётларида алам, ҳайрат ва изтироб булоқларини очиб юборганидан сўнг таскин ва ором излаб, руҳий ҳаётга талпина бошлаганликларини кўрсатади. Ва уларнинг кўпчилиги қалб тасаллисини ягона тавҳид ва ваҳийга асосланган Ислом ҳазорасидан, жисмоний ва руҳий ҳаёт ҳақиқатнинг икки юзи каби тенг қийматга эга бўлган нодир ҳазорадан топяпти. Чунки бу шундайин ижобий, ижодий ва илоҳий руҳоният ҳазорасики, у аскарга урушда, ишчига корхонасида, олимга дарсида, файласуфга илмий ишида, қозига маҳкамада, хизматчига идорасида, бошлиққа бошқарувида баравар ҳамдам бўлади. У ҳар бир инсонга яхши ва ёмон кунларида, ҳаракат ва сукутида, кечаю-кундузида, осонлик ва машаққатида, соғломлик ва бетоблигида ҳамроҳ бўлади. Ҳеч бир ҳолатда унга тўсқинлик қилмайди, балки камолотдан камолотга етказади. Унга Холиқи – Аллоҳни, устида юргани – ерни, биргаликда яшагани – одамларни, улуғ яхлитликдан бир бўлаги бўлган оламни ва оламлар Парвардигори – Аллоҳга банда эканини эслатиб туради. Унинг ғарб ҳазорасидан фарқли ўлароқ, одамларга марҳаматли, ахлоқда устун, ҳукмда адолатли, руҳни мунаввар этувчи ва турли даврлардаги инсоний идеалларга яқин бўлгани аллақачон кашф этилган.
Ушбу китобнинг асосини Ислом ҳазорасининг бошқаларидан фарқини, аҳамиятини, устун жиҳатларини гўзал, жонли мисоллар орқали очиб берган суриялик таниқли аллома Мустафо Ҳусний ас-Сибаъийнинг Байрутда 1987 йили бешинчи марта нашр этилган «Ҳазорамиз ажойиботларидан» деган мўътабар асари ташкил этади. Қўлингиздаги китоб Ислом ҳазорасига бемисл ҳисса қўшган Мовароуннаҳр алломаларининг, ҳукмдорларининг, илм-фан ва санъат намояндаларининг улуғ хизматлари ҳақидаги маълумотлар, тарихий воқеалар билан тўлдирилди. Унда муаллифнинг Ислом ҳазорасининг ажойиботларини келтириш орқали унинг инсоният тарихида зиё тарқатган, ҳаётни қайта жонлантирган, катта бир Уйғониш даврини бошлаб берган улкан маданият эканини кўрсатиш ғояси сақлаб қолинди.
Китоб мусаннифларининг нияти – Ислом ва ғарб ҳазораларини солиштириб, бирининг иккинчисидан устун ёки афзал эканини кўрсатиш эмас, балки Ислом ҳазорасидаги мангу инсоний ва умумбашарий жиҳатларнинг кучли ва гўзал эканини тарихий мисоллар орқали ўқувчига билдириб қўйиш, холос. Ислом динини қолоқ, замон талабларига жавоб беролмайдиган, ривожланишга, илм-фан тараққиётига тўғаноқ дин, деб кўрсатишга уриниб келган ва келаётган айрим ғарблик тарихчиларнинг, нохолис мухолифларнинг даъволари асоссиз ва пуч эканини кўрсатиш, ҳозирги фан-техника асрида мусулмонлар ғарбликлардан орқада қолиб кетяпти, деб ўксиниб юрган замондошларни тушкун кайфиятлардан халос этиш, улуғ аждодларнинг буюк ишларидан фахрланиш туйғуларини жўш урдириб, улардан ўрнак олиш ва шонли йўлларини муносиб давом эттиришлари умидида ушбу китоб юзага келди.
Мақсад ортида Аллоҳдир, У муваффақият валийсидир!
Ислом Ҳазораси (2)
Аҳмад Муҳаммад Мубашшир Аҳмад
Ҳазорани баъзи билимдонлар қуйидагича таърифлайдилар: «У – инсоннинг маданий маҳсулини кўпайтиришга кўмаклашадиган ижтимоий низом». Ҳазора тўрт асосий унсурдан ташкил топади: 1. Иқтисодий бойлик. 2. Сиёсий низом. 3. Халқнинг урф-одати. 4. Илм-фанга эътибор.
Унинг кўтарилиши ва юксалишига жўғрофий, иқтисодий ҳамда дин, тил ва тарбия каби руҳий омиллар сабаб бўлади. Таназзулига эса, юзага келиб, унинг ривожланишига туртки бўлган омилларнинг акси сабаб қилиб кўрсатилади. Ахлоқий ва фикрий бузилиш, қонун ва низомларнинг ишламаслиги, фақирлик ва зулмнинг кўпайиши, келажакка ишончсизлик ва лоқайдлик, кучли йўлбошчининг йўқлиги таназзулнинг муҳим омилларидан ҳисобланади.
Ҳазора қиссаси инсон пайдо бўлиши билан бошланган. У ривожланган миллатнинг ўзидан кейинги миллатга топширадиган эстафета таёқчаси бўлиб, ҳудуд ва ирқ танламайди. Фақат юқорида зикр қилинган омиллар туфайли пайдо бўлади. Ҳазора тарихида ўз саҳифасига эга бўлмаган миллатни топиш қийин. Лекин бир ҳазоранинг иккинчисидан афзал бўлишига сабабчи нарсалар ҳам бор. Булар – ҳазоранинг мустаҳкам асосга, кучли таъсирга эгалиги ёки пайдо бўлишидан умуминсониятга кўпроқ манфаати тегиши. У ўз рисолатида қанчалик кенг қамровли, келиб чиқишида инсоний, йўналишида халқчил ва асосларида воқеий бўлса, тарихда шунчалик узоқ муддат боқий қолади ва ҳурмат-эътиборга сазовор бўлади.
Ислом ҳазораси ҳам инсоний ҳазора занжиридан бир халқадир. Ундан олдин ҳам ҳазоралар ўтган, кейин ҳам бўлади. Унинг пайдо бўлиш омиллари ва таназзули сабаблари ҳам бор. Фақатгина бу ҳазора дурдоналари ҳақида гапиришдан олдин унинг инсоний тараққиёт тарихига қўшган муҳим саҳифаларига тўхталмоқчимиз. Бу саҳифаларни у ақида, илм, хулқ, ҳукм, фан ва адабиёт соҳаларида инсониятга тақдим қилган.
Ислом ҳазораси қуйидаги хусусиятлари билан бошқаларидан фарқланиб, кишининг диққатини ўзига жалб қилади:
1. У ақидада мутлоқ ваҳдоният асосига барпо бўлган, ҳукмда-ю, мулкда шериксиз ягона Илоҳга даъват қилган биринчи ҳазорадир. Илоҳнинг ўзигагина ибодат қилинади ва «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» калимасидан кўзда тутилган зот ҳам Унинг ўзидир. Осмону ердаги борлиқ Унинг қудрати остидадир. Бергувчи ҳам, олгувчи ҳам Ўзи, азиз ва хор қилгувчи ҳам Унинг ўзидир, деган ғояни илгари суради.
Ваҳдониятни тушунишдаги бу улуғворликнинг инсоният қадр-қимматини кўтаришда, уни подшоҳлару ашрофлар, кучлилар ва руҳонийлар туғёнидан озод қилишда, ҳоким билан маҳкумлар ўртасидаги алоқани яхшилашда, назарни фақат оламларнинг Парвардигори, махлуқларнинг Холиқи бўлмиш ягона Аллоҳга қаратишда таъсири катта бўлди. Бу ҳазорада ушбу ақиданинг изи чуқур бўлиб, бу билан у ўтмиш ва келажак ҳазораларидан фарқ қилди. Бундай ақида эътиқод, ҳукм, фан, шеър ва адабиётда бутпарастлик адабиёти, фалсафаси ва унинг барча кўринишларидан холи бўлишликни тақозо этади. Унинг «Илиада» ва шунга ўхшаш бутпараст юнон адабиёти дурдоналарини таржима қилмаганлигининг сири мана шудир. Наққошлик, хаттотлик ва биноларни безаш санъатини ривожлантириш билан бирга ҳайкалтарошлик, сураткашлик санъатига эътиборсизлигининг сабаби ҳам мана шудир.
Бутпарастлик ва унинг кўринишларига шафқатсиз уруш очган Ислом улуғ ва солиҳларнинг, набий ва фотиҳларнинг тимсолларини яратишдек қадим замонлардан бери давом этиб келаётган бутпарастлик ва унинг қолдиқлари устига ўз ҳазорасининг барпо этилишига рози бўлмади. Ҳолбуки, бу тимсоллар қадим ҳазоранинг ҳам, янги ҳазоранинг ҳам энг ёрқин намуналари ҳисобланади. Чунки бу ҳазораларнинг ҳеч қайсиси Ислом ҳазораси ваҳдоният ақидасида етиб борган кенгликка чиқиб бормаган.
Ақидадаги ваҳдат тушунчаси бу ҳазора келтирган барча асос ва низомларда ўз аксини топган. Рисолатдаги ваҳдат, қонунчилик, умумий мақсадлар, инсоний табиат, ҳаёт тарзи ва тафаккур услубидаги ваҳдат бунга мисол бўла олади. Ҳатто исломий санъатдан баҳс этувчи баъзи кишилар хилма-хил кўринишига қарамай, бу санъатдаги услуб ва завқнинг бирлигини илғашган. Бир бўлак Андалусий суяк, Миср газмоли, Шом чинниси ва Эрон маъдани – буларнинг бари шакл ва зийнатлари турли бўлишига қарамай, бир услуб ва ягона хислатга эга.
2. Иккинчи хусусияти шуки, у мақсад ва интилишда инсоний уфқ ва рисолатда оламийдир. Қуръони карим ирқ, насаб ва ватанидан қатъий назар инсон қавмининг бир эканини баралла эълон этди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Албатта, Қуръон бу оламий, инсоний ваҳдатни ҳақиқат, эзгулик ва икром чўққисида эълон этган пайтда, унинг ҳазорасини бир маржон каби қилдики, унда барча миллат ва элатларнинг даҳолари тизилишди. Шунинг учун бошқа ҳазоралар бир жинс, бир миллат фарзандларидан бўлган даҳолари билангина фахрлансалар, исломий ҳазора ўзининг барча миллат ва элатлардан иборат умумий оиладан чиққан даҳо ва истеъдод эгалари билан ифтихор этади. Абу Ҳанифа, Молик, Шофиий, Аҳмад каби фақиҳлар, Халил, Себвайҳ каби тилшунослар, Киндий, Ғаззолий, Форобий, Ибн Рушд каби Шарқ файласуфлари ва бошқаларнинг келиб чиқиши ҳамда ватанлари турли-туман бўлса-да, улар мисолида исломий ҳазора инсониятга энг гўзал инсоний тафаккур гулшанини тақдим этганлиги ажойибдир.
3. Учинчи хусусияти шуки, у барча низомларида ва турли ҳаракат майдонларида биринчи ўринни ахлоқий асосларга ажратган. Бу асослардан у асло чекинмади, ёки давлат, жамоат ва шахслар манфаати учун уларни восита этмади. Ҳукмда, илмда, қонунчиликда, уруш ва тинчликда, иқтисодда ва оилада қонунан ва татбиқан ушбу асосларга риоя қилинди. Бу борада қадим ва янги ҳазоралар етолмаган улуғ ва баланд чўққилар забт этилди. Исломий ҳазора бу хусусда таҳсинга сазовор таъсир кўрсатди ва унинг ўзигина бошқа ҳазоралар орасида инсониятни бебахтликдан холи саодатга эриштирмоққа кафил бўла олишини исботлади.
4. Бу хусусиятларнинг тўртинчиси – илмнинг чин манбаи ва ақиданинг соф асосига таянишдир. У ақл ва қалбга баробар хитоб қилди. Бир вақтнинг ўзида ҳам фикр, ҳам туйғуни қўзғади. Тарих мобайнида бирор ҳазора унга тенглашолмайдиган тафовут мана шудир. Ислом ҳазорасининг мана шу фарқига таажжубланишларнинг сири шундаки, у давлат учун ҳақиқат ва адолат асосларига қурилган низомни тузишга қодир бўла олди. Буни тузишда у дин ва ақидага таянди. Дин давлат тараққиёти ва ҳазора юксалишида тўсиқ бўлиб қолмади. Балки буларнинг тараққиётига асосий омиллардан бўлди. Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Самарқанд, Бухоро, Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) масжидларидан таралган илм зиёси бутун дунёга ёйилди.
Бу ҳазора қонунчилигида ҳар соҳанинг ўз мутахассис уламолари бўлар ва барчалари қонун олдида баробар эдилар. Устунлик тақвода-ю, оммага хизмат қилишда бўларди: «Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғирлик қилганда ҳам Муҳаммад унинг қўлини албатта кесарди». «Халқнинг барчаси Аллоҳ аҳлларидир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлларига манфаатлироғидир». Ислом ҳазораси, унинг устида қурилган дин мана шудир. Унда бошлиққа ҳам, дин кишисига ҳам, обрўликка ҳам, бойга ҳам имтиёз йўқдир.«… (Эй Муҳаммад, уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби одамдирман» (Каҳф сураси, 110-оят).
5. Зикр қилинаётган ҳазора хусусиятларидан ўзига хос охиргиси – ажойиб диний эркинлик бўлиб, дин устига қурилган бирон-бир ҳазора бундай эркинликни билмайди. Бирор динга ишонмаган ва илоҳга иймон келтирмаган киши, агар барча динларга баробар назар билан қараса ва ҳар қандай дин аҳлларига бир хил тўғри муомала этса, бу ҳол албатта ажиб туюлмайди. Лекин динининг ҳақ эканига ишонган, ақидасининг энг тўғри ва энг соғлом ақидалардан эканига шубҳаланмаган, сўнгра унга қилич кўтариб, мамлакатларни фатҳ этиш ва ҳукмрон бўлиш имконияти берилган, лекин динига бўлган имони, ақидасига бўлган эътиқоди, ҳукмда жабр қилмасликка, адолат йўлларидан оғмасликка ёки одамларни динига мажбурламасликка ундаган дин эгасининг тарихда бўлгани ниҳоятда ажабланарлидир.
Тарихда бир ҳазоранинг дин устига қурилгани ва унинг қоидалари дин асосларига бино бўлгани, сўнгра у энг эркин, энг адолатли, энг раҳмли ва энг инсоний ҳазора сифатида қолгани қандайин ажойиб!..
Мана шулар Ислом ҳазорасининг инсоният тарихидаги бошқа ҳазоралардан фарқи ва хусусиятларидир. Бу ҳазора ҳукмда, дастурда, поклашда ва таълимда кучли бўлган пайтда у жаҳон ҳайратини қўзғади, жинси ва динидан қатъий назар эркин ва закий кишиларнинг қалб тўридан жой олди. Аммо у таназзулга юз тутиб, ўрнига бошқа ҳазора барпо бўлгач, унинг қадр-қимматини чамалашда нуқтаи назарлар (қарашлар) турлича бўлиб қолди. Энди уни камситадиганлар ҳам, унга қойил қоладиганлар ҳам бор. Фазилатлари ҳақида сўзлайдиганлар ҳам, камчиликлари тўғрисида оғиз кўпиртирадиганлар ҳам бор. Бугунги кундаги ғарб билимдонларининг нуқтаи назарлари (қарашлари) ана шундай.
Янги ҳазора ажойиботлари, ихтиролари ва илм уфқидаги янги кашфиётларига солиштирганда Ислом ҳазораси пастга урилаётган бўлса, у ҳолда унга баҳо беришда инсофсизлик қилинаётган бўлади. Агар ҳақиқатда бу фикр далил қилинса, бу сўзларни икки сабаб туфайли оқлаб бўлмайди.
Биринчиси, ҳар бир ҳазора икки асосий унсур: руҳий-ахлоқий ва моддий унсурдан ташкил топади.
Моддий унсурда ҳар бир ҳазора сўзсиз олдингисидан устун бўлади. Бу ҳаёт ва воситаларининг ривожланишидаги Аллоҳнинг жорий қонунидир. Олдинги ҳазорадан кейингиси қўлга киритган ютуқларга эга бўлмоқни талаб қилиш аҳмоқликдир. Агар бу мумкин бўлганида, Ислом ҳазораси ўзидан олдин ўтган барча ҳазораларни камситиши керак эди. Чунки у ҳам ҳамма ҳазоралар сингари ўзидан олдингиларда бўлмаган ҳаёт воситалари ва тараққиёт кўринишларига эга эди. Демак, моддий унсур ҳеч қачон устунлик асоси бўла олмайди.
Аммо руҳий-ахлоқий унсур эса ҳазораларнинг барҳаётлиги гаровидир. У ўз вазифаси (миссия) билан инсониятни саодатманд қилишга, хавф ва аламлардан узоқлаштиришга хизмат қилади. Ислом ҳазораси бу майдонда собиқ ва келажак барча ҳазоралардан ўзиб кетган. У шундай чўққини забт этганки, тарих босқичларидан ҳеч бирида унинг тенгги топилмайди. Мана шунинг ўзи унинг барҳаёт эканига етарлидир.
Иккинчиси, албатта, ҳазоралар моддий ўлчовлар, саноқлар ва масофалар билан ёки ейиш, ичиш ва кийиш каби моддий фаровонлик билан бир-бирига солиштирилмайди. Балки у худди урушларда бўлганидек, инсоният тарихида қолдирган изи билан муқояса қилинади. Уруш ҳам маърака майдонининг (фронт чизиғининг) кенглиги ёки иштирокчиларнинг адади билан ўлчанмайди. Қадим ва ўрта аср тарихларидаги ҳал қилувчи урушлар агар иккинчи жаҳон уруши билан қиёсланса, қўшин адади ва урушиш воситалари жиҳатидан арзимас урушларга айланиб қолади. Лекин улар ҳанузгача тарихда чуқур из қолдирган, аҳамиятли урушлардан саналади. Масалан, Кони урушида машҳур Карфаген саркардаси Ганнибал римликларни мағлубиятга учратгани Оврўпанинг ҳарбий мактабларида ўргатиб келинади. Ёки Холид ибн Валиднинг Ироқ ва Шомни фатҳ этиши ҳанузгача ғарб ҳарбийлари тарафидан ўрганилади ва уларни ҳайратга солади. Булар ҳарбий футуҳотлар тарихининг олтин саҳифалари саналади. Қадимий бўлиши билан бирга Кони, Бад, Қодисийя ва Хиттин урушлари тарихда ҳал қилувчи маъракалар сифатида танилган.
Ислом Ҳазораси (3)
Аҳмад Муҳаммад Мубашшир Аҳмад
Дарҳақиқат, Ислом ҳазораси инсоний ривожланиш тарихида муҳим рол ўйнаган. У ақида, илм, ҳукм, фалсафа, санъат, адабиёт ва бошқа майдонларда ўзидан кейинги ҳазоралар етолмаган, таъсирли ва чексиз қийматли из қолдирган. Бу нимада акс этган? Унинг қандай аҳамияти бор?
Барҳаёт Ислом ҳазораси изларини бешта асосий майдонда умумлаштириш мумкин:
Биринчиси – ақида ва дин майдонида. Оврўпада еттинчи асрдан то янги уйғониш давригача юзага келган диний ислоҳ ҳаракатларида исломий ҳазора асосларининг чуқур изи бўлган. Зеро, Аллоҳнинг бирлигини, Унинг ҳукмронликда танҳолигини, тажассум, зулм ва нуқсондан холи эканини эълон этган, Исломнинг, шунингдек, инсоннинг ибодатда, Аллоҳга боғлиқликда ва Унинг шариатини «дин кишилари» воситачилигисиз тушунишда мустақил эканини эълон этиши миллатлар онгининг ушбу кучли ва ажойиб асослар томонга йўналишида катта омил бўлди. Ўша кунларда халқлар шиддатли мазҳабий кураш ва фикрларида, ўйларида, мол ва баданларидаги дин кишиларининг ҳукмронликларига итоат занжирларида банди эдилар! Табиийки, Исломнинг Шарқ ва ғарбдаги футуҳотлари қўшни миллатларнинг ҳамма нарсадан олдин ақида асосларида таъсирланишларига олиб келди.
Бу таъсир амалда рўй бериб, еттинчи милодий асрда ғарбликлар орасида суратларга ибодат қилишни инкор этувчилар пайдо бўлди. Бундан кейин эса Аллоҳ ва бандалари ўртасидаги воситачиликни инкор этадиганлар юзага чиқди. Улар «Муқаддас китоблар»ни тушунишда дин кишиларининг ҳукмронлиги ва назоратидан чиқишга, яъни мустақилликка даъват қилардилар. Кўпгина тадқиқотчилар Лютер ўзининг ислоҳий ҳаракатида мусулмон файласуфлари ва уламоларининг дин, ақида ва ваҳий тўғрисидаги фикрларидан таъсирланганини таъкидлашади. Оврўпа университетлари ҳалигача ўша замонларда лотинчага таржима қилинган мусулмон файласуфларининг китобларига таянишади. Франса инқилобида эълон этилган дин ва давлат ўртасини ажратиш ҳаракатини Оврўпада уч ва ундан кўпроқ аср ҳукм сурган кучли фикрий ҳаракатлар меваси, дея таъкидлаш мумкин. Салб ва Андалус урушлари орқали бу ҳаракатларнинг кучайишида Ислом ҳазорасининг ҳам хизмати бор.
Иккинчиси – фалсафа ва тиб, риёзиёт, кимё, жуғрофия ва фалакшунослик каби илмлар майдонида. Оврўпа Ислом олим ва файласуфларининг овозидан уйғонди. Улар бу илмларни Ишбилийя (Севилья), Қуртуба (Кордова), ўарнота (Гранада) ва бошқа шаҳарлардаги масжидларда ўргатдилар. ғарбнинг илк йўлбошчилари мадрасаларимизга қаттиқ қизиқиш ва қизғин муҳаббат билан қарардилар. Бу мадрасаларда эшитилган илмлар шу даражадаги эркинлик муҳитида бўлардики, бундай ҳолатни улар ўз мамлакатларида асло кўрмасдилар. Уламоларимиз ўз илмий давраларида, муаллафотларида ернинг айланиши, унинг юмалоқлиги, фалак ва самовий жисмларнинг ҳаракатланиши ҳақида сўзлаб турган бир вақтда оврўпаликларнинг ақллари ана шу ҳақиқатларнинг барчаси тўғрисида хурофот ва ваҳималарга лиммо-лим тўлганди.
Шу туфайли ғарбликларда арабчадан лотинчага таржима қилиш ҳаракати бошланди. Ислом уламоларининг китоблари ғарб университетларида ўқитила бошланди. Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги «Ал-қонун» китоби ўн иккинчи асрда таржима этилганди. Шунингдек, Ар-Розийнинг «Ал-ҳовий» китоби ҳам ўн учинчи аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Оврўпа университетларида тиббиёт дарсларининг асоси сифатида ўн олтинчи асргача ўқитиб келинди.
Аммо фалсафа китоблари бундан ҳам узоқ ўрганилди. ғарб юнон фалсафасини фақатгина исломий муаллафот ва таржималардан таниди. Шу боис кўпчилик инсофли ғарбликлар ўрта асрларда, олти юз йилдан кам бўлмаган муддат мобайнида мусулмонлар Оврўпанинг устози бўлганини эътироф этишади. Аллома Густав Лубон айтади: «Араб китобларининг таржимаси, хусусан, илмий китоблар, ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби баъзи илмларда мусулмонларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди. Дарҳақиқат, Ибн Синонинг китоблари Монбилияда ўтган асрнинг охирларида таржима қилинди». Бу олим яна дейди: «Рожер Бэкон, Леонард Албези, Арно Алфифуфи, Ремон Лол, Сан Тома, Катта Алберт ва бошқалар фақат мусулмон олимларининг китобларига ишонганлар». Мсье Ренон дейди: «Албатта, катта Алберт Ибн Синога, Сан Тома эса ўз фалсафасида Ибн Рушдга қарздор». Шарқшунос аллома Седийо айтади: «Ўрта аср ҳазораси байроғини мусулмонларнинг ўзлари кўтариб, шимол қабилаларининг Оврўпани титратган варварлигини мағлуб этди. Улар «барҳаёт юнон фалсафасининг манбалари» бўлиб қолдилар. Улар ўзлари эришган маърифат хазиналари олдида тўхтаб қолмадилар, балки уни кенгайтирдилар, табиатни ўрганиш учун янги эшиклар очдилар». Яна дейди: «Мусулмонлар астрономия билан шуғулланган пайтда барча риёзиёт илмига ўзгача эътибор бердилар. Улар бу борада улоқни илиб кетдилар. Улар бу борада ҳақиқатда устоз эдилар». У яна дейди: «Агар биз лотиннинг арабдан ўзлаштирган нарсасини ўрганадиган бўлсак, бошланишидаёқ қуйидагиларни топамиз: «Силвестер иккинчи» номи билан поп бўлган Герберт 970-980 йиллар мобайнида Андалусда ўрганган риёзий билимларини бизга киритди. Асли инглиз бўлган Ухилард 1100-1128 йиллар мобайнида Андалус ва Мисрни кезиб чиқди. Арабларнинг ўзи билмаган Иқлидиснинг «Ал-аркон» китобини таржима қилди. Афлотун Аттеқули Тозусиюснинг «Ал-укар» китобини, Рудолф Алберти эса Батламиуснинг «Маъмур ер жуғрофияси» китобини таржима этди. Леонард бўлса, 1200 йилда «Ал-жабр» тўғрисида рисола ёзди. XIII асрда Кайнонус Аннабри Иқлидиснинг китобини шарҳлаган ҳолда таржима қилди. Қийталеон Полони Ҳасан ибн Ҳайсамнинг «Басарийот (оптика)» китобини ҳам ана шу асрда ўз тилига ўгирди».
Яна шу асрда Герард де Кремано ҳақиқий, мустаҳкам фалак илмини Батламиуснинг «Ал-мажисий» ва унга Жобирнинг шарҳини ўгириб нашр қилди. 1250 йилда Азфўнш Қаштоли ўзининг исми билан номланган фалакий (маълумотнома, тақвим) зижларни нашр этишга амр қилди. Агар Рожер биринчи Ситсилияда араб илмларини таҳсил олишга, хусусан, Идриснинг китобларини ўқишга тарғиб қилган бўлса, император Фредерик Иккинчи эса мусулмон илм ва адабиётига ташвиқ этишда ундан ортда қолгани йўқ эди. Ибн Рушднинг авлодлари ана шу императорнинг саройида яшашар, унга ўсимлик ва ҳайвонот тарихини ўргатишарди».
Хумболд ўзининг коинот ҳақидаги китобида шундай дейди: «Кимёвий доришуносликни топганлар – мусулмонлардир. «Солирим» мадрасаси қабул қилиб, кейинчалик Жанубий Оврўпага ёйилган илк ҳикматли тавсиялар ҳам араблардан келган. Шифо фанининг асослари бўлган доришунослик ва тиб бир вақтнинг ўзида, лекин икки хил йўл билан наботот ва кимё илмини ўрганишга олиб борди. Мусулмонлар боис бу илмнинг янги замони бошланди. Уларнинг наботот оламидаги тажрибаси Зелфоридес ўт-ўланларига яна икки минг ўсимликнинг қўшилишига ва дорихоналарни юнонлар умуман билмаган бир неча ўт-ўлан билан бойишига олиб келди».
Седийо Мовароуннаҳрнинг икки улуғ олими Розий ва Ибн Сино ҳақида шундай дейди: «Улар ўз китоблари билан ғарб мадрасаларида жуда узоқ муддат ҳукм суришди. Ибн Сино Оврўпада табиб сифатида танилди. У Оврўпа мадрасаларига тақрибан олти аср ҳукмронлик қилди. Беш қисмдан иборат «Ал-қонун» китоби таржима этилди ва бир неча бор босилди. У китоб Франса ва Италия университетларида изланишлар асоси ҳисобланади».
Учинчиси – луғат ва адабиёт майдонида. ғарбликлар, хусусан, испан шоирлари мусулмон адабиётидан жуда қаттиқ таъсирланганлар. ғарб адабиётига мардлик, ботирлик, мажоз, гўзал бадиий образлар алалхусус, Андалусдаги араб адабиёти орқали кириб келди. Машҳур испан ёзувчиси Апониз айтади: «Оврўпа араблар Андалусга келишидан, мардлик ва қаҳрамонлик жануб ўлкаларига ёйилмасдан олдин мардликни билмасди, унинг одат тусига кирган одобларини ва қаҳрамонликларини риоя қилмасди». ғарблик адибларнинг ана шу асрларда мусулмон олами ва унинг адабиётидан таъсирланиш кўламининг катталигига Дўзининг Ислом ҳақидаги китобида испан ёзувчиси ўоронинг рисоласидан келтирган нақли далолат қилади. Мазкур ёзувчи лотин ва юнон тилларига бепарволик қилиб, мусулмонларнинг тилига эътибор билан қаралганига жуда ҳам ачинади ва шундай дейди: «Заковат ва завқ арбобларини араб адабиётининг таъсири сеҳрлаб қўйган, улар лотинчани назар-писанд қилмайдилар. Бошқанинг эмас, балки ўзларини мағлуб этганнинг тилида ёзадилар». У қаттиқ таассуф билдириб шундай ёзади: «Менинг масиҳий биродарларим араб шеър ва қиссаларига маҳлиёдирлар. Улар мусулмон файласуф ва фақиҳлари ёзган китобларни ўқиб-ўрганадилар. Улар буни китобларнинг нотўғрилигини исбот этиш ёки раддия қилиш учун эмас, балки фасоҳатли арабий услубдан иқтибос олиш учун қилишади. Дин кишиларини ҳисобга олмаганда, бугун Таврот ва Инжилнинг диний тафсирларини ўқувчи киши қайда? Инжилларни, расул ва анбиёларнинг саҳифаларини ўқувчилар бугун қаерда қолишди? Воҳ, афсус! Закий масиҳийлардан ўсиб келаётган авлод араб адабиёти ва тилидан бошқа бир тил ёки адабиётни билмайди. Улар араб китобларига берилиб кетадилар, қиммат баҳоларда харид қилиб, катта кутубхоналарга жамлайдилар. Ҳар ерда уларнинг заҳираларини (қимматбаҳо асарларини) мақтаб тараннум этадилар. Бир вақтнинг ўзида масиҳийлик китобларига қулоқ осишдан «улар илтифот этишга ҳақли эмас», деган баҳона билан ҳазар қиладилар. Эҳ, афсус! Масиҳийлар тилларини, албатта унутдилар. Бугун уларнинг ҳар минггидан битта ҳам дўстига мактуб ёза оладиганини тополмайсан. Аммо араб тилида эса кўплари гўзал услубда таъбир этишни ўрнига қўядилар. Улар бу тилда шундай шеър ёзадиларки, нафосат ва гўзаллиги билан араб шеъриятининг ўзидан ҳам ўтади».
Ўн тўртинчи ва ундан кейинги асрларда Оврўпанинг адабиёт даҳолари ҳеч шубҳасиз ўз қисса ва адабларида араб адабиёти таъсирида бўлганлар. 1349 йили Бокаччо ўзининг «Декамерон» деб номланган китобини «Минг бир кеча» изидан бориб ёзди. Ундан, шунингдек Шекспир, «Ибрат хотималар билан бўлади» пьесасига мавзуни иқтибос қилади. Яна бир олмон адиби Лессинг ҳам «Доно Натан» пьесасини ана шу асардан ўзлаштирган.
Инглиз тилидаги янги шеърият раҳнамоси Шосер ўз замонасида Бокаччодан ўзлаштирганларнинг энг каттаси бўлган. У билан Италияда учрашган бўлиб, ундан кейин «Кантраберри ҳикоялари» номли машҳур қиссаларини ёзган.
Данте бўлса, кўпгина танқидчиларнинг таъкидлашича, охират оламига саёҳатни тавсифлайдиган «Илоҳий комедия»сида Мааррийнинг «Ал-ўуфрон» рисоласидан, жаннат васфида эса Ибн Арабийдан таъсирланган. Бунинг сабаби у исломий ҳазорага ва уни арабча манбадан ўрганишга ошифта, шайдо император Фредерик Иккинчи замонида Ситсилияда турганлигидир. У ва Данте ўртасида Арасту мазҳаби борасида баъзи ўринларда арабий аслга таянилган мубоҳаса кечган. Данте Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сийратларидан анчагина хабардор бўлган. Бундан Исро ва Меърож қиссаси ҳамда само васфи билан танишиб чиққан.
Петрарка эса Италия ва Франсадаги араб ҳазораси асрида яшади. Монбилия ва Париж университетларида таълим олди. Бу икки университет араб муаллафотларига биноан барпо бўлган Андалус жомеа (университет)ларининг шогирдлари саналарди.
Оврўпа қиссаси вужудга келиш онларида ўрта асрларда арабларда бўлган қиссачилик фанларидан таъсирланган. У фанлар мақомчилик, қаҳрамонлик хабарлари, шон-шараф ва ишқ йўлидаги йигитларнинг саргузаштларидир. «Минг бир кеча» ўн иккинчи асрда Оврўпа тилларига таржима қилингач, бу борада унинг таъсири жуда катта бўлди. Ҳатто у ўша пайтдан бери ҳозиргача Оврўпа тилларининг барчасида уч юз марта чоп этилган. Бир неча оврўпалик мунаққидларнинг фикрича, «Свифт» саёҳатларини ёзган Жонатан, «Робинзон Крузо» саргузаштларини ёзган Дефо «Минг бир кеча», Хайй ибн Якзоннинг «Рисола»си ва араб файласуфи Ибн Туфайлдан қарздордирлар.
«Минг бир кеча»нинг бунчалик ҳаддан ортиқ кўп нашр этилиши ғарбликларнинг уни ўқишга эътибор берганликларига ва бу ўз-ўзидан ундан таъсирланганликларига далил эканига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Ҳаётнинг турли соҳаларида ишлатиладиган Оврўпа тилларига кириб қолган арабча сўзларни эслатиб ўтишимизга ҳожат бўлмаса керак. Ҳатто баъзи сўзлар худди араб тилидагидек бўлиб қолган. Қутн (пахта), ҳарируд-дамашқий (дамашқий ҳарир), миск, шароб, жарра (кўза), лимон, сифр (нол) ва булардан бошқа сон-саноқсиз сўзлар шулар жумласидандир.
Тўртинчиси – қонунчилик майдонида. ғарблик талабаларнинг Андалус ва бошқа ерлардаги исломий мадрасалар билан боғлануви фиқҳ ва қонуншуносликка оид ҳукмлар мажмуининг ўз тилларига кўчишида катта рол ўйнади. Ана шу пайтда Оврўпада мустаҳкам низом ва одил қонунлар бўлмаганди. Ҳатто Наполеоннинг Мисрдалик даврида моликий фиқҳидаги энг машҳур китоблар француз тилига таржима қилинди. Бу китобларнинг илкларидан «Халил китоби» бўлиб, у француз фуқаролик кодексининг мағзи (асоси) бўлган. Кодекс моликий фиқҳи ҳукмларига ниҳоятда ўхшаш бўлган. Аллома Седийо айтади: «Африка араблари билан алоқаларимизда, алалхусус, назаримизни тортган нарса – моликий мазҳаби бўлди. Франса ҳукумати доктор Беренга 1422 йилда вафот этган Халил ибн Исҳоқ ибн Яъқубнинг фиқҳга доир «Китобул мухтасар»ини французчага таржима қилмоқни топширди».
Бешинчиси – давлат тушунчаси ва халқнинг ҳукумат билан алоқаси борасида. Қадим ва ўрта аср олами халқнинг ҳокимлар фаолиятини назорат қилиш ҳуқуқини инкор этарди. Шунингдек, у билан ҳоким ўртасидаги алоқани қул билан хўжаси ўртасидаги алоқадек қилишарди. Мамлакат подшоҳнинг хос мулки саналар, бошқа моллари мерос қилиб олинганидек, у ҳам меросхўрларига ўтарди. Ҳоким мутлоқ хўжайин бўлиб, халққа нисбатан хоҳлаган ишини қиларди. Мана шунинг сабабидан амирнинг тахтдаги ҳиссасини талаб қилиб ёки қариндош-уруғлар мероси тўғрисида келишмовчилик учун бир давлат билан бошқаси ўртасида уруш чиқишини оқлашарди!
Урушувчи миллатлар ўртасидаги алоқага келсак, ғолиб мағлубнинг қўлидаги бор нарсани ватани, моли, обрўси, ҳуррияти ва иззатини мусодара қиларди. Ҳолат то Ислом ҳазораси барпо бўлгунча шундай давом этди. У эълон этган принциплари ичида албатта халқ ўз ҳокимларини назорат қилиш тўғрисида ҳақ соҳиби эканлиги ҳам бор эди. Чунки ҳокимлар халқ манфаатларини ва омонатни ҳимоя қилувчи виждонли кимсалардан фарқланмайдилар. Бу тўғрида тарихда биринчи марта халқ ичидан бирор киши чиқиб, ҳокимидан нима кийишини, қаердан келганини суриштириши воқъе бўлди. Бунинг учун у ўлимга ҳукм қилинмайди, қамоққа судралмайди ва сургун этилмайди. Тоинки, у ва одамлар қаноат ҳосил қилиши учун ҳоким унга ҳисоботини тақдим этади. Тарихда биринчи марта ҳоким ўзини халқнинг қароли эканини, ихлос ила унга хизмат қилиши ва қаролга лозим бўлганидек, унга ҳам самимият лозим эканини эътироф этди.
Исломий ҳазора эълон этганлари ичида буни ҳам маълум қилди ва кейинчалик ҳаётга татбиқ этди. Булар ҳуррият ва англаш насимлари бўлиб, кейин исломий жамиятга қўшни миллатлар устида ҳам эсди. Бундан бу миллатлар безовталанди, сўнг ҳаракатланди, кейин қўзғолиб, озод бўлди. Оврўпада бўлган нарса мана шудир.
ғарбликлар салб урушларида Шом мамлакатларига келдилар ва бундан олдин ҳам Андалус халифалиги мамлакатларида гувоҳ бўлганларидек, халқлар ҳокимини назорат қилаётганини, ҳокимлар ҳам халқидан бошқанинг назоратига бўйсунмаётганликларини кўрдилар. Шунда ғарблик подшоҳлар араб ва мусулмон подшоҳларнинг халқ мажмуидан ўзга ҳар қандай табақа ҳукмронлигидан озод эканлиги билан ўзларининг Рум ҳукмронлигига тобеликлари ва Румнинг диний ҳокимлигига бўйсунишдан бош тортсалар, қувғинга учраш ва амалдан маҳрум бўлиш қўрқинчини солиштириб кўрдилар. Кейинчалик бўлган француз инқилоби Ислом ҳазораси бундан ўн икки аср олдин эълон этганидан ортиқ принципларни эълон қилолмади!
Яна ҳазора эълон қилган (принцип) тамойиллардан урушлардаги аҳдномаларни эҳтиром қилиш, ақидаларга риоя этиш, ибодатхоналарни эгаларига қолдириш ва одамларнинг ҳуррияти ва ҳурматларини кафолатлаш мағлуб халқларда унинг ҳукмига иззат ва ҳурмат руҳини қўзғади.
ғарбликлар ўрта асрларда Ислом ҳазораси билан Шом мамлакатлари ва Андалус орқали алоқа қилишган. Алоқа қилмасларидан олдин подшоҳнинг дин бошлиғига исёнини, халқнинг эса подшоҳга итоатсизлигини билишмасди. Ҳокимдан ҳисобот сўраш ёки мазлумга ёрдам қўлини чўзишни ўз ҳақ-ҳуқуқларидан, деб билмасдилар. Баъзилари баъзилари билан ақида ва мазҳаб борасида келишолмай қолган пайтда қассоб қўйни сўйгандек бир-бирларини бўғизлашганди! Ислом олами билан алоқаси бошланган вақтдан уларда уйғониш, қўзғолиш бошланди. Шундан сўнг улар ҳурриятга эришдилар.
————————————————————————————————————–
Ислом Ҳазораси (4)
Аҳмад Муҳаммад Мубашшир Аҳмад
Барҳаёт Ислом ҳазорасини бошқа ҳазоралардан фарқлантириб турган инсонийлик хусусиятига эътибор бермай илож йўқ. Зеро, бу хусусият инсониятни адоват, нафрат, тафриқа ва миллатчилик муҳитидан муҳаббат, марҳамат, ўзаро ёрдам, Аллоҳ ва қонун олдида баробарлик муҳитига олиб чиқди. Жамият вужудини ирқни ирққа, тоифани тоифага ёки миллатни миллатга афзаллигидан бирор асар бўлмаган тенглик – баробарликка йўллади. Бу ўзига хослик ҳазоранинг асосларида, қонунларида ва воқелигида ёрқин намоён бўлади. Инсоний ўзига хослик асосларини Ислом ўз пайтида шундай эълон этди: «Эй инсонлар! Сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз!» (Нисо сураси, 1-оят). Гарчи кейинчалик одамлар миллатларга, қабилаларга, шаҳарларга ва жинсларга ажраган бўлса ҳам, башар гўё бир уй, бир ота ва бир онадан тарқаган оға-иниларга ўхшайди. Шундай бўлгач, уларнинг ирқ ва юртдаги фарқланишлари эзгулик учун ўзаро ёрдам, танишув ва учрашув йўли томон олиб боради. Мана шундан абадий инсоний қонуният келиб чиқди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст, биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Шундан сўнг ҳаёт баъзи шахсларнинг мартабасини кўтариб, бошқаларникини ерга урди. Бир тоифани бой қилиб, кўпларни фақир қилди. Бир одам ҳоким бўлиб, халқ унга бўйсунди. Баъзи қавмларнинг танаси оқ бўлса, бошқа миллатларнинг ранги қора бўлди.
Гарчи бу ҳаётнинг ўзгармас қонунияти бўлса-да, лекин мартабаси баланд тубандагидан, бой камбағалдан, ҳоким раиятдан, оқ рангли ранги қорадан фарқ этиши мумкин эмас. Балки ҳамма баробардир. Улар одамияти, инсонияти тўғрисида Аллоҳ ҳузурида тенгдир. Ўрталаридаги фарқ фақатгина тақвода бўлади. «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Улар қонун олдида, унга бўйсунишликда ҳам баробардирлар. Улар ўртасида фақат ҳақиқат бўлсагина айирма бўлади. «Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала сураси, 7-8-оятлар). Улар жамият вужудида ҳам баробардирлар. Кучлилари заифларини, жамоа эса шахснинг ҳолатини тушунади. «Мўминларнинг ўзаро муҳаббат ва марҳаматдаги мисоллари бир жасаднинг мисолига ўхшайди. Агар ундан бирор аъзо шиква қилса, бошқа аъзолар иситма ва бедорлик билан унга ҳамдард бўладилар».
Ислом одамлар ўртасида бир ота-онадан бўлган оға-иниларники каби инсоний бирликни эълон этишда худди шу тарзда йўл тутди. У жамиятдаги ижтимоий бирликни дарахтга ўхшатдики, агар шамол эсса, тепадагими, пастдалигидан қатъий назар, барча шохлари қимирларди. Шу ўринда Қуръоннинг инсонларга асл инсоний бирликларини эслатиб турадиган ушбу: «Эй инсонлар… Эй Бани одам!» деган лафзлар билан кўп маротаба хитоб қилганини, шунингдек, бир дин фарзандларини миллати, тоифасини ажратмай, «Эй имон келтирганлар… Эй мўминлар!» дея чақирганини мулоҳаза этиб ўтишимиз фойдадан холи эмас.
Ислом ҳазораси қонунчилигидаги инсоний ўзига хосликни шариат бобларининг ҳар бирида аниқ сезасиз. Намозда одамларнинг барчаси Аллоҳнинг олдида баробар туради. Унда подшоҳ, ё улуғ, ё олим учун махсус макон ажратилмайди. Рўзада одамлар бир хил даражада очликни бошдан кечирадилар. Уларнинг ораларидан амир, ё бой, ё шариф истисно қилинмайди. Ҳажда одамлар бир хил кийим кийишади. Бир хил жойда туришади. Бир хил ибодатни адо этишади. Бу борада ҳамма баробар, кучли ва заиф, ашроф ва омманинг фарқи йўқ. Бундан фуқаролик кодекси қонунларига ўтадиган бўлсангиз, одамлар ўртасидаги алоқаларда устивор қонуният – ҳақиқат эканини, қонунчиликдан кўзланган ғараз – адолат эканини, ҳар қандай эзилган ва мазлум учун қонун қўлидаги байроқ – зулмни даф этиш эканини кўрасиз. Ундан жиноят кодексига ўтсангиз, жиноят қилган ҳар қандай кишига жазо бир хил эканини кўрасиз. Ким ўлдирса, ўлдирилади. Ким ўғирласа, жазоланади. Ким ҳаддан ошса, адаби берилади. Қотил олим ё жоҳил бўлишининг, мақтул амир ё деҳқон бўлишининг фарқи йўқ. Ёки тажовузкор мўминларнинг амири ё тўқувчи эканининг, тажовуз қурбони ажам, ё араб, шарқлик, ё ғарблик эканининг эътибори йўқ. Ҳаммаси қонун назарида баробардир. «(Эй мўминлар) сизларга ўлдирилган кишилар учун озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан қасос олиш фарз қилинади» (Бақара сураси, 178-оят).
Одамларнинг барчасига динлари, ирқлари, рангларидан қатъий назар инсоний мукаррамликни исбот этган пайтда шариат бундан ҳам юксакликка кўтарилди. «Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз ва мукаррам қилдик» (Ал-Исро сураси, 70-оят). Одамларнинг ҳаёти, эътиқоди, илм олиши ва умр кечиришдаги барча ҳуқуқларига кафил бўлган бу ҳурмат уларнинг барчаси учун баробар эди. Одамларнинг ҳаммасига истисносиз бир хил даражада кафил бўлиш давлатнинг мажбурияти эди. Инсонларни мукофотлаш ва жазолаш асослари уларнинг зоҳир амалларига қараб эмас, балки ниятларига қараб бўлишини эълон қилган пайтда шариат инсоний юксакликнинг бундан ҳам юқори чўққисига кўтарилди. «Албатта, Аллоҳ сизларнинг суратларингизга эмас, балки қалбларингизга қарайди». Демак, жазолаш ва мукофотлаш боиси ният экан. «Албатта, амаллар ниятлар биландир. Ва ҳар бир киши нимани ният қилган бўлса, шу бўлади». Аллоҳнинг ҳузурида мақбул ният бу – яхшилик, одамларга манфаат етказиш ва ҳеч қандай моддий ғараз ёки тижорий фойдани кўзламай, Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган ниятдир. «Парвардигорингизга ибодат қилиб, яхшилик қилингиз – шоядки, нажот топсангизлар» (Ҳаж сураси, 77-оят).
Аллоҳнинг розилигини тилаб қилинган бу яхшиликка ундан наф кўрган кишидан яхшилик ва ҳақ талаб қилмоқ дуруст эмас. «Ва таомни суюб-хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар. (Улар айтурлар): «Бизлар сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз – кутмасмиз» (Инсон сураси, 8-9-оятлар). Аллоҳга ибодат қилиш, коинот қонунларига бўйсунишда инсон, ҳайвон, жонли-жонсиз, ер ва фалаклардан иборат оламларнинг бирлигини тасдиқлаганда, шариат инсоний ўзига хосликнинг энг юқори чўққисига етди. Қуръон мусулмондан намозининг ҳар ракатида: «Ҳамду сано бутун оламлар Хожаси, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ учундир», деб зикр қилмоқни талаб этиши қандай ҳам гўзал! Уни мусулмон ҳар бир намозида зикр қилиши керак. Зеро, у коинотнинг бир бўлаги, том ва шомил раҳмат ила тавсифланган якка Илоҳнинг махлуқи.
Булар Ислом ҳазораси ва шариатининг асослари, одамларга эълон қилинган пайтдаги инсоний ўзига хосликнинг кўринишлари эди. Ундай бўлса, Ислом ғолиб бўлиб, ҳукм юргизган пайтда воқеълик қандай бўлган?
Араб Абу Зарр Ғифорий билан Абу Бакрнинг (розияллоҳу анҳу) қуллари, қора ҳабаший Билол низолашиб қолишди. Абу Зарр ва Билол Исломга ва унинг пайғамбарига имон келтирган саҳобалардан эдилар. Ўрталаридаги низо кучая бориб, Абу Заррни ғазаб эгаллаб олди ва Билолга: «Эй қоранинг боласи!» дедилар. Билол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ Абу Заррга дедилар: «Сен уни онаси билан камситдингми? Сен жоҳилият (одатлари) бор киши экансан!» Абу Зарр жоҳилиятни фақат ёшларда бўладиган ахлоқий, шаҳвоний бузилиш, деб ўйлаб: «Ёшим ўтган ушбу соатда-я?» дедилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: «Ҳа, улар биродарларингиз». Абу Зарр пушаймон бўлиб, тавба қилдилар. Тавба ва пушаймонликда муболаға этиб, ҳатто Билолга юзларини босмоқликни буюрдилар.
Пайғамбар (с.а.в.) замонларида Бани Махзумдан бўлган бир аёл ўғирлик қилди. Жазоси берилиши учун уни Расулуллоҳнинг олдиларига келтиришди. Бу ҳол Қурайшни хафа қилди ва: «Расулуллоҳнинг ундан ҳадни бекор қилишларига ким шафеъ бўлади?» дейишди. Шунда Расулуллоҳнинг қалбларига маҳбуб бўлган Усома ибн Зайдни эслаб қолишди. Унга Расулуллоҳнинг ҳузурларида шафеъ бўлишни топширишди. Бу ҳақда Расулуллоҳга сўзлаганларида, у зот жуда қаттиқ ғазабландилар ва Усомага: «Сен Аллоҳнинг ҳадларидан бўлган ҳадга шафеъ бўласанми?!» дедилар. Сўнг туриб, одамларга қарата шундай хитоб қилдилар: «Дарҳақиқат, сизлардан олдин ўтган умматлар агар ўзларидан бир обрўли киши ўғрилик қилса, кечиришар, аммо заиф, ночор одам ўғри бўлса, унга ҳадни ижро қилишарди ва улар шу сабабдан ҳалокатга учрашди. Аллоҳга қасамки, агар Муҳаммаднинг қизи Фотима ўғрилик қилганда ҳам, унинг қўлини кесган бўлардим».
Қайс ибн Матотийя (бу одам мунофиқ эди) Салмон Форсий, Суҳайб Румий ва Билол Ҳабаший бўлган халқага келди. Ва: «Авс ва Хазраж манави одамга (Муҳаммад соллалоҳу алайҳи ва салламга) мадад берди. Бу тушунарли-ку, аммо анавиларнинг нима иши бор?» деди. (Яъни, Салмон, Суҳайб ва Билолни назарда тутганди). Шунда Маоз ибн Жабал ўрниларидан туриб, унинг ёқасидан олдилар-да, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) олдиларига олиб келдилар ҳамда унинг айтганларини сўзлаб бердилар. Расулуллоҳ ғазабланган ҳолда ўринларидан турдилар ва тўнларини йиғиштириб масжидга келдилар. Сўнг масжидда «Намоз жамлагувчи» дея нидо қилинди. (Бу сўз билан жамоатни йиғиш учун ва икки ийдга нидо қилинар эди.) Пайғамбар алайҳиссалом одамлар тўғрисида хутба қилдилар ва: «Эй одамлар, албатта Парвардигор бирдир, ота бирдир ва дин бирдир», дедилар.
Кунлардан бир кун Адий ибн Хотам Тоий Мадинага келди. У ҳали Исломга кирмаган эди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир мажлисларида иштирок этди. У зотнинг атрофларида ғазотларнинг биридан қайтган асҳоблари ўтиришарди. Улар кенг совутлар кийиб олишганди. Адийни саҳобаларнинг пайғамбарларига бўлган ҳайбат, эҳтиромлари ажаблантирди. У шундай кайфиятда турган пайтда Мадина аёлларидан камбағал бир хотин Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) олдиларига келди ва: «Ё Расулуллоҳ, мен сизга бир сир айтмоқни истайман», деди. Расулуллоҳ унга: «Ўйлаб кўр-чи, Мадинанинг қайси кўчасида сен билан холи бўлишим маъқул?» дедилар ва сўнг у билан чиқиб кетдилар. Анча вақт туриб, унинг сўзини эшитдилар, кейин қайтдилар… Адий бу ҳолатни кўргач, Расулуллоҳдаги инсонийликдан уни чуқур ҳаяжон қамраб олди ва мусулмон бўлди.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йигирма бир йил давом этган курашдан кейин Маккани фатҳ қилганларида, у зотга қарши курашган, ватанларидан чиқарган ва такзиб этганларга нисбатан ғолиблик мақомини олганларида ҳам, Макка кўчаларида яширин юрган кунларида, сўнгроқ эса Мадинада ҳоким ўлароқ барҳаёт ҳазора биносига асос қўяётган онларида чиқарган даъват ва асосларини эсладилар. У зот Каъба эшиги олдида турган ҳолларида гапирганларида, кибрли ва золим ижтимоий фарқланишлар соҳиби бўлган Қурайш ушбу сўзларни эшитди: «Эй Қурайш жамоаси, Аллоҳ сизлардан жоҳилият ғурурини ва аждодларни улуғлашни кетказди. Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдан халқ қилинган».
Сўнг нусратга эришмасдан олдин даъват қилганлари – Аллоҳ таборака ва таолонинг ушбу оятини тиловат қилдилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сура, 13-оят).
Абу Бакр (р.а.) замонлари. Бу зот инсоният қалби ва руҳиятини тўлдирадиган мутавозеъ раис мисоли эдилар. Халифа бўлганлари ҳолда оталарини урушда йўқотган қизларнинг олдига келдилар ва шундай дедилар: «Халифалик олдин одатланган хулқимни ўзгартириб юбормайди, деб умид қиламан».
Умар (р.а.) эса халққа эътиборли, заифларга яхшилик қилувчи, ҳақиқат борасида қаттиққўл ва одамларнинг барини баробар кўрадиган халифа эдилар. Умар (р.а.) одамларга бериш учун ўзларини маҳрум қилар ва улар тўйишлари учун оч қолар эдилар. Одамларнинг уйларидан, манзилларидан хабардор бўлиб турардилар. Бунинг қиссалари маълум ва машҳурдир:
Бир кун бозорда садақа сўраётган ёши улуғ қарияни кўрдилар ва: «Эй шайх, нима қилаяпсан?» деб сўрадилар. Қария: «Мен ёши улуғ қарияман, жизя ва нафақа сўраяпман», деди. У Мадина аҳолисидан бўлган яҳудий эди. Умар (р.а.) буюк инсоний хислат эгаси эдилар. Шундан унга: «Эй шайх, биз сенга инсоф қилмадик. Ёшлигингда сендан жизя олиб, қариганингда ташлаб қўйдик», дедилар-да, унинг қўлидан ушлаб уйига олиб бордилар. Унга зарур миқдорда озиқ-овқат тайин этдилар ва Байтул-мол хазиначисига: «Бу ва бунга ўхшашларнинг ўзи ва аҳлига етарли миқдорда маблағ ажрат», деб одам юбордилар.
Бир марта Умар (р.а.) Мадина кўчаларида юргандилар, озғинликдан тўзиб кетган қизчани кўриб қолдилар. Қиз бир турар, бир йиқиларди. Шунда Умар (р.а.): «Бу қизалоқнинг айби нима?! Гуноҳи не?! Қайси бирингиз бу қизчани танийсиз?» дедилар. Ўғиллари Абдуллоҳ: «Танимадингизми, эй мўминларнинг амири?» деганда, у киши: «Йўқ», дедилар. Абдуллоҳ айтдилар: «Бу – қизларингиздан бири!»
– Бу қайси қизим?
– Умарнинг ўғли Абдуллоҳнинг қизи Фалона.
– Эссиз, бу ҳолга тушишига нима сабаб бўлди?
– Сиздаги нарса бундан тўсиб қўйди.
– Аллоҳга қасамки, менда мусулмонларникичалик ҳаққингдан бошқа нарса йўқ. Бу – мен ва сизнинг ўртангиздаги Аллоҳнинг китоби (фарзи)дир.
Мадинага тижоратчилар карвони келди. Унда аёллар ва болалар ҳам бор эди. Умар (р.а.) Абдураҳмон ибн Авфга (р.а.): «Бу кеча уларга қўриқчилик қиласизми?» дедилар. Уларни қўриқлаб кеч киритишди. Аллоҳ фарз этган намозларини ўқишди. Шунда Умар (р.а.) бир гўдакнинг йиғисини эшитдилар ва у томон юрдилар. Унинг онасига: «Аллоҳдан қўрқ, болангга яхши қара», дедилар, сўнг ўз ўринларига қайтдилар. Шунда яна йиғи овозини эшитиб, онасига: «Аллоҳдан қўрқ ва болангга яхши қара», дедилар-да, жойларига қайтдилар. Вақтики, тун охирлаганди, яна унинг йиғисини эшитдилар. Онасига бориб: «Ҳайф сенга, яхши она эмас экансан! Ўғлингга нима бўлди, кечадан бери тинчимайди?» дедилар. Онаси у кишини мўминларнинг амири эканликларини билмай: «Эй Аллоҳнинг бандаси, у кечадан бери мени безор қилиб юборди, мен уни кўкракдан чиқаришга мажбурлайман, у эса кўнмайди», деди. Умар (р.а.): «Нима учун?» деб сўрадилар. У айтди: «Чунки Умар фақат кўкракдан чиққан болаларгагина нафақа белгилайди (яъни, фарзандлари кўкракдан чиққан оталаргагина ҳақ беради). Умар (р.а.): «Бунинг ёши нечада?» дедилар. У: «Мана шунча ойлик», деб айтди. Умар (р.а.) эса: «Эссиз, унақа шошмагин», дедилар-да, бомдод намозини ўқидилар. Йиғининг кучлилигидан қироатлари одамларга яхши эшитилмади. Шунда салом бериб дедилар: «Эй бахтсиз Умар, қанча мусулмон фарзандлари ҳалок бўлди…» Сўнг бир мунадийга: «Гўдакларингизни кўкракдан чиқаришга шошилманглар. Биз Исломда туғилган ҳар бир гўдак учун (ҳақ) белгилаймиз», деб нидо қилишга буюрдилар. Бу билан ҳамма томонга чопар юборилди.
Аниқки, тарих бу ҳодисадан кўра ажойиброқ ва таъсирлироқ нарсани ривоят қилмаган. Барча миллатларнинг ҳазорасида Умарнинг (р.а.) демократиясига бўйлаша оладиган ҳодиса бўлмаган. Зеро, у зот асҳоблари ухлаётган онда карвонга қараб, тунни бедор ўтказдилар. Умар (р.а.) ўша кунларда мўминларнинг амири, Кисро ва Қайсарнинг мағлубияти сабабчиси ва мулкларининг вориси эдилар. У зот ўша кунда бу карвонни қўриқлаш буюрилган бир қўриқчининг ишини қилдилар. Ваҳоланки, қўриқчи ҳам Умарнинг (р.а.) ишини қилиши маҳол эди. Йиғлаётган гўдакдан огоҳ бўлиш, онасидан боласига яхши қарашни уч марта сўраш… Ичимизда ким Умарнинг (р.а.) карвон аҳлига кўрсатган муомаласини қила олади? Тарих улуғларидан ким Умарнинг (р.а.) буюк инсоний шуурига яқинлаша олади?
Ислом ҳазораси тарихидаги бундан ҳам ажойиброқ мана бу ҳодисани эшитайлик. Умарнинг (р.а) хизматкорлари Аслам (р.а.) ҳикоя қиладилар: «Бир тун Умар (р.а.) билан чиқдим. Биз шаҳардан узоқлашдик. Олис манзиллар аҳлини кўздан кечирардик. Узоқда ёнаётган ўтни кўрдик. Умар (р.а.): «Мен у ерда тун ва совуқ тўхтатиб қўйган йўловчиларни кўряпман, мен билан юр», дедилар. Биз тез суръатда юрдик ва уларга яқинлашдик. У ерда бир аёл билан гўдаклари ва оловга осиб қўйилган қозон турарди. Гўдаклари чинқириб йиғларди. Умар салом бериб, сўнг у аёлдан: «Нима бўлди?» деб сўрадилар. Хотин: «Бизни тун ва изғирин тўхтатиб қўйди», деди. Умар (р.а.): «Бу болалар нега чинқириб йиғлашаяпти?», деб сўраганларида, аёл «Очликдан», деди. Умар (р.а.): «Бу қозонда нима нарса бор?» деганларида, «Ичида сув бор, ухлагунларича шу билан овутиб турибман, Аллоҳ биз билан Умарнинг ўртасида», деб аёл Умар (р.а.)дан шикоят қилиб, қарғади. Умар (р.а.): «Эй Аллоҳ раҳм қилгур, Умар сизларнинг аҳволингиздан бехабардир?» деганларида, «У бизга бош бўлади-ю, эсдан чиқарадими?», деди. Умар (р.а.) менга ўгирилдилар ва: «Кетдик», дедилар. Биз тез юриб, унхонага келдик. Бир халта ун ва бир идишда ёғ олдилар ва менга: «Устимга юклаб қўй», дедилар. «Мен кўтараман», дедим. У киши айтдилар: «Қиёмат куни ҳам гуноҳларимни кўтарасанми, эй барака топгур?!» Мен юкни у кишининг орқаларига юклаб қўйдим-да, биргаликда тез юриб кетдик. Мўлжалга етиб бориб, юкни аёлнинг олдига туширдилар. Ундан озроқ олиб, унга: «Менга қўйиб бер, сенга ўзим қайнатиб бераман», дедилар-да, қозоннинг остини пуфлай бошладилар. Соқоллари катта эди, шундан тутунни соқоллари орасидан чиқаётганини кўрардим. Ва ниҳоят, уларга таом пишириб бердилар. Сўнг аёлга: «Менга бирор нарса келтир», дедилар. Аёл бир лаганча келтирди ва таомни унга бўшатдилар-да: «Уларни овқатлантир, мен буни совутиб тураман», дедилар. То улар тўйгунча шундай қилиб турдилар. Таомнинг қолганини уларнинг олдида қолдирдилар. Сўнг ўринларидан турдилар, мен ҳам бирга турдим. Аёл: «Аллоҳ сени яхшилик билан мукофотласин, бу ишинг билан сен мўминларнинг амиридан яхши экансан!» деди. Умар (р.а.) дедилар: «Яхши сўзларни айт. Агар мўминларнинг амири ҳузурига борсанг, иншааллоҳ, мени ўша ерда топасан». Сўнг у ердан четга ўтиб, бир панада ётдилар. Мен у кишига: «Бу иш сизга лойиқ эмас», дегандим, «Гапирма, мен гўдакларни олишиб ётганларида кўрдим. Кейин мана ухладилар, тинчланиб қолдилар». Сўнг ўринларидан туриб, Аллоҳга ҳамд айтдилар ва менга қараб: «Эй Аслам, очлик буларни бедор қилди ва йиғлатди. Мен ўзим кўриб турган бу ҳолни ҳал этмагунча қайтмасликни истагандим», дедилар».
Бир кеча яна Умар (р.а.) билан содир бўлган воқеа ҳам инсоният тарихидаги нодир инсоний сулукат, хулқ сирасидандир. Ўшанда у зот одатларига биноан одамларни кўздан кечириб, ҳолидан хабар олиб юрардилар. Мадинага ялангликларидан ўтаётган эдилар, бир уйдан аёл кишининг инграётгани эшитилди. Уй эшигида бир киши ўлтириб олганди. Умар (р.а.) унга салом бердилар ва кимлигини сўрадилар. У бадавий киши эканини, амирул мўмининнинг фазли-марҳаматидан баҳраманд бўлиш учун келганини айтди. Умар (р.а.) яна: «Уйдан эшитилаётган овоз кимники?», деб сўрадилар. Ҳалиги одам у киши амирул мўминин Умар эканликларини билмай: «Аллоҳ марҳамат қилгур, бор ишингни қил, сенга фойдаси бўлмаган нарса ҳақида савол берма», деди. Умар (р.а.) бунинг тагига етишни хоҳлаганларидан қайта-қайта сўрайвердилар. Охири у киши: «Бу ерда туғиши яқинлашиб қолган бир аёл бор, унинг олдида ҳеч ким йўқ», деб жавоб қилди. Умар (р.а.) уйларига қайтдилар. Хотинлари, ҳазрати Алининг қизлари Умму Кулсумга (р.а.): «Аллоҳ сенга томон ҳайдаган ажрга эга бўлмоқни хоҳлайсанми?» дедилар. Умму Кулсум: «У – нима?» деб сўрадилар. Умар (р.а.) унга воқеани тушунтириб бердилар ва ўзи билан бирга янги чақалоққа керакли кийимлардан, хотин кишининг эҳтиёжи бор ёғлардан, яна қозон, унинг ичига буғдой ва ёғ олволишни буюрдилар. Хотинлари айтган нарсаларини ҳозир қилди. У киши қозонни кўтариб йўлга тушдилар. Хотинлари орқаларидан юрди. Ҳалиги уйга етиб келгач, хотинларига: «Сен аёлнинг олдига кир», дедилар ва ўзлари унинг эри билан қолдилар. Ўт ёқиб, ўзлари билан келтирган нарсаларни пиширдилар. У одам бўлса, Умарнинг кимликларини билмай ўтирарди. Хотиннинг кўзи ёриди ва Умарнинг (р.а.) хотинлари уйнинг ичидан: «Эй амирул мўминин, соҳибингизга ўғил билан севинч хабарини беринг», деди. Аъробий бу сўзни эшитиб, у кишининг амирул мўминин эканликларини билди. Гўё у даҳшатга тушгандек, орқага тисарила бошлади. Умар (р.а.) унга: «Жойингдан қўзғалма», дедилар, сўнг қозонни кўтариб, хотинларига аёлни овқатлантириш учун қўлларидан қозонни олмоққа буюрдилар. Хотин овқатланиб бўлгач, қозонни у одамга узатдилар-да: «Е, барака топгур, чунки туннинг ҳаммасини уйқусиз ўтказдинг», дедилар. Сўнг хотинлари чиқди. Кетар чоғларида, у одамга: «Эртага бизнинг олдимизга бор, сенга керакли нарсалар беришни амр қиламиз», дедилар. Эртасига у одам келди ва унинг фарзандига нафақа ажратиб берилди.
Тарих китобларида ҳазрати Умарнинг (р.а.) Қуддус шаҳрига кириб боришлари шундай тасвирланган: қуддусликлар халифангиз келсагина, шаҳарни сизларга топширамиз, дейишади. Ҳазрати Умар (р.а.) бир туя, бир хизматкор билан Мадинадан Қуддусга равона бўладилар. Камтарликни қаранг!
Адолатли Умар (р.а.) хизматкор ва ўзлари навбати билан туяга миниб боришаверди. Қуддусга яқинлашганларида, шаҳар аҳли “Халифа келяпти”, деб дарвоза калитларини топшириш учун унинг истиқболига чиқади. Шунда туяга миниш навбати хизматкорда эди. У туяда, халифа эса пиёда кетяпти. Бир жойда халифа Умар (р.а.) сувдан кечиш учун почаларини шимариб олади. Энди бир тасаввур қилиб кўринг: Ислом олий давлатининг бош раҳбари яланг оёқ, бош яланг, почалари шимарилган ҳолда мағлуб шаҳарга кириб бораётир.
Қуддусни қамал қилган Ислом лашкарининг бош қўмондони бу кўринишдан хижолат бўлиб, халифага таъна қилди:
– Эй Умар (р.а.), айб бўлади, бу ҳолдан биз уяламиз.
Ҳазрати Умар унинг кўксига бир уриб:
– Йўқол кўзимдан! Агар шу сўзингни илгарироқ айтсайдинг, вазифангдан олиб ташлардим. Иззат – Исломдадир, қилиқ-қиёфатда эмасдир! – дедилар.
Буюклар тарихида инсонийлик жиҳатидан бу ҳодисадан кўра ажойиброқ, гўзалроқ ва улуғроқ ҳодисани билмаймиз. Америка халоскори Вашингтон ҳақида зикр қилишларича, у кунлардан бир кун ўзининг исми билан номланган шаҳар кўчаларида кезиб юрганида, бир тошни кўтаришга ҳаракат қилаётган, лекин кучлари етмаётган аскарларни ва уларга ёрдам беришга интилмаётган бир зобитни кўради. Вашингтон зобитга: «Уларга ёрдамлаш», дейди. Зобит бундан бош тортади ва: «Мен бунчалик тубан кетмайман», дейди. Шунда Вашингтон кийимини тўшади, уларга ёрдамлашди ва ниҳоят тошни кўтаришди. Кейин Вашингтон уларга қарата: «Агар ёрдамга муҳтож бўлиб қолсангиз, Вашингтоннинг уйини сўранглар», деди. Бу – буюк ахлоққа далолат қиладиган нодир ҳодиса… Лекин Умарнинг (р.а.) ишлари бундан-да ноёброқ. Зеро, у зот тунда уйқу ва роҳатларини тарк этдилар, раийатларини назорат қилдилар. Туғишга яқин қолган аёлнинг ҳолини, унга ёрдам қиладиган киши йўқлигини билган пайтларида уйга қайтдилар, хотинларини кўндирдилар. Икковлон –эр таом, хотин кийимларни кўтариб, қоронғу зулматида йўлга чиқишди. Чодирга етиб келишгач, хотинлари, янги таъбиримизча, давлатнинг биринчи рақамли хоними доялик вазифасини, ўзлари эса ошпазликни қойилмақом қилиб бажаришди. Ер юзидаги бирор раҳбар етишолмаган бундай инсоний олийжаноблик қаерда?.. Бу – Умар (р.а.) буюкликларининг бир қисми. Бу – саҳро фарзанди Умар ибн Хаттобдан (р.а.) буюклик чўққисининг бошида турадиган инсон яратган Ислом ҳазорасининг ажойиботларидан бири.
Ислом Ҳазораси (5)
Abdugafur 2008.03.08, Шанба 19:25 да чоп этган
Тарих
* * *
Ислом ҳазораси яратган комил, марҳаматли инсонийликка тимсол бўладиган киши фақат Умар (р.а.)нинг ўзлари эмас. Абу Бакр, Усмон, Али, Умар ибн Абдулазиз, Салоҳиддин Айюбий ва булардан бошқа Ислом ҳазорасининг уламолари, узамолари, саркардалари ва файласуфларида, уларнинг ҳар бирида барҳаёт бу ҳазорадаги инсоний олийжанобликка абадий тамсил – мисол керагичадир.
Бу – барҳаёт Ислом ҳазорасининг инсоний томонларидан биридир. Бу – рангларидан қатъи назар одамлар ўртасида ҳақиқий тенгликнинг қарор топишидир. Ушбу тенглик асоси Қуръони Kаримнинг: «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздида энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят) деганидан, Пайғамбар алайҳиссалом ўзларининг барҳаёт таълимотини: «Инсонлар Одамдан, Одам эса тупроқдандир. Арабнинг ажамга, оқнинг қорага тақводан ўзга ҳеч бир устунлиги йўқдир», дея эълон этиш учун видоъ ҳажида турган пайтидан кейин майдонга чиққандир. Бу тенглик бугунги янги ҳазора раҳнамоларида бўлганидек, қандайдир муносабатлар билан эълон этиладиган асослар чегарасида тўхтаб қолган эмас, балки у татбиқий тенглик бўлиб, одатий ишдек назарни жалб қилмай, зўракилик ёки қийинчиликка муҳтож бўлмай амалга ошади. Масалан, у масжидларда, оқу қоранинг бир жойда Аллоҳ азза ва жаллага убудиййат ва хушуъларини изҳор қилиб туришларида амалга ошади. Оқ қоранинг ёнида туришида ҳеч қандай зиён ёки машаққат кўрмайди. Яна у ҳажда, башарият унсурларининг барчаси, оқу қора бир тепаликда, бир хил кийимда, оқ билан қорани айирмасдан ёки бири-биридан юқори бўлмасдан учрашганларида амалга ошади. Балки биз бундан-да юксакроқ ҳолни кўрамизки, Расулуллоҳ (с.а.в.) Макка фатҳи куни Билол Ҳабашийнинг Каъбанинг устига чиқиб азон айтишига, ҳақ калимани эълон этишига амр этдилар. Ваҳоланки, Каъба жоҳилиятда арабларнинг муқаддас ҳарами, Исломда эса муаззам қибла эди. Қандай қилиб, унга Билол каби қора қул чиқади?.. Қандай қилиб, уни қадамлари билан босади? Албатта, бунингдек ёки бунга яқинроқ нарсани янги ҳазораларда тасаввур қилиб бўлмайди. Лекин Ислом ҳазораси буни ўн тўрт аср олдин амалга оширди. Билолнинг Каъба сатҳига кўтарилиши инсоннинг ҳар нарсадан мукаррам эканини эълон этишдан ўзга нарса эмас. Албатта, инсон бу мукаррамликка юз чиройи ва оқлиги учун эмас, илми, ақли, ахлоқи ва имони учун мустаҳиқ бўлди. Агар амали орқада бўлса, инсонни оқлиги муқаддам қилмайди ва аксинча, агар заковати ва ижтиҳоди муқаддам бўлса, қора одам ортга сурилмайди.
Шунинг учун Расулуллоҳ (с.а.в.) энг ҳурматли саҳобаларидан бўлишига қарамай, Абу Заррнинг бошқа саҳобани «Эй қоранинг ўғли», деб сўкишига рози бўлмадилар. Балки: «Уни онасининг қоралиги билан айблайсанми? Албатта, сен жоҳилият (одати) бор киши экансан!» деб таъна-маломат қилдилар. Бу – илм билан жаҳолат ўртасини, инсоният ҳазораси билан жоҳилият ҳазораси ўртасини ажратувчи чегарадир.
Ирқ ирққа, ранг рангга устун бўлмаган ҳазора оқил ва мукаррам инсон яратган, у билан онгли, мукаррам инсоният бахт-саодатли бўладиган ҳазорадир. Оқ рангли инсон олий бўладиган, қора камситиладиган, оқ юзли бахтли бўлиб, қоралар бебахт бўладиган ҳазора – инсониятни кўр, мутакаббир, жоҳил ва ахмоқ ҳолда юзларча йиллар ортга қайтарадиган ҳазорадир.
Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгани келишганда, Бобилиюн қўрғони олдигача бориб тўхташди. Подшоҳ Муқавқис мусулмонлар билан музокара ўтказишга рағбат кўрсатди ва улар нимани хоҳлаётганларини билиш учун бир вафд (делегация) жўнатди. Сўнг улар ҳам бир вафд жўнатмоқликларини сўради. Амр ибн Ос уларга ўн кишилик жамоани юборди. Уларнинг ичида Убода ибн Сомит ҳам бор эди. Убода жуда қора, бўйи узун киши эди. Ҳатто, унинг бўйи ўн қарич дегувчилар ҳам бор эди. Амр сўзлаш вазифасини унга буюрди. Улар Муқавқис ҳузурига кирган вақтларида Убода ибн Сомит олдинга чиқди. Муқавқис унинг қоралигидан қўрқиб кетди ва: «Бу қорани кўзимдан йироқ қилинг. Мен билан сўзлашгани бошқа киши чиқсин», деди. Шунда вафд аъзолари баробарига: «Албатта, бу қора бизнинг фикр ва илм жиҳатидан афзалимиздир. У – саййидимиз, яхшимиз ва пешқадамимиздир. Албатта, биз унинг фикри ва сўзига қулоқ соламиз», дейишди. Муқавқис бунга жавобан: «Бу қора сизларнинг афзалингиз бўлишига қандай рози бўласиз, ҳолбуки у сиздан тубанда бўлиши лозим эди-ку?» деди. Улар эса: «Ҳеч қачон! Гарчи у қора бўлса-да, кўрганингдек даража, ақл ва фикрда афзалимиздир. Бизнинг ичимизда қорани инкор этадиган йўқ!» деб кескин жавоб қилишди. Шунда Муқавқис Убодага: «Олдинга чиқ, эй қора. Менга мулойим сўзла, мен сенинг қоралигингдан қўрқаман», деди. Убода Муқавқиснинг қўрқинчини кўргач, унга шундай деди: «Бизнинг қўшинимизда мингта қора бор. Улар мендан-да қорадирлар».
Бу – Ислом ҳазорасининг ажойиблиги ва инсонийлигини кўрсатиб турибди… Барча одамлар, ҳатто йигирманчи аср кишилари ҳам қораликни нуқсон, деб биладилар. Улар қорани оқлар қаторида бўлишга ҳақли, деб ҳисобламайдилар-у, қандай қилиб уларни эъзозлаб ўзларига раҳнамо қиладилар, фикр ва илмда афзал биладилар? Ислом ҳазораси келганида, бу ўлчовларни яксон қилди. Бу фикрларни аҳмоқона, деб билди. Илмини, фикрини, шижоатини афзал билган пайтда оқдан қорани олдинга қўйди. Убода ибн Сомит Ислом ҳазораси раҳнамолик, йўлбошчилик мартабасига кўтарган кимсалардан фақат биргинаси эди, холос.
Абдулмалик ибн Марвон мунодийга ҳаж мавсумида Макканинг имоми, олими ва фақиҳи Ато ибн Абу Рабоҳдан ўзга киши фатво бермаслигини нидо этишга фармон берди. Бу Ато қандай киши бўлганини биласизларми? Қора, бир кўзи кўр, бурни пучуқ, шол ва чўлоқ киши эди. Киши ундан наф олишини хаёлга келтиролмасди… У мингларча шогирдининг қуршовида илмий мажлисда ўтирган пайтда гўё пахта хирмонида турган қора қарғага ўхшарди! Бу қора, кўзи кўр кишини Ислом ҳазораси одамлар ундан фатво сўрайдиган имом, қўлида мингларча оқлар ўқиб, битириб чиқадиган мадраса қилди.
Юзлари қора бўла туриб, ҳазора илм ва адабиёт майдонининг барчасида улуғлаган кишилар бор. Уларнинг қораликлари шоир Насибга ўхшаш халифаларнинг нодими бўлишдан тўсиб қўймади. Ёки Ислом фиқҳида мўътабар манба китоблар таълиф этишда фақиҳларни маън қилиб қўймади. Масалан, Ҳанафий фиқҳидаги «Ал-канз» китобининг шориҳи Усмон ибн Али Аз-Зайлаъий ва «Насбур-рая»нинг муаллифи Ҳофиз Жамолиддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Юсуф Аз-Зайлаъийлар Ҳабашистоннинг Зайлаъ деган еридан бўлган қора кишилардир.
Тарих билимдонлари тўртинчи ҳижрий асрда Мисрга ҳукмронлик қилган қора қул Кофур ал-Ахшидийдан бехабар эмаслар. Унга Мутанаббий ўз мадҳ ва ҳажвларида барҳаёт умр берган.
Гапнинг қисқаси, Ислом ҳазораси оқ билан қора ўртасида унсурий айирмани билмаган. Унда оқлар яшамайдиган, қоралар учун махсус жамиятлар бўлмаган. Яна уларни оқлар томонидан нафратланиш ва таҳқирлаш нишони қиладиган махсус таъқиб машинаси ҳам йўқ. Балки Ислом ҳазораси инсоний бўлиб, у одамларнинг ҳаммасига ҳақ ва эзгулик кўзи билан қарайди. Оқ ва қораларнинг фақатгина амалларида оқ ва қораликни кўради: «Бас, ким (ҳаёти – дунёдалик пайтида) зарра мисоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисоличалик ёмонлик қилса, уни ҳам кўрур!» (Залзала сураси, 7-8-оятлар).
Ҳижратнинг юзинчи йилида, яъни бундан ўн уч аср олдин Фартуна исмли қора танли жория амирул мўминин Умар ибн Абдулазизга девори пастқам эканини, ундан бостириб кириб товуқларини ўғирлашаётганини шикоят қилди. Умар дарҳол у хотинга мактуб ёзиб, Миср волийсига хат жўнатганларини, ундан деворни тузатиб, уйини қўрғонлаб беришини талаб қилганларини билдирдилар. Ва Миср волийси Айюб ибн Шураҳбилга қуйидаги мазмунда мактуб юбордилар: «Фартуна исмли жория менга хат ёзиб, девори пастқамлиги ва ундан товуқлари ўғирланаётганини айтиб, унинг қўрғонланишини сўраётибди. Сенга менинг бу мактубим етиб борса, ўзинг йўлга отлан-да, унинг уйини қўрғонлаб бер!» Айюбга бу мактуб боргандан кейин Жиза томон жўнади. Фартунани қидириб, уни маҳалласидан топди. У мискин, қора аёл эканини билиб, амирул мўмининнинг ёзганларидан хабардор этди. Шундан сўнг унинг уйини қўрғонлаб берди.
Буни Ислом ҳокими бундан ўн уч аср олдин қилган… Бу Ислом ҳазорасидан бир мисол, холос.
Ислом Ҳазораси (6)
Abdugafur 2008.03.19, Чоршанба 18:00 да чоп этган
Тарих
Бу – барҳаёт Ислом ҳазорасидаги ўзига хос инсонийлик хусусиятларида янги бир томондир. У – эътиқод ва динлар тарихида янгиликдир. Муайян дин ёки миллат томонидан барпо қилинган қадим ҳазоралар тарихида янгидир. Ислом ўз ҳазорасини бунёд эта туриб, собиқ, ўтган динларга ҳеч қандай тазйиқ қилмади. Турфа-туман мазҳаб ва мафкураларга қарши таассуб этмади. Балки унинг шиори шундай бўлди: «Бас (эй Муҳаммад), Менинг бандаларимга – сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига эргашадиган зотларга хушхабар беринг!» (Зумар сураси, 17-18-оятлар). Диний бағрикенглик борасида Ислом ҳазораси қуйидаги асосларни эълон этди:
1. Албатта, барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади: «(Эй мўминлар, Аллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга юборган нарсани ва Биз сизга (яъни, Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек) Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани шариат – (қонун) қилди, – «Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар!» (Шўро сураси, 13-оят).
2. Албатта, пайғамбарлар биродардирлар. Рисолатда уларнинг ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ. Уларнинг ҳаммасига мусулмонлар имон келтиришлари лозим: «Айтингиз (эй мўминлар), Аллоҳга ва бизга нозил қилинган китобга ва Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Яъқубга ва ўша уруғ-авлодга нозил қилинган нарсаларга, Мусо ва Исога берилган нарсаларга ва барча пайғамбарларга Парвардигор тарафидан берилган нарсаларга ишондик. Биз улардан бирортасини ажратиб қўймаймиз ва биз у Зотга бўйинсунувчилармиз» (Бақара сураси, 136-оят).
3. Албатта, эътиқодга мажбурлаш мумкин эмас, балки у қаноат ва розилик билан қабул этилиши лозим: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир» (Бақара сураси, 256-оят). «Ахир сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз?» (Юнус сураси, 99-оят).
4. Илоҳий диёнатларнинг ибодат маконлари муҳтарам жойлардир, мусулмонларнинг масжидлари каби уларни ҳам ҳимоя ва мудофаа қилиш лозим: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даъф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж сураси, 40-оят).
5. Албатта, одамларнинг динларидаги ихтилофлари бир-бирларини ўлдиришларига ёки бир-бирларига адоват қилишларига сабаб бўлмаслиги керак. Балки эзгу ишларни қилишда, ёвузликка қарши курашда ўзаро ҳамкор бўлишлари лозим: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз!» (Моида сураси, 2-оят). Улар ўзаро ихтилоф қилаётган нарсаларига ҳукм этишга келсак, буни қиёмат куни Аллоҳ таолонинг ўзи ҳал қилади: «Яҳудийлар: «Насронийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Насронийлар: «Яҳудийлар ҳақ эмаслар», дейишди. Ҳолбуки, улар (яъни, яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам) китоб (яъни, Таврот, Инжил) тиловат қиладилар, шунингдек, билмайдиган кимсалар уларнинг гапига ўхшаш гап айтдилар (яъни, Маккадаги мушриклар: «Муҳаммад ҳақ эмас», дейишди). Бас, уларнинг ўзаро ихтилоф қилиб ўтган нарсалари ҳақида Аллоҳ қиёмат кунида ҳукм қилади» (Бақара сураси, 113-оят).
6. Ҳаётда ва Аллоҳнинг ҳузурида одамларнинг афзаллиги ўзига ва одамларга қилган яхшилик ва эзгулиги миқдорида бўлади. «Албатта, сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир» (Ҳужурот сураси, 13-оят).
«Халқнинг барчаси Аллоҳнинг измидадир. Уларнинг Аллоҳга маҳбуброғи аҳлига наф берувчироғидир» (Баззор ривояти).
7. Албатта, динлардаги ихтилоф яхшилик, силаи-раҳм ва меҳмондорчиликдан тўса олмайди: «Бугун сизлар учун барча покиза нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилган кимсаларнинг таомлари сизлар учун ҳалолдир ва сизларнинг таомларингиз улар учун ҳалолдир… Сизлар учун мўминалар орасидан ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ва сизлардан илгари Китоб берилган кимсалардан бўлган ўзларини ҳаромдан сақлаган аёллар ҳам ҳалолдир» (Моида сураси, 5-оят).
8. Одамлар динларида ихтилоф этсалар-да, бир-бирлари билан гўзал шаклда, одоб доирасида, ҳужжат ва қаноатлантириш билан мужодала этишлари мумкин: «(Эй мўминлар), сизлар аҳли Китоб билан фақат энг чиройли йўсинда мужодала – мунозара қилинглар» (Анкабут сураси, 46-оят). Мухолифларга ёмон сўзлар айтиш, агар бутпараст бўлсалар ҳам, эътиқодларини сўкиш жоиз эмас: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни (бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Аллоҳни сўкурлар» (Анъом сураси, 108-оят).
9. Агар умматнинг ақидасига тажовуз қилинса, ақиданинг ҳимояси учун, фитнанинг олдини олиш учун тажовузни даф этиш лозим: «То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз!» (Бақара сураси, 193-оят). «Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан – улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур» (Мумтаҳана сураси, 9-оят).
10. Агар уммат динда унга тажовуз қилганлардан ғолиб келса, динларини тарк этишга мажбурлаш билан улардан интиқом олиш ва ақидалари тўғрисида уларни қувғин қилиш мумкин эмас. Улар давлатнинг султони (ҳукмронлигини) эътироф этишлари ва «бизникидек ҳуқуққа ва бизникидек мажбуриятга» эга бўлишлари учун давлатга содиқ яшамоқларининг ўзи кифоя.
Ислом ҳазорасига пойдевор бўлган дин эркинлигининг асослари мана шулардир. У мусулмонларга Аллоҳнинг барча пайғамбар ва расулларига имон келтиришни, уларни ҳурмат ва эҳтиром-ла зикр қилишни, уларнинг издошларига ёмон муносабатда бўлмай, мулойим сўзлаш, улар билан алоқада бўлиш, яхши қўшничилик билан меҳмондорчилигини қабул қилиш ва оилалар аралашиб, қонлар қўшилиб кетар даражада қариндош бўлишдек гўзал муомалани вожиб этади. Ислом уларнинг ибодат маконларини ҳимоя этишни, эътиқодларига аралашмасликни, ҳукмда жабр қилмасликни, умумий ҳуқуқ ва мажбуриятларда мусулмонлар билан баробар кўришни ва ҳурматлари, ҳаётлари ҳамда келажакларини мусулмонларнинг ҳурмат, ҳаёт ва келажаклари муҳофаза этилганидек сақлашни мусулмон давлатига лозим қилди.
Ислом ҳазораси мана шу асосларга бино бўлган. Мана шу билан дунё биринчи марта ўзидан бошқа динларга қарши таассуб этмайдиган, ғайри муслимни ижтимоий амал майдони ва ижтимоий манзилат (даража)дан қувмайдиган ҳазора пайдо бўлганини кўрди. Мана шу эркинлик Муҳаммад (с.а.в.) унинг асосини қўйиб берганларидан бошлаб, то у таназзулга юз тутгунча, асослар йўқ бўлиб, буйруқлар унутилгунча ва одамлар динидан жоҳил бўлиб, бу мукаррам диний эркинликдан узоқлашгунларича исломий ҳазоранинг қонуни бўлиб келди.
Пайғамбар (с.а.в.) Мадинага ҳижрат қилган пайтларида у ерда анчагина яҳудийлар бор эди. У зотнинг давлат ишларидаги биринчи амаллари улар билан ақидаларини эҳтиром қиладиган аҳднома тузиш бўлди. Унга кўра, давлат яҳудийларни ўз ҳимоясига олади ва улар ҳам ўз ўрнида Мадинага ёмон қасд қилган кишиларга қарши мусулмонлар билан бир қўл бўладилар. Бу билан Расулуллоҳ (с.а.в.) исломий ҳазоранинг илк уруғларида диний эркинлик асосларини татбиқ қилдилар.
Пайғамбарнинг (с.а.в.) аҳли китобдан қўшнилари бўлган. Улар билан яхши қўшничилик қилар, ҳадя бериб, улардан қабул этардилар. Ҳабашистон насронийларининг вакиллари келганларида, Расулуллоҳ (с.а.в.) уларни масжидга тушириб, ўзлари зиёфатини бериб, хизмат қилдилар. У зот шу куни бундай деганлар: «Булар асҳобимизга икромли эдилар, мен ўзим уларни икром этмоқни хуш кўраман».
Бир марта Нажрон насоролари келганда, уларни ҳам масжидга жойладилар ва унда ибодатларини адо этмоққа рухсат бердилар. Улар масжиднинг бир томонида ибодат қилишса, Расулуллоҳ ва мусулмонлар бошқа томонида намоз ўқишган. Улар динларини ҳимоя қилиб, Расулуллоҳ билан муноқаша этмоқчи бўлганларида, уларни тинглаб, чиройли шаклда мужодала қилганлар. Буларнинг барчаси мулойимлик, одоб ва гўзал ахлоқ билан бўлган. Муқавқиснинг (қибтийлар подшоси) ҳам ҳадясини қабул қилганлар. Унинг юборган жориясини қабул этиб, Иброҳим исмли фарзанд ҳам кўрганлар. Шундан мусулмонларга: «Мен қибтларга яхши бўлишингизни тавсия этаман, чунки сизларда улар билан насаб ва қуда-андачилик бор», деб васият қилганлар.
Расули акрамнинг юксак инсоний табиатли диний эркинлик тўғрисидаги кўрсатмаларига у зотдан сўнг халифалари ҳам амал қилишди. Умар ибн Хаттоб Байтул Мақдисга фотиҳ сифатида кирганларида, у ернинг масиҳий аҳолиси шаҳарда яҳудийлар билан бирга яшамасликларини шарт қилиб қўйишганда, бунга рози бўлганликларини яхши биламиз. У зот «Қуддус ал-Кубро» черковида эканликларида аср намозининг вақти кириб қолганда, у ерда намоз ўқишдан бош тортдиларки, кейинчалик мусулмонлар буни далил қилиб черковни масжид қилиб олмасинлар, деб!
Миср аҳолисидан бўлган бир масиҳий аёл ҳазрати Умарга ҳовлисини Амр ибн Ос мажбуран масжидга қўшиб олганлиги ҳақида шикоят қилди. У зот Амрдан бу ҳақда сўраганларида, шундай жавоб олдилар: мусулмонлар кўпайиб, масжид уларга торлик қилиб қолди. Масжид ёнида эса бу хотиннинг ҳовлиси бўлган. Амр унинг ҳовлисига бир миқдор пул таклиф қиладилар. Пул миқдорини қанчалик кўпайтирмасинлар, хотин барибир рози бўлмайди. Бу ҳол Амрни ҳовлини бузиб, масжидга қўшиб олишга мажбур этади. Ҳовлининг пули эса хотин қачон хоҳласа, оладиган қилиб, Байтул-молга қўйилди. Амр қилган ишларида узрли бўлган бу ҳолат ҳозирги қонунларимизда ҳам жоиз, деб билингани ҳолда Умар унинг бу ишларидан рози бўлмайдилар ва Амрга масжиднинг янги биносини бузишга ва хотинга ҳовлиси олдин қандай бўлса, шундай топширишга буюрадилар!
Диний эркинлик кўринишларидан яна бири барҳаёт ҳазора соясида масжидлар канисалар билан ёнма-ён бўлишидир. Канисалардаги дин кишиларига диний ва канисий ишларининг барчасида раийатлари устидан тўлиқ ҳокимият бериб қўйилганди. Давлат бу ишларда уларга аралашмасди, балки мазҳаблари ўртасидаги ихтилофли масалаларини ҳал қилиб беришгагина қўшилар ва улар ўртасида инсоф билан ҳукм этарди. Рум ҳукмронлиги даврида Малконийлар Миср қибтларини қувғин қилиб, канисаларини тортиб олишарди. Мусулмонлар Мисрни фатҳ этгач, қибтларга канисаларини қайтариб олиб беришди. Шундан сўнг қибтлар Малконийларнинг араб фатҳидан олдинги қилмишлари учун интиқом олиб, ўзларидан кета бошлашди. Улар буни Ҳорун ар-Рашидга шикоят қилишганда, у қибтлар Мисрда эгаллаб олган канисаларни қайтариб олишга амр этди. Малконийларнинг патриархи мурожаат қилгандан кейин улар Малконийларга қайтариб берилди.
Султон Муҳаммад Фотиҳнинг бутун Шарқда православ патриархияси қароргоҳи бўлган Қустантинияни эгаллаб олгандаги кўринишни ҳеч ким унутмаган бўлса керак. У ўша кунда барчаси насроний бўлган аҳолига молларида, жонларида, эътиқодларида, черков ва хочларида омонда эканликларини эълон этди ва уларни аскарликка олинишдан озод қилди. Раисларига эса қонунчилик ва қавмлари орасида чиқадиган турли даъволарни давлатнинг аралашувисиз ҳал қилиш ҳуқуқини берди. Қустантиния аҳолиси бунда византияликлар замонида кўрган муомала билан Султон Муҳаммад Фотиҳ томонидан кўрган муомала ўртасида катта фарқ сезганлар. Чунки византияликлар уларнинг мазҳабий ихтилофларига аралашар, канисаларини бошқа канисаларга тобеъ бўлишини афзал кўришарди. Қустантинияликлар миллатдошлари бўлган ҳокимлар замонида ҳам кўрмаган бундай диний эркинликдан хурсанд бўлдилар. Ҳатто, Рум патриархига султон томонидан ҳукумат ичра ҳукуматга ўхшаш ҳуқуқлар бериб қўйилди ва унинг жамоаси яқин беш юз йил яхшиликда ҳаёт кўрди. Улар амалда мустақил эдилар, мустақилликларига на қўшин ва на мол раҳна сола оларди.
Диний эркинлик кўринишларидан яна бири – исломий фатҳлар вақтида кўпчилик канисаларда бир пайтнинг ўзида мусулмонлар ҳам, масиҳийлар ҳам ибодат қилишидир! Пайғамбарнинг (с.а.в.) Нажрон насороларига мусулмонларнинг ёнида ибодат қилишга қандай рухсат берганларини эсланг. Ҳолбуки, бу пайтда мусулмонлар ҳам намоз ўқишарди. Кейинчалик Умавий жомеъсига айланган Дамашқдаги Буюк Иоанн канисасида фатҳ кунлари масиҳийлар унинг ярмини мусулмонлар олишига рози бўлишган бўлса, мусулмонлар ҳам уларнинг ибодат қилишларига ижозат беришган. Бир вақтнинг ўзида икки дин вакиллари ёнма-ён ибодат қилаётганларини кўринг. Бу тарихда нодир бўлган ажойиб кўринишдир. Унда исломий ҳазора эришган диний эркинликка далолат қиладиган чуқур маъно бор!
Диний эркинлик кўринишларидан яна бири – вазифаларнинг ақидаси ва мазҳабидан қатъий назар мустаҳиқ, муносиб кишига берилишидир. Шу сабабдан умавий ва аббосийлар замонида масиҳий табиблар халифалар диққат марказида бўлишган. Улар узоқ вақт мобайнида Бағдод ва Дамашқдаги тиббиёт мадрасаларига бошчилик қилишган. Насроний табиб Ибн Асол Муовиянинг (р.а.) хос табиби эди. Саржун эса котиби бўлган. Марвон эса бошқа бир исми Исҳоқ бўлган Исносиюсни Мисрдаги баъзи ҳукумат мансабларига тайинлаган. У кейинчалик давлат девонида раислик мартабасигача кўтарилган. У жуда кўп бойлик ва катта обрўга эга эди. Тўрт минг қул, талайгина ҳовли, уй-жой ва боғлар, жуда кўп олтину кумушлар эгаси эди. У ўзи соҳиби бўлган тўрт юз дўкондан тушган маблағга Раҳода каниса қурдирган. Шуҳрати шу даражага етганки, Абдулмалик ибн Марвон кейинчалик Миср волийси бўлган, укаси Абдулазизнинг таълимини унга топширган. У машҳур Умар ибн Абдулазизнинг отаси эди.
Халифалар олдида обрўси бор машҳур табиблардан бири Жиржис ибн Бахтяшуъ эди. У халифа Мансурга яқин бўлиб, халифа унинг роҳат ва хурсандчилиги учун қўлидан келганини қиларди. Шундай ҳам бўлганки, Жиржиснинг хотини қари эди, шунинг учун халифа Мансур унга учта гўзал жория жўнатади. У: «Модомики, хотиним ҳаёт экан, бошқага уйланишга диним рухсат бермайди», дея жорияларни қабул қилишдан бош тортди. Мансур бундан хурсанд бўлди ва унинг икромини янада зиёда этди. У оғирлашиб қолганда, Мансур уни «Доруз-зиёфат»га келтиришларини буюрди ва ҳолини сўраб, олдига ўзи юриб борди. Табиб аждодлари билан дафн этилиши учун ватанига қайтишга изн сўради. Мансур унга жаннатга кириши учун Исломга қабул қилишни таклиф қилди. У: «Аждодларим билан бирга жаннат ёки дўзахда бўлишга розиман», дея уни рад этди. Мансур бунга кулиб қўяқолди ва ҳозирлик кўришга амр этиб, ўн минг динор билан уни ватанига етказиб қўйди.
Насроний Салмавайҳ ибн Банон Мўътасимнинг табиби бўлган. У вафот этганда Мўътасим жуда қаттиқ қайғурди ва динининг урф-одатларига биноан тутатқи ва шамлар билан дафн этишга амр қилди!
Бахтяшуъ ибн Жаброил Мутаваккилнинг табиби бўлиб, унинг олдида эҳтиром соҳиби эди. Ҳатто, у либос, ҳусниҳол, мол кўплиги ва мурувватда халифага ўхшарди. Шунингдек, шоир ва адиблар ҳам дин ва мазҳабларидан қатъий назар халифа ҳамда амирлар ҳузурида ҳурматга сазовор эдилар. Ҳамма Ахталнинг умавийлар давридаги довруғини билади. У тумор тақилган ипак або кийиб олиб, Абдулмаликнинг олдига изнсиз кирарди. Бўйнида тилла занжирга уланган олтин хоч осилиб, соқолидан эса ароқ томчилаб турарди. Узун қасидада: «Ансорлар салласи остидадир тубанлик», дея ансорларни ҳажв қилган ҳам шу эди. Ансорлар оғринганлар ва ичларидан катталари, Расулуллоҳнинг (с.а.в.) саҳобалари Нўъмон ибн Баширни юборганлар. У киши Абдулмаликнинг ҳузурига кириб, саллаларини бошларидан олганлар ва унга: «Шу ерда тубанлик кўряпсанми, эй амирал мўминин?» деганлар. Халифа у кишининг кўнглини кўтарган, лекин Ахталга ёмон муомала этмаган.
Оддий кишилар ҳам халифалардек динларидан қатъий назар, ўзларига ёққан кишига дўстона муносабатда бўлардилар. Соибалар, яъни мажусийлардан бир қавм вакили бўлган Иброҳим ибн Ҳилол давлатнинг юқори мансабларини эгаллайди, шоирларнинг олди бўлганидан буюк ишларга бош-қош бўлади. У билан мусулмон адиб ва олимлари ўртасида мустаҳкам дўстлик ва гўзал алоқалар бўлган. Ҳатто, у вафот этганда, Ҳошимий алавийларнинг шайхи Шариф ар-Ризо барҳаёт қасидалар билан марсия битган. Кўп муносабатларда Шариф уни эслаб, қаттиқ қайғурарди.
Халифалар ҳузуридаги илмий ҳалқалар динлари, мазҳаблари қандай бўлишидан қатъий назар турли олимларни жамлаганди. Маъмуннинг илмий ҳалқасида дин ва мазҳабларнинг барчасидан олимлар йиғилганди. Маъмун уларга: «Хоҳлаган илмингиздан баҳс этаверинг. Фақат тоифакашлик масаласи қўзғалмаслиги учун ҳар бирингиз ўз диний китобингиздан далил-ҳужжат келтирмасангиз бўлгани», деган. Халқнинг илмий мажлислари ҳам шундай бўлган. Халаф ибн Мусанно шундай дейди: «Басрадаги бир мажлисда илм ва набоҳатда дунё тан олган ўн киши йиғилганини кўрдик». Улар: наҳвчи олим Халил ибн Аҳмад (сунний), шоир Ҳумайрий (шиъий), Солиҳ ибн Абдулқуддус (дуалист зиндиқ), Суфён ибн Мажошиъ (хорижий), Башор ибн Барад (космополит), Ҳаммод Ажрад (зиндиқ, космополит), шоир Ибн Раъсил-Жолут (яҳудий), Ибн Назир ал-Мутакаллим (насроний), Умар ибн ал-Муъййид (мажусий), шоир Ибн Синон ал-Ҳарроний (собиий)лардир. Улар тўпланиб олиб, шеърлар ўқишар, хабарлар нақл қилишарди. Улар шундай дўстона муҳитда суҳбатлашишардики, ўрталаридаги жуда кучли диний-мазҳабий ихтилофларни киши сезмай қоларди!
Бу эркинлик уйларга, оилаларга ҳам кўчганди. Бир хонадонда тўрт оға-ини яшаб, улардан бири сунний, иккинчиси шиъий, учинчиси хорижий, тўртинчиси эса мўътазилий бўлиб, улар ўзаро келишган ҳолда яшашарди. Ҳатто, бир уйда тақводор ва фожир ҳам яшайверарди. Бири ибодатига жўнаса, иккинчиси фисқу фужурига ботиб ётарди. Бадиий китобларда нақл қилинишича, бир ҳовлида худди шундай икки ака-ука яшарди. Улардан тақводори қуйи қаватда яшар, фосиқи эса юқори қаватда турарди. Шу фосиқ бир тун ухламай, баъзи улфатлари билан қўшиқ айтиб, мусиқа чалиб, шовқин-сурон қилиб чиқди. Бу ҳол тақводорини безовта қилиб уйқусини қочирди. Шунда у бошини чиқариб фосиқ укасига қичқирди: «Энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар, ўзларини ер ютишидан омонда, деб биладиларми?». Фосиқ ҳам ўрнида жавоб қилади: «Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламайди».
Исломий ҳазорадаги диний эркинлик кўринишларидан яна бири – диний байрамларнинг хурсандчилик ва зийнатларида иштирок этиш. Умавийлар замонида кўчаларда насронийларнинг оммавий тантаналари бўларди. Унда болалар ва руҳонийлик кийимларини кийган дин кишилари олдинда боришарди. Патриарх Михаил бир ажойиб байрамда Искандария шаҳрига қўлида шамлар, хочлар ва Инжиллар кўтарган ҳолда кириб келганди. Шунда коҳинлар: «Парвардигор бизга янги Маркос бўлган Маъмунни йўлбошчи қилиб юборди», деб қичқиришганди. Бу Ҳишом ибн Абдулмалик замонида бўлганди.
Бу одат Ҳорун ар-Рашиднинг замонида ҳам давом этди. Бунда насронийлар қўлларида хочлар кўтарган ҳолда катта намойишлар уюштириб, пасха байрамларини нишонлашарди.
Мақдасий «Аҳсан ат-Тақосийм» китобларида зикр қилишларича, Шероздаги бозорлар насронийларнинг байрамларида безатиларди. Мисрликлар эса хоч солиш байрами вақтида Нилнинг кўтарилишини нишонлашарди.
Мақризий нақл қилишларича, ахшидийлар замонида одамлар «Бут ювиш» байрамини кенг нишонлашарди. 330 ҳижрий йилда «Бут ювиш» байрами ажойиб тантаналар билан байрам қилинди. Муҳаммад ибн Тоғаж ал-Ахшидий Манял оролчасидаги қасрида ўтирар, атрофида мингларча қандил ёқилганди. Халқ машъала, қандил ва шамлар ёқиб унга эргашганди. Қайиқлар насоро ва мусулмонлардан иборат мингларча кишилар билан тўлиб-тошганди. Одамлар кўплигидан майдон ва денгиз соҳилларида қадам босгани жой қолмаган. Ҳамма ўзидаги бор чиройли кийимларни кийиб чиқиб, ўйин-кулги қилди. Бу кеча кўчаларнинг дарвозалари ёпилмади. Талайгина одамлар «Бут ювиш» кечаси ҳаммомга тушса, касалликлардан саломат бўлади, дарддан қутилади, деган эътиқодда ювиндилар.
Бундан ҳам ғаройиб ана шундай дўстона кўринишлар салб урушларида ҳам давом этди. Бунда ғарб салб номи билан Ислом мамлакатларига энг шиддатли тарихий урушларини қилганди. Саёҳатчи Ибн Жубайр ўз саёҳатномасида қуйидагиларни сўзлайди: «Бўлган ҳодисаларнинг ажойиби, икки тоифа – мусулмон ва насоролар ўртасида фитна ўтлари ёниб турса-да, мусулмон ва насоролар дўстлиги ҳеч бир эътирозсиз давом этар, Оврўпага борадиган карвонлар Мисрдан Дамашққа тинимсиз қатнарди. Насороларнинг мамлакатларида мусулмонлар солиқ тўлар, тужжор насоролар ҳам моллари учун мусулмонларга бож тўлашарди. Буларда хавфсизлик яхши таъмин этилган эди. Аҳли ҳарб урушлари билан машғул бўлган бир пайтда улар ўртасида иттифоқ адолат билан бўларди. Одамлар тинчлик-офиятда эди. Дунё ғолибларники эди».
Ислом Ҳазораси (7)
Abdugafur 2008.04.03, Пайшанба 19:25 да чоп этган
Тарих
* * *
Ислом ҳазорасидаги миллий эркинликнинг мисли ўтган асрлар тарихида ҳеч кўрилмаган. Ҳақиқатни ҳурмат қиладиган ғарб тарихчилари бу эркинликни тан олганлар ва уни олқишлаганлар.
Америкалик мистер Драбер шундай дейди: «Халифалар замонидаги аввалги мусулмонлар настурий насоролар ва яҳудийлардан бўлган илм аҳлига муомалада фақат эҳтиром билангина чекланиб қолишмаган. Балки уларга жуда муҳим ишлар топширилди, давлат мансабларига кўтарилди. Ҳатто, Ҳорун ар-Рашид барча мадрасалар назоратини Ҳано ибн Мосвайҳга топширди. У олим яшаган шаҳарга ёки кўз очиб кўрган динига қарамади, балки илм ва маърифатдаги даражасига эътибор қилди».
Машҳур замондош тарихчи Вилз Ислом таълимотларига муносабат ҳақидаги баҳсида шундай дейди: «Ислом ҳазораси ўзидан олдинги бошқа жамоалардаги дунёни чулғаб олган шафқатсизлик ва ижтимоий зулм каби иллатларни камайтирадиган инсоний жамоани пайдо қилди». У Ислом тўғрисида эса бундай дейди: «У шафқат, эркинлик ва биродарлик руҳи билан тўлиқдир».
Сэр Марк Сайс Ҳорун ар-Рашид замонидаги исломий империяни тавсифлаб қуйидагиларни айтади: «Масиҳийлар, бутпарастлар, яҳудийлар ва мусулмонлар ҳукумат хизматида баробар ишлардилар».
Тарном эса: «Дин шоир ва муғаннийлар ишига дахл этмасди», дейди. Левий Бротстая ўзининг «Ўнинчи асрдаги исломий Испания» китобида мана буларни ёзади: «Шартнома котиблари кўпинча насроний ёки яҳудийлар бўлардилар. Насоро ва яҳудийларга топшириладиган вазифалар бўларди. Улар давлатнинг идорий ва ҳарбий соҳаларини тасарруф этардилар. Яҳудийлардан баъзилари ғарбий Оврўпа давлатларидаги элчиликларда халифаларга ноиб, ўринбосар эдилар». Рино арабларнинг Франса, Швейцария, Италия ва Ўрта Ер денгизи оролларида олиб борган юришлари ҳақида шундай дейди: «Мусулмонлар Андалус шаҳарларида насороларга яхши муомалада бўлардилар. Шунингдек, насоролар ҳам мусулмонларнинг ҳис-шуурларини ҳурмат қилиб, фарзандларини хатна қилдирардилар, чўчқа гўшти емасдилар».
Исломнинг сиёсат соҳасидаги конунлари ва тамойиллари фавқулодда тинчликсеварлик ва инсонпарварлик ғоялари асосига қурилган. Бу ҳақиқат мусулмон бўлмаган кўплаб тарихчилар ва илоҳиётчилар томонидан ҳам тан олинган. Дастлаб роҳиб бўлган англиялик тарихчи, Яқин Шарқ тарихи бўйича йирик мутахассис Карен Армстронг ўзининг “Муқаддас уруш” (“Holy Way”) китобида дунёдаги уч илоҳий дин тарихини тадқиқ қилиб, қуйидаги изоҳни беради:
“Араб тилида “Ислом” сўзи “тинчлик” деган сўзнинг ўзагидан олинган. Қуръон урушни Худонинг иродасига зид ғайритабиий ҳолат сифатида қоралайди. Ислом мухолиф томонни йўқотишга қаратилган босқинчилик урушларини таъқиқлайди.
Ислом фақат муқаррар бўлиб қолган ва ҳимояланиш учун бўладиган урушларнигина тан олади ва айрим ҳолларда уларни одамларга қилинаётган ҳақсизлик ва азоб-уқубатларни тузатишга қаратилган эзгу мажбурият сифатида баҳолайди. (Аммо) Қуръон таълим берадики, ҳаттоки, адолатли уруш ҳам қатъий ҳад – чегаралар ҳисобга олинган ҳолда, иложи борича, инсонпарварлик йўли билан олиб борилиши керак. Муҳаммад (с.а.в.) фақатгина Макка мушриклари билангина эмас, балки маҳаллий яҳудий қабилалари, шунингдек, яҳудийлар билан тил бириктириб, унга ҳужум қилишни режалаштирган Суриядаги насроний қабилалар билан ҳам урушишга мажбур бўлганди. Аммо бу ҳолат унинг қалбида душманларига нисбатан нафрат туғдирмади, уни “Аҳли китоблар” (насроний ва яҳудийларни) лаънатлашга олиб келмади. Унинг мусулмонлари ўз ҳаётларини жисмонан ҳимоя қилишга мажбур бўлишди, лекин улар ўз душманларининг динига қарши муқаддас урушга кирганлари йўқ. Муҳаммад (с.а.в.) мусулмон қўшинларига бошлиқ сифатида ўзининг озод қилинган қули Зайдни насронийларга қарши урушга жўнатаётганда, унга Аллоҳ йўлида мардона жанг қилишни, аммо инсонпарварликни унутмасликни буюрган. Улар диний хизматчиларни, роҳиб ва роҳибаларни безовта қилишмасди, урушда қатнашмаётган, нотавон одамлар, аёллар, ёш болалар, кексаларни нишонга олмас, уларга зарар етказмасди. Улар тинч фуқароларни, аҳолини ўлдиришмаган, бино ва уй-жойлардан ҳеч бирини вайрон қилишмаган…»
Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан кейин мусулмонларга бош бўлиб қолган “хулофаи рошидин” (тўғри йўлдаги халифалар) ҳам озод қилинган ўлкаларда маҳаллий аҳоли ва янги кўчиб келганлар учун тинч ва хавфсиз холда аҳил-тотув яшаш имкониятини яратиб беришган. Халифаларнинг биринчиси – Абу Бакр Сиддиқ (р.а.) Сурияга ҳарбий юришга кетаётиб, ўз қўшинларига Қуръони каримнинг ҳақиқат даъватига ёрқин мисол бўлган қуйидаги буйруқни бергандилар:
“Эй инсонлар, мен сизларга чин дилдан амал қилишингиз лозим бўлган ўн қоидани маълум қиламан. Уларни асло эсдан чиқарманг ва тўғри йўлдан адашманг. Болаларни, аёлларни ва кекса кишиларни ўлдирманг. Хурмо дарахтларига ўт қўйманг ва дарахтларни кесманг. Туяларни, подаларни ва бошқа (ҳайвонлар) тўдасини ўлдирманг. Сиз ўзга ишлар, охират дунёсига хизмат қилиш билан машғул одамларни учратасиз. Шунда уларни ўз ҳолига қўйинг. Сизга турли ноз- неъматларни туҳфа қилиб келган одамларни учратасиз, улардан енг, аммо Аллоҳ номини эсга олишни унутманг”.
Халифаликни Абу Бакрдан (р.а.) қабул қилиб олган халифа хазрати Умар (р.а.) ўзининг ўзга динларга хайрихоҳлиги, раҳм-шафқатлилиги ва адолатпарварлилиги билан Ислом дунёсидан ташқарида ҳам маълум ва машҳур эди. У Араб халифалигига қўшилган ерларнинг халқлари билан Исломнинг чинакам адолатпарварлиги ва дин эркинлигига хайрихоҳлигига мисол бўла оладиган қатор битимларини тузди. Масалан, Қуддус ва Лудда насронийлари билан имзоланган хавфсизлик декларациясига мувофиқ шаҳардаги черковлар бузиб ташланмаслиги, мусулмонлар насронийларнинг ибодатхоналарини босиб олмаслиги ва уларда ўзининг ибодатлари ва сиғинишларини амалга оширмаслиги кафолатланганди. Ана шундай шароитлар Байтлаҳм (Вифлеем) насронийларига ҳам яратиб берилганди.
Мусулмонлар томонидан фатҳ этилган халқлар Исломни қабул қилишга зўрлаб мажбурланган, деган сохта даъволар ва тасаввурлар ғарб тадқиқотчиларининг ўзлари томонидан рад қилинди, мусулмонларнинг адолатли ва диний хайрихоҳлик билан муносабатда бўлишини ҳамма тан олди. Бу тўғрида дин тарихчиси Л. Браун шундай дейди: “Насронийларнинг мусулмонлар ўз давлатларига қўшиб олган халқларни қилич билан Исломни қабул қилишга мажбурлаган, деган даъволари ғирт тўқима эканини исбот талаб қилмайдиган далиллар тасдиқлаб турибди. Уларни янги ерларни қўшиб олишга руҳлатган динамик омиллар ўзлари одамларни даъват қилган мусулмон биродарлиги ва иймон эди. Бу биродарликнинг миқёси худди сел каби кенгайиб, Исломни қабул қилган янги одамлар билан тобора тўлиб-тошиб борарди”.
Тарих давомида жуда кенг ҳудудларни бошқарган мусулмон ҳукмдорлар бошқа динларнинг вакилларига фавқулодда ҳурмат ва бағрикенглик билан муносабатда бўлганлар. Ислом давлатларида яҳудий динидагилар ҳам, насронийлар ҳам ҳамиша тўла хавфсизликда, тинч-осойишталикда, диний эркинликда яшаб келганлар.
Салжуқийлар султонлиги ва Усмонлилар империяси даврларида ҳам Исломнинг адолати ва диний бағрикенглиги яққол намоён бўлган. Сэр Томас Арнольд ўзининг “The Preaching of Islam” (“Исломнинг ёйилиши”) китобида насронийларнинг нима учун салжуқийлар давлати таркибига кириш ва уларнинг қўл остида яшашни истаганликлари ҳақида шундай ёзади: “Мусулмонлар қўл остида ўз динларига эътиқод қилишнинг бехавотирлигини англаган христианларнинг туйғулари Кичик Осиё (Онадўли) христианларининг салжуқий туркларини халоскорлар каби кутиб олганликларига сабаб бўлган. Бунинг устига император Михаил VIII ҳукмронлиги даврида (1261-1282) Кичик Осиё майда манзилгоҳларининг христианлари Византия империясининг зулмидан халос бўлиш умидида турклардан ўз давлатларига қўшиб олишни сўраганлар. Бундан ташқари, христианларнинг кўплари бой бўладими ёки камбағал, туркларнинг ўша пайтдаги ерларига кўчиб ўтганлар”.
Салжуқийлар султонлиги энг гуллаб-яшнаган даврларда ҳукмронлик қилган Маликшоҳ фатҳ этилган ерларнинг халқларига бағрикенглик ва меҳрибонлик билан муносабатда бўлган, ҳаттоки мусулмон бўлмаганлар ҳам уни чинакамига севиб, ҳурмат қилганлар. Барча холис тарихчилар Маликшоҳнинг адолати ва бағрикенглигини тан олганлар. Унинг ахлоқи ва олийжаноблиги аҳли китоблар қалбида ҳам унга муҳаббат уйғотган. Кичик Осиёдаги кўпгина шаҳарларнинг аҳолиси Маликшоҳ ҳукмронлиги остига ихтиёрий равишда ўтишга қарор қилишганки, бу тарихда кам учрайдиган ноёб ҳодисадир.
Эътиқодлари учун таъқиб, ўлим ва ваҳшийликларга дучор қилинган, кейинчалик эса Испания ва Португалия католик ҳукмдорлари томонидан қувғин қилинган яҳудийлар Усмонли империя ерларида ором-осойишталик топганлар. Султон Боязид II ҳукмронлиги даври диний бағрикенгликка ёрқин мисол бўла олади. У 1492 йилда Испаниядан қувғин қилинган яҳудийларни қарамоғидаги Эдирне, Ливадия, Тирхала каби шаҳарларга жойлаштирган. Ҳозирги кунда Туркияда яшаётган 25 мингдан зиёд яҳудийлар ўша даврда мусулмонлар юртидан паноҳ топган яҳудийларнинг авлодларидир. Султон Боязид II томонидан намойиш этилган меҳрибонлик ва диний бағрикенглик Мовароуннаҳр ҳукмдорларига ҳам хос нарса эди. Амир Темур салтанатига қарашли барча шаҳарларда ва қишлоқларда фуқароларга эркин яшаш, ўз динлари томонидан буюрилган диний қонунлар ва урф-одатларга риоя қилиш ҳуқуқини бериб қўйганди.
Жоржтаун университети (АҚШ)нинг дин ва миллатлараро муносабатлар профессори Жон Л. Эспозито мусулмон давлатлари бошқаруви остига ўтган яҳудийлар ва насронийлар дуч келган диний бағрикенглик ва эътибор ҳақида шундай ҳикоя қилади: “Византия ва Форс ерларида яшаган ва ҳамиша келгинди ҳукмдорлар қўл остида бўлган номусулмон жамоалар учун Ислом ҳокимияти атиги маъмурият алмашинуви бўлган, шу билан бирга бу ҳукмронлик муросагўйроқ ва бағрикенгроқ эди. Ана шу халқларнинг кўпчилиги мусулмонлар қўл остида катта мустақиликка эришиб, солиқларни ҳам анча кам тўлайдиган бўлдилар. Мусулмонларнинг диний бағрикенглигига келсак, Исломнинг яҳудийлар ва маҳаллий насронийларга аввалги ҳукмдорлар давридагига қараганда, кўпроқ диний эркинлик берган ва қадрлаган дин эканлиги маълум бўлади”.
Исломдаги эркинлик ва улардаги таассубни исботлаш тўғрисидаги бу баҳсни тарафкашликдан холи буюк насроний олимлардан бирининг шоҳидлиги билан якунлаш маъқул бўларди. Ўн иккинчи асрнинг иккинчи ярмида яшаган Антокия патриархи Улуғ Михаил Шарқий канисаларнинг исломий ҳукм остига ўтганига беш аср бўлгандан кейин мусулмонларнинг бағрикенглиги, Румнинг эса Шарқий канисаларни қувғин қилиши ҳақида сўзлаб шундай дейди: «Қувват ва жабарутда ёлғиз бўлган, хоҳлаганига бериб, тубанни кўтарадиган, хоҳлаганича башар давлатини бошқарадиган интиқом илоҳи қувватга таянган, канисаларимизни барча мол-мулки билан тортиб олган ва раҳм-шафқатсиз азобларга гирифтор қилган Румнинг ёмонликларини кўрган пайтда, Жануб (Араб жазираси)дан Исмоил фарзандлари (араблар)ни бизни Рум исканжасидан қутқариш учун юборди. Бизнинг Рум шафқатсизлиги, озори, қутуриши ва бизга қарши кучли қатъиятидан халос бўлишимиз ва ўзимизни амну-омонда кўришимиз кичик ютуқ бўлмади».
Густав Лобоннинг ушбу сўзига эътибор беринг: «Албатта, халқлар араблардек раҳмдил ва бағрикенг фотиҳларни, динларидек самоҳатли – эркин динни кўрмаган». Бу сўз мусулмонларга инсоф қилишдан кўра ҳақиқатга инсоф қилиш эмасми?!
“Ислом Ҳазораси”
Ислом Ҳазораси (8)
Abdugafur 2008.04.20, Якшанба 00:00 да чоп этган
Тарих
Ислом ҳазорасидаги инсоний ўзига хослик томонларидан яна бири ҳақида сўз очиш керакки, бунда ҳам бу ҳазора бошқалари аро танҳодир. Гўзал хулқлилик, кўнгилчанлик, заифларга нисбатан раҳмдиллик, қўшни ва яқинлар билан яхши муомала қилиш ўта ёввойи бўлган миллатларнинг ҳам тинчлик вақтида қўлидан келадиган ишлардир. Лекин урушда гўзал муомала, душманга нисбатан кўнгилчанлик, ёшлар, аёллар ва қариларга раҳм қилиш, мағлубларга бағрикенг бўлишнинг уддасидан ҳар қандай миллат ҳам чиқавермайди. Ҳар қандай уруш қўмондони ҳам бундай сифатларга эга бўлавермайди. Зеро, қон кўриш қонни қайнатади, адоват эса қаҳр ва ғазаб ўтларини ёндиради. ўалаба шавқи фотиҳларни маст қилиб, қасос ва интиқом олишдек номаъқулчиликларига сабаб бўлади. Бу эски-ю янги давлатларнинг тарихидир. Балки бу Қобил иниси Ҳобилнинг қонини тўккандан буёғидаги инсоният тарихидир: «Ўшанда икковининг қурбонликлари бировидан қабул қилинган, иккинчисидан қабул қилинмаган эди. Шунда у «Қасамки, сени ўлдирурман», деганида, биродари айтди: «Аллоҳ фақат тақводорлардангина (қурбонликларини) қабул қилур» (Моида сураси, 27-оят)
Янги ҳазора вужудга келган пайтда олам барчаси ўрмон қонуни бўйича яшарди. Кучли заифни ўлдирарди. Қуролли қуролсизни тунарди. Уруш эса ҳеч бир қайдсиз, чегарасиз ва жоиз-ножоизга ажратилмаган ҳолда барча шариат, диёнат, миллат ва халқларда эътироф этилган қонун эди. Куч-қудратли томон ўзга бир миллатнинг ерини босиб олиш, эътиқодидан воз кечишга мажбурлаш ва эркаг-у аёлини талашга қодир бўлгани учун бу ишларни гуноҳ санамай бемалол қилаверарди. Исломий ҳазора инсониятни тажовузкор ҳайвоният даражасига тушириб қўйган бу золим қонунни тан олишга рози бўлмади. Балки миллатлар ўртасидаги алоқалар ўзаро танишув ва ёрдамлашув асосига биноан бўлишини эълон этди: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишинглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик» (Ҳужурот сураси, 13-оят). Шу сабабдан тинчлик халқлар ўртасидаги табиий алоқа бўлиб қолди: «Эй мўминлар, тинчликка барчаларингиз киришингиз» (Бақара сураси, 208-оят).
[/Бир миллат бошқасига уруш ва душманчиликдан ўзгасини хоҳламаса, у ҳолда бу миллатга қаршилик кўрсатиш учун тайёр туриш лозим бўлади. Чунки тайёргарликни тарк этиш душманликка ундайди ва уни тезлатади: «(Эй мўминлар), улар учун имконингиз борича куч ва эгарланган отларни тайёрлаб қўйингизки, бу билан Аллоҳнинг ва ўзларингизнинг душманларингизни қўрқувга соласиз» (Анфол сураси, 60-оят). Агар у миллат душманлик ниятидан қайтса ва тинчликни маъқул кўрса, наригиси ҳам тинчлик сари интилиши лозим: «Агар улар сулҳга майл қилсалар, сиз ҳам унга мойил бўлинг ва Аллоҳга таваккул қилинг» (Анфол сураси, 61-оят). Агар у урушдан ўзгасини истамаса кучни куч билан енгилади, душманликни худди шундай душманлик билан даф этилади: «Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз» (Бақара сураси, 190-оят).
Ислом ҳазораси асослари мана шу ерда урушни босиб олиш, мол-мулкни талон-тарож қилиш ва халқлар эркини таҳқирлаш учун бўлишини ҳаром, деб эълон қилди. Зотан, қонуний, машруъ урушлар икки ғоя учун бўлади: биринчиси – миллатнинг ақида ва ахлоқи ҳимояси учун. Иккинчиси – халқнинг ҳуррияти, истиқлоли ва тинчлиги учун бўлади. «То фитна тугаб, бутун дин Аллоҳ учун бўлгунга қадар улар билан урушингиз!» (Бақара сураси, 193-оят).
Ақида эркинлиги уруш эълон этган миллатнинг ўзигагина матлуб эмас, балки у барча эътиқодлар эркинлигига кафил бўлиши ва ҳамма динларнинг ибодат жойларини ҳимоя қилиши лозимдир: «Агар Аллоҳ одамларнинг айримларини айримлари билан даф қилиб турмас экан, шубҳасиз, Аллоҳ номи зикр қилинадиган (роҳибларнинг) узлатгоҳлари, (насронийларнинг) бутхоналари, (яҳудийларнинг) ибодатхоналари ва (мусулмонларнинг) масжидлари вайрон қилинган бўлур эди» (Ҳаж сураси, 40-оят).
Ҳазора даъват қилган нарсаларнинг энг ажиби, бошқа халқлардаги хор, заифларни ҳимоя қилиш ўзининг ҳуррият ва ҳурматини ҳимоя қилгандек вожиб эканидир… «(Эй мўминлар), сизларга нима бўлдики, Аллоҳ йўлида ва «Парвардигоро, бизни эгалари золим бўлган шаҳардан озод қил ва бизга ўз ҳузурингдан бир дўст бергин, бизга ўз ҳузурингдан бир ёрдамчи қилгин», деяётган эркаклар, аёллар ҳамда болалардан иборат бўлган бечоралар (ни озод қилиш) йўлида жанг қилмаяпсизлар?!» (Нисо сураси, 75-оят). Ислом ҳазораси уруш қоидалари мана шулардир. Адолат, раҳмдиллик ва вафо – булар ҳарбий ахлоқ кўринишларидир.
Афтидан исломий ҳазоранинг урушдаги тинчликпарварлик руҳини кўрсатишга бунинг ўзи кифоя қилмайди. Зеро, қонунларнинг ўзигина миллатнинг улуғлигига, инсонийлигига далил бўла олмайди. Қанча миллатлар бор: ўзлари одамларга энг олий қонунларни кўз-кўз қилишади. Лекин энг бешафқат, чиркин, инсонийлик ва раҳмдилликдан узоқ қонунлар билан яшашади. Диёримиздаги мустамлакачилик ҳодисалари ҳеч кимга сир эмас. Унинг фожеалари, шафқатсизликлари ҳамон кўз ўнгимизда.
Хўш, Ислом ҳазорасида ушбу олийжаноб қонунларнинг амалий татбиқи қандай бўлган? Ҳаммасидан олдин Ислом ҳазораси йўлбошчиси, унинг асоси ва шариатини қўювчиси Расулуллоҳдан (с.а.в.) бошлайлик. У зот ҳазора ахлоқи, ҳадафи ва рисолатидан ростгўй таъбирдирлар. Биз анбиё, расул ва муслиҳлардан бирортасининг ўз даъвати йўлида Расулуллоҳдек (с.а.в.) азоблангани, қувғин қилингани, озор берилганини билмаймиз. Ўн уч йил Маккада… Бу йилларнинг ҳаммаси бу зот ва жамоатларига ҳийла, озор, ҳақорат ва азоб-уқубатга тўлиқ бўлган. Ҳаётлари ва асҳобларининг ҳаётига тинимсиз суиқасдлар уюштирилган. Ўн йил Мадинада… У узлуксиз кураш ва маъракалар муддати. Ҳарб либосини фақат ўлимларидан озгина олдин Араб жазираси буткул у зотга бўйин эггандагина ечганлар! Ким урушга кирса, қилич кўтарса, ўлдирса, ўлдирилса, қувғин ва адоват нишони бўлса, қонга шавқли ва интиқомга ўч одамга айланади. У ҳолда, Расулуллоҳнинг урушлардаги хулқлари қандай бўлган? Ҳазора соҳиби ўзлари эълон этган асосларни қай тарзда татбиқ этганлар?..
Пайғамбар тавсияларига риоя этмаган мусулмонлар Уҳудда мағлуб бўлишган, душманлар ўраб олиб ўлдиришга ҳаракат қилаётган пайтда асҳоблари у зотни фидокорлик билан ҳимоя қилишди. Расулуллоҳ урушда жароҳатландилар. Олд тишлари синиб, юзлари ёрилди. Дубулғаларининг икки халқаси ёноқларига кириб кетди. Шунда саҳобалардан баъзилари: «Уларни дуоибад қилсангиз, эй Расулуллоҳ», дейишди. У зоти бобаракот: «Мен лаънатловчи қилиб юборилмаганман. Балки даъватчи ва раҳмат қилиб юборилганман… Эй Аллоҳ, қавмимни ҳидоят қил, чунки улар билмайдилар», дея дуо қилдилар. Урушда эҳтиёжманд бўлинадиган ҳақиқат мантиғи мана шудир. Қон тўкишга чанқоқ бўлиб эмас, адашганларни ҳидоятга рағбат этиб урушадиган Пайғамбарнинг мантиғи мана шудир.
Уҳуд жангида Пайғамбарнинг амакилари – араб ботирларининг машҳури Асадуллоҳ Ҳамза ўлдирилди. Уни Ваҳший исмли киши Абу Суфённинг хотини Ҳинднинг ундови билан ўлдирди. Чавандоз жонсиз қулаган пайтда Ҳинд Ҳамзанинг юрагини пайпаслай бошлади ва уни суғуриб олди. Сўнг ғазаб ва интиқомдан уни чайнаб-чайнаб ташлади! Кейинчалик Ҳинд муслима, Ваҳший мусулмон бўлди. Расулуллоҳ бунга қандай муносабатда бўлдилар. Ҳинд учун истиғфордан бошқа нарсани зиёда қилмадилар. Ваҳшийнинг Исломини қабул қилиб, унга: «Биздан узоқда яшашга имконинг бўлса, шундай қил», дедилар. Расулуллоҳнинг амакилари қотилига ва юрагини чайнаган аёлга бўлган муносабатлари мана шундай!
Урушлардан бирида Расулуллоҳ душман томондан бир аёл ўлдирилганини кўриб қолдилар. Бундан қаттиқ дарғазаб бўлиб, бу ишни қораладилар ва: «Мен сизларни аёлларни ўлдиришдан қайтармаганмидим? Ахир бу урушмаганди-ку!» дедилар. Расулуллоҳ қўшинларга бошчилик қилиб, инсоний асосларини мана шундай татбиқ этардилар.
Макка фатҳ бўлган пайтда Расулуллоҳ унга ўн минглаб ботир қўшинлари билан музаффар ҳолда кириб келдилар. Қурайш таслим бўлганди. У Расулуллоҳнинг оёқ остларида, йигирма бир йиллик курашдан кейин Каъба эшиги олдида Пайғамбарнинг ҳукмини кутиб турарди… Пайғамбар (с.а.в.) эса бу сўзлардан ортиқ гапирмадилар: «Эй Қурайш жамоаси! Нима деб ўйлайсизлар, мен сизларга қандай ҳукм қиламан?..» Улар: «Фақат яхшилик, эй яхши ва яхшининг ўғли!» дейишди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): «Бугун мен сизларга биродарим Юсуф бундан олдин айтган сўзини айтаман: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Аллоҳ сизларни мағфират қилгай. У зот раҳм қилгувчиларнинг раҳмлироғидир». Бораверинглар, сизлар эркинсизлар…» дедилар. Бу мисолларда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом обрў ва салтанати учун ҳаракат қиладиган, ғалаба нашъаси эсанкиратиб қўйган қонхўр қўмондон эмас, балки инсониятга эзгуликни ўргатувчи муаллим эканликлари яққол кўриниб турибди.
У зотнинг саҳобалари, ўзларидан кейинги халифаларнинг уруш ва футуҳотлардаги сийратлари мана шу нурдан бир шуъла, ана шу йўлдан бир тариқа ва ана шу асосларнинг ижросидир. Улар энг машаққатли пайтларда ҳам ўзларини йўқотиб қўймадилар. Футуҳотлардаги буюк ғалабаларда ҳам ўз асосларини унутмадилар.
Лубнон аҳолисидан айримлари ўз ҳокимлари Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббосга қарши исён кўтаришди. Али ибн Абдуллоҳ ибн Аббос уларга уруш очиб ғалаба қозондилар. Шунда улардан бир қисмини диёрларидан бошқа жойга сургун қилишни маъқул иш, деб билдилар. Бу нарса ҳозирги кунда энг тараққий этган миллатларнинг ҳокими бериши мумкин бўлган энг шафқатли жазодир. Шунга қарамай, Шомнинг имоми, мужтаҳиди ва олими бўлган имом Авзоъий Лубнон волийсига қилган ишларини, лубнонликларнинг айримларини ватанларидан сургун қилиши ва исёнда иштирок этганлар билан бирга иштирок этмаганларни ҳам қўшиб жазолашини қоралаб хат жўнатди. У зот ёзган мактуб ичида қуйидаги жумлалар бор эди: «Лубнон тоғида сургун қилинган зиммийларнинг ичида исён қилганларга, сен билан урушганларга мойил бўлмаганлар бор. Билишимча, уларнинг баъзиларини ўлдиргансан, баъзиларини масканларига қайтаргансан. Қандай қилиб, хоснинг гуноҳи учун ом мол ва дунёларидан жудо қилиб жазоланади. Ваҳоланки, Аллоҳ таолонинг ҳукми бировнинг гуноҳини бошқага юкламаслик эди-ку! Бу ҳукм ўйлаб, эргашишга етарли эмасми?! Ёдлаб, риоя этиладиган тавсияларнинг энг ҳақроғи – Расулуллоҳнинг (с.а.в.) тавсиялари эса ушбудир: «Ким аҳдлашилган кишига зулм қилса ёки унга тоқатидан ташқари ишни буюрса, қиёмат куни унга душмандирман». Бу мактубни ўқиган Лубнон волийси уларни ҳурмат-эҳтиром қилган ҳолда уй-жойларига қайтариб келди!
Халифалик Умар ибн Абдулазизга ўтган пайтда Самарқанд аҳлидан бир жамоа у зотга элчи бўлиб келди. Улар диёрларидаги мусулмон қўшин қўмондони Қутайба шаҳарларига киргани ва адолатсиз равишда мусулмонларни у ерга жойлаштиргани тўғрисида шикоят қилиб келишганди. Умар ибн Абдулазиз Самарқанддаги волийсига мактуб ёзиб, уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун бир қози тайин этишни, агар қози мусулмонларни Самарқанддан чиқаришга буюрса, уларни чиқаришни амр этди. Волий Жамиъ ибн Ҳозир ал-Божий уларнинг шикоятини кўриб чиқиш учун қози тайинлади. Қози эса мусулмон бўлгани ҳолда мусулмонларни у ердан чиқаришга, бундан сўнг исломий қўшин қўмондони уларни огоҳлантиришига ва исломий уруш қоидаларига биноан уларга уруш эълон этиши лозимлигига ҳукм қилди! Тоинки, аҳли Самарқанд довдираб қолмасдан мусулмонларга қарши урушга тайёрлансин! Аҳли Самарқанд бу ҳолни кўриб, қўшинининг ва қўмондонининг зарарига бўлса ҳам, адолат ила ҳукм юргизаётган давлатнинг тарихда мисли йўқ, деган фикрга келишди! Ва: «Бу миллатга қарши курашилмайди. Чунки унинг ҳукми раҳмат ва неъматдир», дейишди. Шундан сўнг исломий қўшиннинг қолишига рози бўлишди ва мусулмонларнинг ораларида яшашларини маъқул кўришди.
Кўряпсизми… Қўшин шаҳарни фатҳ қилиб, унга киряпти. Мағлублар эса музаффар давлат устидан шикоят қиляпти. Қозиси эса ғолиб қўшиннинг зарарига ҳукм қилиб, уларни чиқиб кетишга, ундан сўнг фақат шаҳар аҳли рухсат берсагина киришга буюряпти!..
Ислом қўшинлари Дамашқ, Ҳимс ва Суриянинг бошқа шаҳарларини фатҳ этган пайтларида ерли аҳолидан уларни ҳимояси ва мудофааси эвазига солиқ олади. Ҳирақл улар билан ҳал қилувчи жангда тўқнашиш учун катта қўшин тўплаётганини эшитган қўмондонлар фатҳ этилган шаҳарларни ташлаб чиқиб, Румга қарши урушиш учун бир жойда йиғилиш керак, деган фикрга келишди. Холид Ҳимс аҳлини, Абу Убайда Дамашқ аҳлини, бошқа қўмондонлар қолган шаҳарларнинг аҳолисини йиғиб: «Биз сизларни ҳимоя ва мудофаа қиламиз, деб молларингизни олган эдик. Ҳозирда эса сизларни ҳимоя қилишга қодир эмасмиз. Мана сизларнинг молларингиз, олинглар», дейишди. Ушбу шаҳарларнинг аҳолиси: «Аллоҳ сизларга ғалаба ато этсин. Аллоҳга қасамки, сизларнинг ҳукм ва адолатингиз Румнинг жабр ва зулмидан яхшидир. Аллоҳга қасамки, улар сизнинг ўрнингизда бўлишганда, олган нарсаларини қайтариб беришмасди. Балки кўтара олган ҳамма нарсани ўзлари билан олиб кетишарди!» дейишди. Ҳозирги қўшинлар эса бирор шаҳардан чекинишга мажбур бўлганида, унда душман фойдаланиши мумкин бўлган ҳеч нарса қолдирмаган бўлур эди.
Мўғул-татарлар билан Шомда бўлган урушда уларнинг қўлига мусулмон, насоро ва яҳудийлардан жуда кўпчилик асирга тушиб қолди. Шунда шайхулислом Ибн Таймия татарларнинг амири билан асирлар ва уларни озод қилиш иши бўйича музокара олиб борди. Амир у кишига насоро ва яҳудий асирларни қолдириб, фақат мусулмон асирларни озод қилишини айтди. Шайхулислом бундан бош тортдилар ва: «Сен қўлингдаги аҳли зимматдан бўлган яҳудий ва насороларнинг ҳаммасини озод қилишинг лозим. Биз аҳли миллатдан ҳам, аҳли зимматдан ҳам бирор асирни қолдирмаймиз», деб жавоб қилдилар.
Ўрта асрларда ғарбликлар мусулмонларга қарши олиб борган салб урушларининг тарихидан яхши хабардорсиз. Мағлубларга нисбатан сургун қилиш, хиёнат, қон тўкиш ва қасос олишлар ҳақида эшитгансиз?! Қон дарёсида сузиб, қандай завқ ва лаззат олганлари ҳақидаги солномалар билан танишсиз.
Салбчилар иккинчи ҳамлада «Маъратун Нўъмон» номли жойга етиб келиб, уни қамал қилишди. Ерли аҳоли ҳамла раҳнамоларидан жонлари, моллари ва обрўлари муҳофазаси учун ишончли аҳдномалар олгандан кейин таслим бўлишди. Улар эса шаҳарга кириб-кирмай, шундай ваҳшийликларни қилдиларки, буни кўрган болалар қариб кетади. Шу урушда қатнашган айрим фаранг муаррихларининг чамалашича, эркагу аёл, ёшу қари ўртасида ўлдирилганлар сони юз мингга етган! Сўнг улар Байтул Муқаддас томон юришларини давом эттирдилар ва унинг аҳлига қамални кучайтирдилар. Шаҳар аҳолиси мағлуб бўлганини билгач, иложсиз юриш қўмондони Танкарддан жонлари ва молларига омонлик сўрадилар. Қўмондон уларга «Масжидул Ақсо»да кўтариб, ҳар нарсадан омонда бўлиш учун ўз байроғини берди. Шундан сўнг қўшин шаҳарга кирди. Энди ҳолатни бир тасаввур қилинг. Қуддус аҳолиси тепасида омонлик байроғи ўрнатилган Ақсо масжидига тўпланишди. У ерни қарилар, аёллар ва болалар тўлдирганда, улар қўй бўғизлангандек бўғизландилар. Ибодатхонада шунчалик қон оқдики, ҳатто отлиқларнинг тиззасигача етиб борди. Шаҳар ичидаги барча жонзот қириш билан тозаланди. Ҳатто, кўчалар янчилган бош чаноқлари, кесилган билак ва оёқлар, қиймаланган жасадлар билан тўлиб-тошганди. Тарихчиларимизнинг зикр қилишича, фақат Ақсо масжидининг ичида ўлдирилганлар сони етмиш мингга етади! Уларнинг ичида аёл ва гўдаклардан ташқари имомлар, обид ва зоҳидлар жамоаси ҳам бор эди. Бу ваҳшийликларни ғарб тарихчилари инкор қилмайдилар.
Ислом Ҳазораси (8)
Muhammad 2008.05.02, Жума 00:00 да чоп этган
Тарих
Мана шу хунрезликлардан 90 йил ўтиб, Қоҳира султони Салоҳиддин Айюбий Байтул Муқаддасни фатҳ этди. Хўш, у нима қилди?.. Ўша пайтда Қуддусда юз мингдан ортиқ ғарблик бўлиб, Салоҳиддин уларнинг жонлари ва молларига омонлик берди. Фақат қодир бўлганларига тўлашлари учун арзимас маблағ белгилаб, ҳаммаларига шаҳардан чиқишга рухсат берди. Чиқиш учун қирқ кун муҳлат белгилади. Кейин эса фақирлардан кўпчилигини фидясиз қўйиб юборди. Фотиҳ Салоҳиддиннинг акаси Одил подшоҳ фақирлардан икки мингтасига ўз ёнидан фидя тўлади. Аёлларга эса, ҳозирги замондаги энг аслзода музаффар подшоҳ ҳам қилолмайдиган муомалани қилди. Фаранг патриархига бўлса, шаҳардан чиқишни хоҳлаганда, ўзи билан бирга Сахра, Ақсо, Қиёмат ибодатхоналарининг миқдорини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайдиган бойликларини олиб чиқиб кетишига рухсат берди. Салоҳиддиннинг баъзи аъёнлари ана шу улкан бойликни олиб қолишни таклиф қилишганда, буюк фотиҳ уларга: «Мен унга хиёнат қилмайман», деди-да, ундан бошқа оддий кишилардан қанча олган бўлса, шунча фидя олди.
Яна Салоҳиддиннинг Қуддусни фатҳ қилишда амал қилган инсоний ишларидан кишини ҳайратга соладигани мана бу воқеадир: у Қуддусдан узоқлашган ғарбликлар тўдасини ҳомий биродарларига, яъни Сувар, Сайда каби салбчилар ўчоғига тинч-омон етказиб қўйиш учун уларга одам қўшиб жўнатди. Ваҳоланки, ўша пайтда Салоҳиддин улар билан уруш ҳолатида эди!!! Жизяни тўлаган аёллардан кўпчилиги тўпланиб, султон олдига келди. Улар асир олинган ёки ўлдирилган аскарларнинг озиқ-овқатсиз, бошпанасиз хотинлари, оналари ва қизлари эканликларини айтишди. Султон уларнинг йиғлаётганини кўриб, таъсирланган ва раҳми келган ҳолда йиғлаб юборди. Сўнг уларнинг асир эркакларини излашга, топилганларини хотинларига топширишга, аммо қариндош-уруғлари ўлиб кетганларга эса, кўпгина мол бериб юборишга амр этди. Аёллар қаерга борсалар, унга мақтов-миннатдорчилик, ҳамду сано айтардилар. Сўнг султон озод қилинган одамларга аёллари ва болалари билан Сувар ва Акодаги бошқа қочоқ биродарларига бориб қўшилишига рухсат берди. У Қуддус фатҳ бўлгандан кейин уни тарк этган айрим фуқаролар Антокияни кўзлаб кетаётган, Антокиянинг салбчи амири эса, уларни қабул қилишдан бош тортаётган ва улар қаерга бош уришни билмай турганларида, мусулмонлар уларга бошпана берган пайтларида бу ишни қилди.
Албатта, Салоҳиддиннинг ғарбликлар билан салб урушларидаги ҳикоялари афсоналарга ўхшайди. Агар ғарбликларнинг бу ўлмас қаҳрамонларнинг эзгуликлари, олий ахлоқидан ажабланишлари, ҳайратга тушишлари бўлмаганда эди, муаррихларимизни ошириб юборганликда айблашга имкон топиларди. ғарбликларнинг ўзлари Салоҳиддин ҳақида ушбуларни зикр қилишади: «Салб урушлари саркардаларининг энг буюк ва шижоатлиси, шерюрак Ричард касал бўлиб қолганининг хабари унга (Салоҳиддинга) етиб боради. Салоҳиддин унга хос табибини юборади. Табиб ўзи билан бирга дори-дармон ва бу салбчи саркарда топа олиши мушкул бўлган мевалардан олиб боради. Бу воқеа уларнинг ўртасида уруш қизиган, қўшинлар жанг қилаётган пайтда бўлди! Яна ғарбликлар эслашларича, бир аёл султон Салоҳиддиннинг чодирига йиғлаб, қарғаниб кириб келди. У султонга аскарларидан иккитаси боласини ўғирлаб кетганидан шикоят қилди. Буни эшитган Салоҳиддин йиғлаб юборди ва болани излаш, топиб онасига топшириш учун одам жўнатди. Аёлни эса, қўриқчи билан жамлоғига эсон-омон юборди».
Султон Муҳаммад Иккинчи Қустантинияни фатҳ қилган пайтда Аё-Сўфия канисасига кирди. Унга каниса ходимлари яширинишганди. Султон уларни ҳусни қабул қилиб, ўз ҳимоясига олишини таъкидлади. Канисадаги қўрқиб кетган масиҳийлардан уйларига соғ-саломат қайтишларини сўради. Шундан сўнг масиҳийларнинг ишларини тартибга солди. Уларга ўзларининг хос канисаларига, миллий қонунларига ва шахсий ҳолатларда (оилавий масалаларда) ўз урф-одатларига бўйсуниш ҳуқуқини берди. Попларда ўз патриархларини сайлаш ихтиёрини ҳам қолдирди. Улар Гандиусни патриарх қилиб сайлашди. Султон эса унинг сайланишини византияликлар даврида одат бўлган дабдабабозлик билан байрам қилиб берди. Ва унга: «Мен билан ҳар қандай вақт ва ҳолатда дўст патриарх бўлгин ва ўзингдан олдингиларга берилган ҳуқуқ ва имтиёзларнинг барчасидан бемалол фойдаланавер», деди. Сўнг унга чиройли от ҳадя қилди. Ўзининг иккишорийлар деб номланган қўриқчиларидан бир нечтасини унинг ҳимояси учун тайин этди. Сўнг Муҳаммад Фотиҳ проваслав канисасининг қонунларини эътироф этиб, ўз риояси остига олди. Шаҳар фатҳ қилинган куни тортиб олинган муқаддас осори-атиқаларнинг ҳаммасини йиғиб, сотиб олди ва канисаларга топширди!
Бу ишларни Султон Муҳаммад Фотиҳ Қустантинияни фатҳ қилиш чоғида ўзи билан масиҳийлар ўртасида тузилиб, амал қилиниши лозим бўлган шартномаларсиз амалга оширди. Бу ҳимоя ва риояни ўз ихтиёрича қилдики, бу ҳолат уларни бундан кейин Византия давлати риоясида бўлган пайтларига қараганда, янги мусулмон давлат риоясида кўпроқ тинч, саломат ва диний эркин бўлишларига ишонтирди. Усмонли қаҳрамонлар юнон, булғор ва ўзлари фатҳ қилган бошқа қўшни давлатлардаги масиҳий раийятларга ҳам чиройли муомалаларида давом этдиларки, бу ҳол Оврўпанинг бошқа жойларида кузатилмаган эди. Ҳатто, Можаристон ва Трансилваниядаги Келфиннинг одамлари ва масиҳийларнинг яккахудочилик мазҳабидаги кишилар мутаассиб Хепсибург оиласи қўлига тушиб қолишдан кўра, туркларга бўйсунишни афзал билишди!
Сисилиядаги протестантлар эса Туркияга қизиқиш кўзи билан қарашар, диний эркинликни исломий ҳукмга бўйсуниш билан сотиб олишни орзу қилишарди. Мусулмонлар ҳукми остидаги масиҳийларга мана шундай мукаррам диний эркинлик билан муомала қилиб турган бир пайтда, Оврўпа мамлакатларидаги масиҳийлар ҳокимларининг зулмидан, диний тоифаларнинг қон тўкиш, фитна ва қўрқув ёйилишига сабаб бўладиган бир-бирига қарши таассубидан жабр тортарди. XVII асрда Антокия патриархи Макориуснинг поландиялик католиклар провослав биродарларига қарши олиб борган репрессиялари ҳақида айтган сўзларига қулоқ солинг: «Биз барчамиз шу қирқ, эллик йил ичида анави дин душмани бўлган бадбахт зиндиқлар (яъни, католиклар), қўлида қатл этилган мингларча шаҳидларга дарё-дарё кўз ёши оқиздик. Ўлдирилганлар сони етмиш минг бўлиши мумкин. Эй сиз хоинлар! Эй ифлос, разиллар! Эй тошюраклар! Роҳибалар, заифа аёллар сизларга нима қилди? Бу ўлдирилган қизалоқлар ва гўдакларнинг гуноҳи не? Поландияликларни нима учун малъунлар, деяпман? Чунки улар ўзларини бузуқ бутпарастлардан ҳам тубан ва шафқатсиз эканликларини кўрсатиб қўйишди. Бу ўзга мазҳабдагиларга бешафқатликларидан ҳам кўриниб турибди. Улар бу билан провослав номини йўқ қиламиз, деб ўйлайдилар. Аллоҳ турк давлатининг бақосини абадул-абад давомли қилсин. Улар ўзлари буюрган жизянигина оладилар. Динлар билан ишлари йўқ. Раийатлари масиҳийми, яҳудийми, сомирийми – ҳаммаси баробар. Аммо анави малъун поландлар бўлса, масиҳий биродарларидан солиқ ва ушрларни олиш билан қаноатланмайдилар. Ваҳоланки, уларнинг хизматига чин кўнгил билан бел боғланган бўлса».
Султон Муҳаммад Фотиҳнинг Аё-Сўфияга, Қустантиниядаги масиҳларга эҳтироми ҳақида сўз борар экан, салбчиларнинг Оврўпадан келиб, Қустантинияни 1204 йилда истило қилишган пайтдаги ишларини зикр этиш лозим. Папа Энсент Учинчи уларнинг ўз биродарлари провославларга қилган ишларини тавсифлаб шундай дейди: «Масиҳийликнинг катта душмани (яъни, Ислом)га қарши қиличларини яланғочлашлари лозим бўлган Масиҳнинг издошлари ва динининг мададкорлари ҳаром этилган масиҳий қонни тўкдилар ва унинг баҳрида ғарқ бўлдилар. Улар динни, ёшни ва жинсни ҳурмат қилмадилар. Куппа-кундузи зино қилдилар. Қўшиннинг ваҳшийлигига роҳибалар, бокира қизлар ва оналар қурбон бўлди. Улар императорнинг бойликларини тортиб олиш, фуқаронинг бор-йўғини талон-тарож қилиш билан кифояланмадилар. Балки қўлларини каниса ерларига, мол-мулкига ҳам узатдилар, канисалар ҳурматини тўкдилар, уларнинг иконалари, хочлари, осори-атиқалари ва обидаларнинг ашёларигача тортиб олдилар».
Муаррих Шарл Дел айтган мана бу сўзларга қулоқ тутинг: «Маст аскарлар Сент-Сўфиё канисасига киришди. Муқаддас китобларни йўқ қилиб ташладилар. Шаҳидларнинг суратларини оёқ остида тепкиладилар. Бир зинокор аёл патриархнинг курсисига чиқиб олиб, бор овози билан қўшиқ айтди! Шаҳарнинг санъат намуналари йўқ қилинди. Ҳайкалчалар пул зарб қилиш учун эритилди». Бу аламли ҳодисаларга шоҳид бўлган роҳиблардан бири шундай эътироф қилади: «Муҳаммад (с.а.в.)нинг издошлари шаҳарга кирганида, масиҳнинг қўшинлари қилган муомалани қилмаганди».
Мусулмон фотиҳларнинг Андалусдаги ахлоқлари, мағлубларга кўрсатган гўзал муомалалари, меҳрибонликлари ва ҳис-туйғуларни риоя қилишлари билан испанлар ўарнота (Гранада – Андалусдаги охирги Ислом мамлакати)ни истило қилган пайтларидаги ишларини бир-бирига қиёслаш шарт эмас. Улар мусулмонларга динлари, масжидлари, моллари ва жонларини ҳурмат қилишга тааллуқли олтмишдан ошиқ аҳдномалар беришди. Лекин бирор аҳдномага риоя қилишмади, зиммаларидаги бирор бурчга вафо қилишмади. Қон тўкиш, одам ўлдириш ва қароқчилик қилишдан ўзларини тия олмадилар. ўарнотанинг таслим бўлганига ҳали ўттиз икки йил тўлмай, 1542 йилда папа Испаниядаги барча масжидларни канисаларга айлантириш тўғрисидаги буйруғини чиқарди. Мана шу ҳодисага тўрт йил бўлган вақтда бутун Испанияда бирорта мусулмон қолмаганди!
Исломнинг ахлоқий тамойиллари турли диний эътиқоддаги кишиларга тинчлик, тотувлик ва осойишталикда яшаш имкониятини беради. Бу тамойил шуниси билан ажойибки, жаҳон тарихида Исломда бўлмаган қавмларнинг бошқа диндагиларга шафқатсиз ва муросасиз муносабатда бўлганига мисоллар кўп эди. Испания қўл остидаги Иберия ярим оролида насронийлар ўз ораларида мусулмонлар ва яҳудийларнинг яшашини истамаганлар ва ана шу икки қавмни шафқатсизларча жазолаганлар. Оврўпанинг бошқа мамлакатларида яҳудийларга очиқдан-очиқ душманлик билан муносабатда бўлинди, улар фақат яҳудий бўлиб туғилганлари учун ҳам барча ҳуқуқларидан маҳрум этилди. Оврўпанинг бутун ўрта асрлар тарихи бир-бирини жини суймайдиган насронийларнинг насронийлар билан урушлари байроғи остида кечди. XVI-XVII асрларда католиклар билан протестантлар ўртасидаги бемақсад қирғин Оврўпани қон дарёларига ғарқ қилди. 1618-1648 йиллардаги 30 йиллик уруш католиклар ва протестантлар ўртасидаги диний зиддият туфайли бошланиб кетди. Ана шу уруш оқибатида Оврўпа жанг майдонига айланди. Урушгача аҳолисининг сони 15 миллион кишини ташкил этган Германияда у учдан бир қисмга қисқариб кетди.
Тарих шоҳидки, Ислом инсониятга диний бағрикенглик, адолат, раҳм- шафқат ва халқлар ўртасида ўзаро ҳурматни олиб келган ягона диний низом бўлди. Чунки Ислом бу зўравонлик, зиддиятлар, урушлар ва террорни таг-томири билан йўқотиш йўли ва адолат, тинчлик, диний бағрикенглик ва фаровонлик кафолатидир.
“Ислом Ҳазораси”
Ислом Ҳазораси (9)
Muhammad 2008.05.14, Чоршанба 00:00 да чоп этган
Тарих
Бу мавзу биз яшаб турган замонга нисбатан ғаройиб бўлмаса-да, лекин Ислом ҳазораси ажойиботлари ҳақидаги мавзулар ичидаги энг гўзалидир. Инсоният ҳатто ҳозир ҳам меҳрибонлик, раҳм-шафқатдан бирор ҳиссани ҳайвонга нисбатан раво кўрмайди. Замондош айрим халқлар ҳалигача байрамларида, хурсандчилик ва риёзий ўйинларида ҳайвон ўлдириш билан кўнгилхушлик қилишади. Мана шу ерда Ислом ҳазораси ўзининг асослари ва воқеълигида ўзидан олдин ёки кейин бирор ҳазора киймаган раҳмдиллик ва латиф инсоний шуур билан йўғрилган либоси билан юзага чиқди. Бу унинг ҳайвонотга меҳрибонлиги ва раҳм-шафқатлилигидир. Шундай раҳмдилликки, у эътиборни ўзига жалб қилади, таажжуб ва ҳайратни оширади.
Ҳайвонга шафқат борасида Ислом ҳазорасидаги биринчи манбада ҳайвонот олами ўз хусусиятлари, табиати ва шуурига эга инсон олами кабидир, деб эълон этилди: «Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир» (Анъом сураси, 38-оят). Инсонда бўлгани каби унинг ҳам шафқат ва меҳрибонлик кўриш ҳуқуқи бор.
«Раҳмдилларга Раҳмон раҳм қилади». (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва Ҳоким ривоятлари). «Ким шафқат кўргизса, дунё ва охират ҳаётидан насибадор бўлади” (Аҳмад ривояти). «Бир одам йўлда кетарди. Бир вақт жуда қаттиқ чанқади. Шунда бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичди. Сўнг қудуқдан чиқди. Бир вақт қараса, бир ит чанқашдан ҳарсиллаб, хўл тупроқни чайнарди. У одам ўзига ўзи: «Мен қандай чанқаган бўлсам, у ҳам шундай чанқайди», деди-да, қудуққа яна тушиб кетди. Махсисини сув билан тўлдириб, оғзидан маҳкам ушлади. Сўнг юқорига кўтарилиб итни суғорди. Ит Аллоҳ таолога шукр айтди ва у одамнинг гуноҳлари кечирилди. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар тўғрисида ҳам ажр-савоб бериладими?» деб сўрашди. Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар бир сувли (тирик) жигар эгаси тўғрисида ажр бордир», деб жавоб қилдилар» (Бухорий, Муслим, Молик, Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).
Шунингдек, ҳайвонга нисбатан шафқатсизлик кишини дўзахга киргизади: «Бир аёл мушук тўғрисида дўзахга кирди. У мушукни боғлаб қўйиб, овқат бермади ва ер ҳашаротларини ейишига ҳам йўл қўймади» (Бухорий ва Муслим ривояти).
Шариат ҳайвонга шафқатлиликни қонун тусига киргизишда давом этиб, тўхтаб турган уловнинг устида кўп туришни ҳаром этди. Пайғамбар алайҳиссалоту вассаллом айтадилар: «Уловларингизнинг орқасини курси қилиб олманг».
Уни оч қолдиришни, озиб-тўзитишни ҳам ҳаром этди. Расулуллоҳ алайҳиссалом орқаси қорнига ёпишган туянинг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Бу тилсиз ҳайвонлар тўғрисида Аллоҳдан қўрқингиз. Уларни яхши миниб, яхши едиринглар», дедилар.
Шунингдек, жониворларни тоқатидан ортиқ ишга мажбурлаш ҳам маън этилган. «Расулуллоҳ (с.а.в.) ансорлардан бўлган бир кишининг боғига кирдилар. У ерда бир туя бор эди. У Пайғамбар алайҳиссаломни кўрганда, овоз чиқариб, кўз ёши тўкди. Расулуллоҳ алайҳиссалом унинг олдига келиб ёшларини артдилар ва: «Бу туянинг эгаси ким?» дедилар. Боғнинг соҳиби: «Мен, ё Расулуллоҳ», деб жавоб қилди. Пайғамбар алайҳиссалом боғнинг эгасига шундай дедилар: «Аллоҳ сени молик қилиб қўйган бу ҳайвон тўғрисида Аллоҳдан қўрқмайсанми? У оч қолдирганинг ва қаттиқ ишлатиб, ҳолдан тойдираётганинг тўғрисида менга шикоят қилди».
Шариат яна овда кўнгилхушлик қилишни ҳам ҳаром этди. Пайғамбар алайҳиссалом шундай дейдилар: «Ким чумчуқни ҳам бекордан ўлдирадиган бўлса, у қиёмат куни Аллоҳга: «Эй Раббим, фалончи мени бир манфаат юзасидан эмас, бекордан бекорга ўлдирди», дейди». Шунингдек, мерганликка ўрганишда бирор жонзотни нишон қилиш ҳам маън этилди. Пайғамбар алайҳиссалом жони бор нарсани нишон қилганни лаънатладилар.
Ҳайвонларни бир-бирига олкишламоқ ва куйдириш билан юзларига белги қўймоқдан ҳам қайтарилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) юзи куйдирилган эшакнинг олдидан ўтиб қолдилар ва: «Бунга белги қўйган кишига Аллоҳнинг лаънати бўлсин», дедилар.
Агар ҳайвон гўшти ейиладиган ҳайвонлардан бўлса, уларга шафқат кўрсатиш сўяётганда пичоқни ўткирлаш, сув билан суғориш ва сўйгандан сўнг терисини шилгунча озгина вақт ўтказиш билан бўлади: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага яхшиликни вожиб этгандир. Агар ўлдирсангиз, чиройли ўлдиринг. Сўйсангиз, чиройли сўйинг. Пичоғингизни ўткирланг ва қурбонингизга дам беринг». Пичоқни ўткирламасдан туриб, ҳайвонни ётқизишлик жоиз бўлмаган шафқатсизликдир. Бир киши пичоғини ўткирлай туриб, қўйни сўйиш учун ётқизди. Унга Пайғамбар алайҳиссалом: «Буни икки марта ўлдиришни хоҳлайсанми? Ётқизишдан олдин пичоғингни ўткирласанг бўлмайдими!?» дедилар.
Ислом ҳазораси руҳига етук далолат қиладиган ва ҳайвонга раҳмдилликнинг ажойиб тимсоли бўлган манави воқеага қулоқ тутинг: «Абдуллоҳ ибн Масъуд айтадилар: «Биз Расулуллоҳ билан бирга сафарда эдик. Шунда биз ҳаммара деган чумчуққа ўхшаш қуш ва унинг иккита жўжасини кўрдик. Биз бу икки жўжани ушлаб олдик. Ҳаммара қанотини қоқиб айлана бошлади. Шу пайт Расулуллоҳ келиб қолдилар ва: «Бунга болалари тўғрисида ким озор берди? Болаларини қайтаринглар», дедилар. Яна биз куйдириб ташлаган чумоли уясини кўриб: «Буни ким куйдирди?» дедилар. «Биз», деб жавоб қилдик. Шунда Пайғамбар (с.а.в.): «Ўт билан азоблаш ўт Эгасидан бошқага лойиқ эмас», дея марҳамат қилдилар».
Мана шу таълимотлардан руҳланиб, мусулмон фуқаҳолар ҳайвонга раҳмдиллик борасида хаёлга келмаган ҳукмларни ишлаб чиқдилар. Улар ҳайвонга нафақа қилиш эгасига вожиб эканини, ким бундан бош тортса, уни сотишга ёки нафақасини қилишга ёки емиши ва бошпанасини топиб оладиган ерга қўйиб юборишга ёҳуд гўшти ейиладиган ҳайвон бўлса, сўйишга мажбурланиши ҳақида ҳукм қилишди. Улар бундан ҳам қаттиқ ҳукмларни ҳам ижтиҳод этишган. Айримлари шундай дейишади: «Агар кўзи кўр бир мушук бирор шахснинг уйига кирган бўлса, емишини топиб еёлмагани учун ўша мушукнинг нафақаси ушбу одамга вожиб бўлади».
Бу Ислом ҳазораси ва қонунларидаги ҳайвонга меҳрибонлик асосларидир. Унинг воқеъликдаги татбиқи қандай бўлган?
Пайғамбар (с.а.в.) сафарларидан бирида ансорий аёлнинг ўзи миниб олган туяни қарғаётганини эшитдилар. Расулуллоҳ унинг бу ишига эътироз билдирдилар ва: «Ундаги нарсани олиб қўйиб, ўзини ҳоли қўйинглар, чунки у малъундир», дедилар. Туядан устидаги нарсалар олинди ва унга ҳеч ким тегмай, одамлар орасида юриб кетди.
Умар (р.а.) қўйини сўйиш учун оёғидан судраб кетаётган кишининг олдидан ўтиб унга: «Ҳолингга вой, уни ўлимга чиройли олиб боргин», дедилар.
Ислом ҳазорасида ҳайвонга меҳрибонлик, давлат ва ижтимоий муассасалар томонидан унга бўлган эътибор кўринишлари мана шундай эди. Халифалар ҳайвонларга меҳрибонлик қилиш, уларга озор ва зарар бермаслик ҳақидаги тавсияларини халққа эълон қилишарди. Умар ибн Абдулазиз волийларига ёзган хатларидан бирида одамларни бекордан-бекорга отларини чоптиришликдан маън этганлар. Йўл ишлари масъулига эса, кишиларга уловларини оғир юганлар билан юганлашга ёки учи темирли қамчи билан ҳайдашга рухсат бермасликка буюриб хат ёзганлар.
Муҳтасиб (баъзи томонлари замонамиздаги миршабликка ўхшаб кетадиган вазифа)нинг бурчларидан бири одамларни уловга тоқатидан ортиқ нарса юкламоқдан, юриш асносида уриш ва азоблашдан маън этиш бўлган. Ким улов эгасининг ушбу ишларни қилаётганини кўрса, унга одоб берган ва жазолаган. «Фойдаси борлиги учун муҳтасиб уларни шунга мажбурлайди. Улов эгалари уловларига тоқатидан ортиқ нарсани юкламайдилар. Оғир юк юклаган ҳолда тез юришга зўрламайдилар. Уларни қаттиқ қамчиламайдилар. Устида юк бўлгани ҳолда уларни умумий майдонларда тўхтатмайдилар. Чунки бу ишларнинг баридан пок шариат қайтаргандир. Ҳайвоннинг ейиш, ичиши тўғрисида эгаси доим Аллоҳ азза ва жалланинг назорат қилиб турганини ҳис этиши лозим. Уловнинг емиши оз ва сифатсиз эмас, балки тўядиган даражада етарли бўлиши керак».
Ижтимоий муассасаларга келсак, улардан ҳайвонлар учун катта фойдалар бўлган. Қадимий вақфлар рўйхатида хаста ҳайвонларни даволаш, қари, ожиз ҳайвонларнинг риоясини қилиш учун махсус вақфлар ажратилганини кўрамиз. Бу сўзимизга мисол қилиб, Маражул-ахзар ерини олиб кўришимиз мумкин. (Ҳозир бу ерда Дамашқ шаҳар ўйингоҳи барпо қилинган.) Фойдаси йўқлигидан хўжайинлари боқишдан бош тортган кучсиз отлар учун бу ер вақф қилинган. Улар бунда ажаллари билан ўлгунларича боқиларди. Дамашқ вақфларидан яна бири мушуклар учун бўлиб, улар бу вақф ерда овқатланишар, парвариш кўришар ва ухлашарди. Ҳатто, улар учун ажратилган бир ҳовлида ҳар кун тўйиб овқатланиб, сайрдан бўлак ҳаракат қилмаган юзларча мушук яшарди.
Буларнинг барчаси ҳайвонларга раҳмдиллик борасида тенги йўқ даражага етган халқнинг руҳиятини равшан кўрсатади. Исломий ҳазора соясидаги руҳиятни тасдиқловчи энг ёрқин мисоллардан бири сифатида улуғ саҳобий Абу Дардонинг ҳолатларига боқинг. Бу зотнинг туялари бўларди. Туянинг вафот пайтида: «Эй туя, Раббингга мендан даъво қилма, чунки мен сенга тоқатингдан ортиқ нарса юкламаганман», деганди.
Адий ибн Ҳотамдек саҳоба чумолиларга нонни майдалаб бера туриб: «Албатта, улар бизнинг қўшниларимиз, бизнинг устимизда уларнинг ҳақлари бор», дерди.
Улуғ имом Абу Исҳоқ аш-Шерозий ҳамроҳлари билан йўлда кетаётгандилар. Шунда олдиларидан бир ит чиқиб қолди. Ҳамроҳлардан бири уни ҳайдаётганида, шайх уни қайтариб: «Йўл биз билан унинг ўртасида муштарак эканини билмайсанми?» дедилар.
Ҳазоранинг бундай ёрқин кўринишлари ва ҳайвонларга нисбатан инсоний муносабатини қадим ва ўрта асрларда ҳайвонларга қандай муомала қилинганини билмасдан туриб қадрлай олмаймиз. Ўша пайтларда инсонларнинг ҳайвонот оламига, уларнинг жиноятига ва азоблашга муносабати қандай бўлган?
Одамнинг диққатини биринчи жалб қиладиган нарса шуки, ўша пайтдаги халқларнинг бирон-бир таълимотида ҳайвонга раҳм-шафқат қилишга ундайдиган бирор нарса тополмайсиз. Ҳатто, ҳайвон эгасининг боқиш ва парваришлаш борасидаги бурчларига ҳам дуч келмайсиз.
Бундан кейин ҳайвонни жинояти учун, хўжайинининг жинояти учун жазоланиши ва масъулиятда унга оқил, ўйловчи инсон каби муомала қилингани назарингизни ўзига тортади! Қадим ва ўрта асрлардан то ўн тўққизинчи асргача бўлган даврдаги энг ғаройиб ҳолатлардан бири мана шу. Бу вақт мобайнида ҳайвон инсон каби муҳокама қилинган.
Жиноятчи инсон каби уни ҳам қамоққа, сургунга, ўлимга ҳукм этишган!
Яҳудийлар шариатида шундай дейилган: «Агар ҳўкиз бирор эркак ёки аёлни сузса ва бу жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса, ҳўкиз тошбўрон қилиб ўлдирилади. Бунда ҳўкизнинг гўштини ейиш ҳаром бўлади, у сузишга одатланмаган бўлса, эгаси жавобгарликка тортилмайди. Агар у сузонғич бўлса ва эгасини одамлар огоҳлантирган бўлсалар, уларнинг огоҳлантиришига парво қилмай, ҳўкизнинг назоратига эътиборсиз бўлса ва бу ҳолат эркак ёки аёлнинг ўлимига сабаб бўлса ҳўкиз тошбўрон қилинади, эгасининг жазоси ҳам ўлимдир».
Қадимги юнонлар шариатида эса бундай: уларнинг инсон ҳалокатига сабаб бўлган ҳайвон ва жонсиз нарсаларни муҳокама қиладиган махсус маҳкамалари бўлган. Бу маҳкама суд мажлислари ўтказиладиган жой номига нисбатан Баритонийлар, маҳкамаси дейиларди. Афлотун ўзининг «Қонунлар» китобида зикр қилишича, агар ҳайвон бир инсоннинг ўлимига сабаб бўлса, марҳумнинг оиласи ҳайвонга қарши маҳкамага даъво кўтариб чиқиши мумкин. Қон даъвогарлари қозини фермерлар орасидан ўзлари танлашарди. Ҳайвонга қилинган даъво ўз исботини топса, уни қасос учун ўлдириш, танасини шаҳар ташқарисига чиқариб ташлаш вожиб бўларди. Бунда умумий ўйингоҳлар саҳнида инсон ва ҳайвон ўртасида олишув боис бўлган қатл истисно қилинади.
Уларда ҳайвоннинг масъуллиги фақат ўлим ҳолатлари билангина чегараланмай, балки у ўлимдан енгил жиноятларда ҳам жавобгарликка тортилади. Агар бир кишини ит тишлаб олса, итнинг эгаси уни қўл-оёғи боғланган ҳолда жабрланувчига топшириши лозим эди.
Жабрланувчининг ўзи азоблаб ёки ўлдириб ёки булардан бошқа жазо чораларини қўллаб, ундан ўчини оларди. Шунингдек, баъзи ҳолатларда ҳайвонлар хўжайинининг ёки оиласининг жинояти учун ҳам жазоланарди. Масалан, дин ёки давлатга қарши жиноятлари учун ўлимга ҳукм қилинган кишининг ўзи, оила аъзолари, ҳайвонлари ва барча мулклари ҳукмга қараб ёндирилар, яксон қилинар, мусодара этиларди.
Қадимий румликлар қонунлари қуйидаги моддани ичига олганди: «Агар ҳўкиз экиш мавсумида экин экилган майдон билан қўшни майдонни ажратиб турадиган чегарани силжитиб юборса, ўзи ва эгаси ўлимга ҳукм қилинади». Тишлаган итни жабрланувчига топшириш лозимлиги белгиланган модда ҳукмига кўра, жабрланувчи киши итни хоҳлаган кўйга солиши мумкин. Шунингдек, эгасининг мулки бўлмаган яйловда ўтлаган ҳайвоннинг ҳукми ҳам мана шундай бўлган. Ҳайвонларни жазолашдаги қадимги мормонлар ҳоли ҳам рум ва юнонлар каби эди.
Аммо форсларда эса иш бундан ҳам ажабланарли, ғаройиб бўлган. Қутурган ит қўйни тишлаб ўлдириб қўйса ёки одамга жароҳат етказса, ўнг қулоғи кесиб олинган. Агар бу ишини такрорласа, чап қулоғи узиб олинган. Учинчи мартасида ўнг оёғи кесилса, тўртинчи бор чап оёғидан маҳрум бўлган. Бешинчи марта тишлаган ит думидан ажраган!..
Франса Оврўпа давлатлари ичида биринчи бўлиб, ўн учинчи асрда ҳайвонларнинг масъулияти тўғрисида қонун қабул қилди. Унга кўра, ҳайвонлар гуноҳига қараб, худди инсон муҳокама қилингани каби қонуний йўллар билан маҳкама олдида жавобгар бўлган. Кейин ўн тўртинчи асрнинг охирида Сардиния, XV асрнинг охирларида эса Бельгия ҳам шундай йўл тутди. Ўн олтинчи асрнинг ўрталарида орқама-кейин Холландия, Олмония, Италия ва Швеция ҳам ҳайвонларни жиноий жавобгарликка тортиш тўғрисида қонунлар ишлаб чиқишган. Мана шу ҳолат баъзи славян халқларда ўн тўққизинчи асргача давом этиб келди.
Оврўпаликларда ҳайвонга нисбатан жиноий иш жабрланувчи ёки прокуратура даъвосига биноан очилади. Маҳкама ҳайвонни эҳтиёт юзасидан ҳукм қилингунча қамаб ҳам қўярди. Шундан кейин ҳукм ўқилар ва инсонларда бўлганидек кўпчиликнинг олдида ижро қилинарди. Ҳукм ҳайвонни тошбўрон қилиш ёки бошини кесиш ёхуд ёндириш билан бўларди. Баъзан ўлдиришдан олдин айрим аъзоларини кесиб ҳам, ҳукм ижро қилинарди. Ҳеч ким бу муҳокамани ўзига тасалли бериш учун қилинган ҳазил иш, деб ўйламас, балки бутунлай жиддият билан қарарди. Бунга далил сифатида шуни айтиш мумкинки, ҳайвонларни жавобгарликка тортишга боис бўлган сабабларни шундай баён қилишарди: «Адолатни қарор топтириш учун ҳайвон ўлимга ҳукм қилинади» ёки «Ваҳший ва қабиҳ жиноятни амалга оширгани учун осиб ўлдирилсин!»
Бу ўринда зикр қилинаётганларнинг энг ғаройиби – оврўпаликларнинг ҳайвонга нисбатан маҳкама ишини қўзғашларига сабаб бўладиган ҳолатлардан бири унинг табиат қонунларига тажовуз қилганлигидир. Масалан, ҳайвон ҳам сеҳргарликда айбланарди. У шундай жиноят эдики, буни қилганга олов билан ёндириш жазоси белгиланганди. Оврўпаликлар ҳайвонга нисбатан ҳукм ижро қилиниши муносабати билан катта тантана уюштиришарди. Жаллодлар ўтин бўлакларини олиб келишар ва майдонлардан бирининг ўртасига қўйишарди. У майдонга маҳкум мушуклар олиб келинарди. Ҳар бир мушук темирдан ясалган алоҳида қафасга қамаларди. Жазони амалга ошириш пайти келганда айрим ҳокимлар ҳамроҳлигида поплар пайдо бўларди. Улардан бири олдинга чиқар, қўлида ўтинни ёндириш учун олов бўларди. Сўнг ҳокимлардан бири мушукларни ўтда тутиб туришга амр этарди. Улар сеҳр билан шуғулланганликлари учун ёниб, кулга айланарди.
Ўрта асрларда оврўпаликларнинг ҳайвонларга нисбатан олиб борган машҳур маҳкамаларидан баъзиларини зикр қилиш керак. Бундай ишларнинг энг ғаройиб ва машҳури ўн бешинчи асрда Франсанинг Отон шаҳрида сичқонлар маҳкамаси бўлган. Бу шаҳарчада сичқонлар осойишталикка путур етказадиган қўрқинчли шаклларда кўчаларда тўпланганликда айбланишган. Уларнинг ҳимоясини француз адвокати Шосония ўз қўлига олган ва сичқонлар маҳкамада ҳозир бўла олмаганликлари учун уни кечиктириб туришларини сўраган. Зеро, уларнинг ичида эмизикли, хаста ва кексалари бор. Агар кечиктирилган фурсат келадиган бўлса, маҳкама олдида жавоб беришга улар ўзларида куч топадилар. Маҳкама муҳокамани муайян бир вақтгача кечиктириб туришга рози бўлган. Лекин сичқонлар яна келмайди. Ҳимоячи адвокат маҳкамага яна шундай баҳона қилди: «Сичқонлар, албатта, сизнинг виқорли амрларингизга итоат қилади ва ҳузурингизга келишни хоҳлайдилар. Лекин, эй қози ҳазратлари, улар бу ерга келадиган бўлсалар, мушуклар томонидан етадиган озордан қўрқяптилар». Бунга маҳкама раиси: «Уларнинг ҳаётларини муттаҳамлардан ҳимоя қилиш бизнинг бурчимиз», дея жавоб қайтарди. Шундан кейин адвокат сичқонлар карвони кўчалардан ўтишидан олдин, ҳаётлари таъмин этилганига ишонч ҳосил қилишлари учун маҳкамадан шаҳар мушукларининг ҳаммасини қамаб туришга амр этишини сўради. Маҳкама бу талабга ҳам адолат юзасидан рози бўлди ва сичқонларнинг маҳкама залига келиш асносида хотиржамлигини таъмин этиш учун ит ва мушукларнинг кўчада юришини маън этадиган фармойиш чиқарди. Лекин шаҳарча аҳолиси бу фармойишни бажаришдан бош тортди. Шундан кейин маҳкама сичқонларни оқлаб ҳукм чиқаришга мажбур бўлди. Негаки, сичқонлар қонуний ҳимоя воситаларидан маҳрум бўлганди-да!.. Бу иш сабабидан адвокатнинг шуҳрати атрофга таралди. У сичқонлардан ўзига мухлис, издош орттирдими-йўқми, билмаймиз. Балки тобеълари бўлмиш сичқонлар унинг китоб ва қоғозларини кемирмасликка ваъда қилишгандир…
Ўрта асрда ҳайвонларга нисбатан олиб борилган маҳкама ишларининг ғаройибларидан яна бири тухум қилган хўроз маҳкамаси бўлган. 1474 йил Швейцариянинг Бали шаҳрида бир хўрозга қарши тухум қилганлик айблови маҳкамага оширилди. Бу иш ўша пайтда оврўпаликлар урфида жуда қабиҳ жиноят саналарди. Чунки уларга маълум бўлишича, сеҳргарлар ўзларининг шайтоний мақсадларида ишлатиш учун хўроз тухумини излаб юришарди. Шундай қилиб, хўроз маҳкамага топширилди. Адвокат уни: «Унинг бу ишга алоқаси бўлмаган, қандай қилиб, хўроз воқеага масъул бўлсин?» дея ҳимоя қилди. Лекин маҳкама адвокатнинг ҳимоядаги фикрини инобатга олмади. Балки хўрозни ўлимга хукм қилди ва ўз ҳукмини: «Бундан бошқа хўрозларга ҳам ибрат бўлсин!» дея изоҳлади.
1495 йили Франсада бошқа масала ҳам кўриб чиқилди. Бу ҳам энг ғаройиб ҳайвонлар муҳокамаси сирасига киради. Сан-Голеон вилояти полизларининг эгалари қуртлар экинларига талофат етказаётгани, дарахтлари, саноатлари ва тижоратларига зарар бераётгани ҳақида даъво кўтариб чиқишди. Бу қуртларнинг ҳимоясини қонун кишиларидан икки киши олиб борди. Жараён қирқ йил давом этиб, полиз эгалари чарчашди ва қуртлар хоҳлаганларича экин ва меваларни ейишлари учун ўзларига алоҳида бир бўлак ер ажратиб беришга келишишди!
Мана шу ғалати солиштирувдан кейин Ислом ҳазораси билан бошқа миллатларнинг ҳайвонларга муносабати ўртасидаги фарқ маълум бўлади. Демак, Исломий ҳазора қадим миллатлар ва ҳозирги айрим элатлардан мисли йўқ икки иш билан ажралиб туради: Биринчиси – ҳайвонни парваришлаш, даволаш ва кучсизлик, хасталик ва кексаликда маишатини таъмин этиш учун ижтимоий муассасалар барпо қилиш. Иккинчиси – ҳайвонларнинг муҳокамасидан холи бўлиш. Чунки у янги ҳазорадан ўн уч аср олдин ҳайвонлардан жиноий масъулиятни соқит қилишга чақирган. Шунингдек, исломий ҳазора ҳайвонлар ўртасидаги шафқатсизлик ва урушиш учун олкишлаш кўринишларидан ҳам холи. Бу кўринишлар Юнон ва Румда расман эътироф этилганди. Испанияда ҳўкизлар олишуви учун катта тантаналар уюштирилиб, бу жанглар ҳалигача тан олиниб келинмоқда. Бу шубҳасиз, қадим ва ўрта асрлардаги ғарбликлар ваҳшийлигининг қолдиқларидандир. Ислом ҳазораси бу қабоҳатдан ўзини узоқ тутган.
“Ислом Ҳазораси”
Ислом Ҳазораси (10)
Muhammad 2008.05.26, Душанба 01:00 да чоп этган
Тарих
Миллатнинг тараққий этгани, яшовчанлигига далолат қилишда ўз кишиларига олийжаноблик қилишдан кўра яхши нарса йўқдир. Бу олийжаноблик нафақат жамиятнинг барча табақаларини, балки ер юзидаги инсону ҳайвондан иборат жонзотни яхшилик, эзгулик ва раҳмат билан файзли қилади. Миллатлар ҳазораси мана шу миқёслар боис тарихда қолади, шу йўлдаги излари билан ҳазоралар ўртасида тақдирланади.
Мусулмон миллати бу тўғрида бирор халқ мутлақо етолмаган чўққини забт этган. Ундан кейин ҳам ҳозиргача бирор миллат бу даражага эришолмади. Ўтган асрларда миллат ва ҳазоралар яхшилик майдонида ибодатхона ва мадрасалардан иборат тор нуқтадан бошқа бирор нарсани билмадилар. Ҳозирги замонда эса, ғарб миллатлари гарчи ижтимоий эҳтиёжларни ижтимоий ва умумий муассасалар орқали қондираётган бўлсалар-да, лекин Аллоҳ азза ва жалла учун холис бўлган инсоний олийжаноблик чўққисига ета олмадилар. Албатта, ғарбликларни умуминсоний эзгулик томон чорлашда обрў, шуҳрат, овоза бўлиш ва тарихда қолиш истагининг таъсири катта бўлган.
Ҳолбуки, Ислом миллатини яхши амалларга биринчи навбатда ундаган нарса Буюк зот Аллоҳ розилигини исташ бўлган. Бунда одамларнинг билиш-билмасликлари аҳамиятли бўлмаган. Бунга далил сифатида ушбу мисол кифоя қилади: Салоҳиддин Айюбий бор бойлигини яхши ишларга сарфлаган. Шом, Миср мамлакатларини масжид, мадраса, карвонсарой ва бошқа хайрия муассасалари билан тўлдириб юборган. Лекин уларнинг бирортасига ўз исмини эмас, балки қўмондонлари, вазирлари, ёрдамчилари ва дўстларининг номларини ёздирган. Бу – эзгу амалларда нафснинг насибасидан покланишнинг энг ёрқин кўринишидир.
Яна бир нарса: ғарбликлар ўз ижтимоий муассасаларида кўпинча юртдошлари манфаатлари билан чекланиб қолишган бўлса, исломий ижтимоий муассасалар жинси, тили, ватани ва мазҳабидан қатъий назар, ҳар бир инсон учун ўз эшикларини очиб қўйган. Учинчи фарқ: ижтимоий муассасалар, ҳатто, бугунги ғарбликлар ҳам кўрмаган эзгулик ва ижтимоий кафолат юзасидан барпо қилинганки, бу ажабланиш ва ҳайрат боиси бўлиб келмоқда, Ислом миллатини бошқа миллатларникидан фарқли ўлароқ шомил, соф ва кенг уфқли инсоний хусусиятларга эга эканлигига далолат қилмоқда.
Ислом эзгуликка чақириш билан шундай нидо қиладики, унинг олдида инсоният руҳиятидаги бахиллик боислари, шайтоннинг фақирликдан қўрқитиб қилган васвасалари мағлуб бўлади. Қуръон инфоқ-эҳсонга тарғиб қилгандан сўнг шундай дейди: «Шайтон сизларни (агар инфоқ-эҳсон қилсангиз) камбағал бўлиб қолишингиздан қўрқитади ва фаҳш ишларга буюради. Аллоҳ сизларга ўз тарафидан мағфират ва фазлу карам (бойлик) ваъда қилади. Аллоҳ (фазлу карами) кенг ва билгувчидир» (Бақара сураси, 267-оят).
У эзгуликка даъватни ҳар бир қодир кишига, балки хоҳ камбағал, хоҳ бой бўлган ҳар бир инсонга умумий қилди. Бой эзгуликни моли ва обрўси билан қилса, камбағал яхшиликни қўли, қалби, тили ва амали билан қилади. Ислом яхшилик ва эзгулик майдонида ҳаракат эта олмайдиган инсонни билмайди. Камбағал кишилар Пайғамбарга (с.а.в.) бойлар яхши ишларни қилишда улардан ўтиб кетаётганларидан, зеро, улар молларини садақа қилаётганлари, фақирлар эса эҳсон қилишга нарсалари йўқлигидан шикоят қилиб келишганда, Расулуллоҳ (а.с.) уларга яхшилик қилишнинг воситаси фақатгина мол бўлмай, балки одамларга фойдаси тегиш ҳам эзгу амал эканини баён қилиб шундай дедилар: «Албатта, ҳар бир тасбеҳ сиз учун садақадир, амру маъруф садақадир, наҳий мункар садақадир, йўлдан кишиларга озор берадиган нарсани олиб ташлаш садақадир, икки кишининг ўртасини ислоҳ қилиш садақадир, кишини уловига минишига ёрдамлашиш ҳам садақадир».
Шундай қилиб, Ислом яхшилик эшикларини одамларнинг барчасига очиб қўйди. Уни ҳатто ишчи ҳам, тожир ҳам, деҳқон ҳам, шогирд, устоз, аёл, ожиз, кекса, майиб, қўйингки, иқтисодий ҳолати жамиятдаги яхшилик ва эзгулик ишларига ҳисса қўшишга имкон бермайдиган ҳар бир киши қила олади. Динлари, тиллари, ватанлари ва жинслари қандай бўлмасин, Ислом яхшиликни Аллоҳнинг барча бандаларига имконли қилган пайтда нафсларни комил инсоний хусусиятларнинг энг олий уфқига кўтарди: «Халқнинг (махлуқ) барчаси Аллоҳнинг аҳли, бас, Унга маҳбуброғи аҳлларига нафлироқларидир». Сўнг Ислом инсоний нафсга яхшилик ва эзгуликни шахсий манфаат юзасидан маҳбуб кўрсатиб, қандай хитоб қилганига қаранг. У ҳар бир инсон эзгу ишининг фойдаси ҳаммадан олдин ўзига қайтишини эълон қилади. Яъни, у эзгу иши сабабидан савоб, муҳаббат, мақтов ва абадий Аллоҳ азза ва жалла ҳузурида бўлишга сазовор бўлади: «Қандай яхшилик (мол) инфоқ-эҳсон қилсангизлар, бас, ўзингиз учундир» (Бақара сураси, 272-оят). «Ким бирон яхши амал қилса, ўзи учундир» (Фуссилат сураси, 46-оят).
Мудом инсон ҳамма нарсадан олдин ўзини севадиган аноният соҳиби экан, бу услубнинг инсоният руҳиятига таъсири шубҳасиздир. Шундан бахил сахийлик қилади, хасис ҳиммат кўрсатади, фарзандлари, қариндошларидан қизғанган бойлигини одамларга улашади.
Аллоҳ таборака ва таолонинг: «Аллоҳга қарзи ҳасана (ихтиёрий қарз) берадиган ким борки, (Аллоҳ) унга бир неча баробар қилиб қайтарса…» деган ояти (Бақара сураси, 245-оят) нозил бўлганда, Абу Даҳдоҳ исмли бир саҳобий: «Аллоҳ ҳам бандаларидан қарз сўрайдими, эй Расулуллоҳ?» деб сўради. Расулуллоҳ: «Ҳа», деганларида, у: «Қўлингизни узатинг, ё Расулуллоҳ», деди. Ва ўзидан бошқанинг ҳаққи бўлмаган боғини садақа қилганига Расулуллоҳни гувоҳ қилди. У боғда етти юзта мевага кирган хурмо дарахти бор эди. Кейин у хотинининг олдига қайтди. Хотини ва фарзандлари ушбу боғда яшашарди. Хотинига қилган ишининг хабарини берди. Хотин фарзандларини олиб, боғдан чиқиб кета туриб: «Байъингда фойда қилдинг, эй Абу Даҳдоҳ», деди.
Аллоҳ таборака ва таолонинг: «Суйган нарсаларингиздан инфоқ-эҳсон қилиб бермагунингизча, ҳаргиз яхшиликка (жаннатга) етмагайсиз» қавли (Оли Имрон сураси, 92-оят) нозил бўлганда, Абу Талҳа ал-Ансорий: «Эй Расулуллоҳ, ўзимга энг маҳбуб молим – Байрҳо (суви ширин бир қудуқ)дир. У Аллоҳ учун садақадир. Унинг яхшилигини, кўламини Аллоҳ таборака ва таоло ҳузурида умид қиламан. Эй Расулуллоҳ, уни Аллоҳ сизга кўрсатган шаклда тасарруф этинг», дедилар. Шунда Пайғамбар (а.с.): «Балли, баракалла! Бу сердаромад мол экан, фойдали мол экан. Аслини олиб қолиб, фойдасини эҳсон қил», дедилар.
Мана шу садақа Исломдаги илк вақф эди. Шундан вақф пайдо бўлди. Барча ижтимоий муассасалар ўзининг гўзал инсоний рисолатини адо этишда ёрдам берадиган молиявий манбаларини ана шу вақфлар ҳисобига тўлдирардилар. Ислом ҳазораси тарихида барпо бўлган барча хайрия муассасаларининг асосини ташкил қилган ҳам вақф эди. Бу тўғрида умматига илк намуна кўрсатган ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) эдилар. У зот айрим жангчилар вафот этар чоғларида тасарруфини Расулуллоҳнинг ихтиёрларида бўлишини васият қилган еттита бўстонни вақф қилиб қўйдилар. Уларни Расулуллоҳ фақир, мискинларга, ҳожатмандларга атаб вақф қилдилар. Сўнг бундан кейин Умар ибн Хаттоб (р.а.) Ҳайбардаги ерларини вақф қилдилар. У кишига саҳобалар эргашдилар. Ва Абу Бакр, Усмон, Али, Зубайр, Муоз ва бошқалар ҳам вақф қилдилар. Ҳатто, молининг маълум бир қисмини вақф қилмаган саҳобий қолмади. Бу инсоний иш Умарнинг халифалик даврларида яна бир бор янгиланди. У зот халифа эканликларида Аллоҳ йўлига бир ерни вақф қилдилар ва муҳожир ҳамда ансорлардан бир нечасини чорлаб, уларни бу ишларига гувоҳ қилдилар. Жобир ибн Абдуллоҳ айтадилар: «Муҳожир ва ансорлардан Расулуллоҳнинг (с.а.в.) қодир бўлган ҳар бир асҳоблари молидан бир қисмини сотиб олинмайдиган, мерос қилинмайдиган ва ҳадя этилмайдиган қилиб вақф этиб қўйди».
Сўнг мусулмонлар бу ишни авлоддан-авлодга давом эттирдилар. Ерлар, боғ-роғлар, ҳовлилар ва ҳосилларни вақф этиб қўйдиларки, бундан исломий жамият санаб, адоғига етиш қийин бўлган даражада муассасаларга тўлиб-тошди.
Бу муассасалар иккига бўлинди. Уларнинг бир қисмини давлат ташкил қилиб, унинг учун улкан вақфларни ажратиб қўйган. Бошқа бир қисмини эса амир, саркарда, бой ва эркаг-у аёл, якка шахслар ташкил этган. Бу ўринда барча хайрия муассасаларининг турларини санашга имкон йўқ. Лекин уларнинг муҳим ва асосийларга кўз ташлаб ўтиш лозим.
Хайрия муассасаларининг биринчилари масжидлар бўлиб, одамлар Аллоҳнинг розилигини истаб, уларни қуришда мусобақалашардилар. Подшоҳлар ҳам ўзлари асос солган масжидларнинг катта ва улуғворлиги борасида ким ўзарга баҳслашишарди. Бу ўринда Валид ибн Абдумаликнинг Умавий жомесини қуришга сарфлаган улкан маблағини зикр қилиш кифоядир. Бу жомени қуришга сарфланган молнинг, ишлатилган одамларнинг кўплигига ақл бовар қилмайди.
Хайрия муассасаларининг муҳимларидан яна бири мадраса ва шифохоналар бўлиб, уларга алоҳида тўхталамиз, иншааллоҳ.
Хайрия муассасалари орасида мусофир ҳамда бошқа муҳтож кишиларга қўналға ва меҳмонхоналар ҳам мавжуд бўлган. Яна Аллоҳнинг ибодатида одамлардан узлат этиш учун такя ва ибодатхоналар бўлган. Шунингдек, уй сотиб ёки ижара олишга кучи етмаган кишиларга махсус уйлар қурилган, умумнинг йўлига сувлар оқизиб қўйиладиган ариқлар барпо қилинган. Нон, гўшт, шўрва ва ҳалво каби егуликлар улашиладиган ошхоналар бўлган. Яқин вақтларгача Султон Салим такяси, Дамашқдаги шайх Муҳиддин такяси каби хайрия муассасалари мавжуд эди.
Яна шундай муассасалардан бири Маккада ҳожилар қўним топадиган уйлар бўлганки, бундай уйлар жуда ҳам кўпайиб, Макканинг ҳамма ерини қамраб олган. Айрим фуқаҳолар Макка уйларини ижарага бериш ботиллигига фатво қилишган. Чунки уларнинг барчаси вақф қилиб қўйилган эди. Яна чўл-саҳроларда қудуқлар қазиб қўйилгандики, улардан ҳайвонлар, экинлар ва мусофирлар сув ичишарди. Бундай қудуқлар Бағдод билан Макка ўртасида, Дамашқ билан Мадина ўртасида ва бошқа катта мусулмон шаҳарлари ўртасида жуда кўп эди. Ўша пайтда бирор мусофир ташналик хатарига йўлиқмасди.
Шунингдек, мамлакатга ташқи ҳужум хавфини бартараф этиш учун чегараларда посбонлар учун хос маконлар қурилганди. У ерларда Аллоҳ учун қўриқчилик қиладиганларга махсус муассасалар бор эдики, посбонлар бу ерда қурол-яроғ, захира, емиш ва ичимликлар каби ўзларига керакли барча нарсани топишарди. Аббосийлар даврида Румнинг ҳужумларини тўсишда, салб урушларидаги ғарбликларнинг Шом ва Миср мамлакатларига юришларини қайтаришда бундай муассасаларнинг таъсири катта бўлган. Бундан ташқари отлар, қиличлар, камонлар ва Аллоҳ азза ва жалла йўлида урушадиган жангчига керакли қурол-яроғлар барчаси вақф қилиб қўйилганди. Бу вақфлар эса Ислом мамлакатларида ҳарбий саноат ривожланишида ва улкан саноат корхоналари қурилишида чуқур из қолдирган. Ҳатто, ғарбликлар салб урушларидаги вақтинчалик сулҳ кунларида қурол-яроғ сотиб олиш учун шу диёрларга келишарди. Ҳолат қанчалик ўзгарганига қаранг. Ҳозир мусулмонлар қурол-яроғ масаласида ғарбликларга қарам бўлиб қолган. Улар эса қурол-яроғни ҳурмат ва истиқлолга барҳам берадиган шартлар билан сотишади.
Яна хусусий вақфлар ҳам бўлганки, улардан бўлган киримлар давлат ожиз бўлиб қолганда муҳориб қўшинга сарф қилинарди.
Ижтимоий муассасалардан бири – йўллар, тўғонлар ва кўприкларни ислоҳ этиш учун тузилган вақфлардир. Вақфлардан яна шундайи бор эдики, киши каттагина ерини ҳаммани кўмиш мумкин бўлган умум қабристони учун атаб қўярди. Яна вафот этган камбағалларни кафанлаш, кўмишга ҳозирлаш ва дафн этиш учун ҳам алоҳида вақфлар бор эди.
Ижтимоий бирдамликни юзага келтириш учун тузилган хайрия муассасалари энг ҳайратланарли муассасалардан эди. Бу йўналишда ташландиқ болаларни, етимларни хатна ва тарбия қилиш учун кафил муассасалардан тортиб, ногирон, кўр ва майиблар риояси учун ташкил этилган ғарибхоналаргача топиш мумкин эди. Бу муассасаларда уларга керакли бўлган ҳамма нарса, ҳурмат-эътибордан тортиб озиқ-овқат, кийим-кечак, таълимгача мавжуд бўлган.
Яна маҳбусларнинг аҳволини яхшилаш, яшаш шароитларини ўнглаш ва саломатликларини сақлаш, керакли егуликлар билан таъминлаш учун ҳам муассасалар мавжуд бўлган. Кўр ва ногиронларни етаклаб, хизматини қиладиганларга мадад кўрсатиш учун алоҳида муассасалар бор эди.
Ўзининг ёки валийларининг қўли калталик қилиб, уйланиш ва маҳр бериш харажатларини кўтаролмайдиган бўйдоқ йигит ва қизларнинг сарфиётини бўйнига олиб, никоҳ маросимларини ўтказиб берадиган алоҳида муассасалар ҳам бўлган. Бу – меҳрибонлик ва раҳм-шафқатнинг гўзал кўринишларидан бўлиб, бундай муносабатга бугун янада муҳтожмиз!
Шунингдек, оналарга сут ва шакар билан ёрдам берадиган муассасалар бўлганки, улар ҳозирда мавжуд сут бериш нуқталаридан холис Аллоҳ азза ва жалла йўлида яхшилик қилиши билан ажраб турган. Салоҳиддиннинг қилган эзгу ишларидан бири – Дамашқдаги қалъа эшикларидан бирида (бу эшиклар ҳозир ҳам бор!) сут оқадиган нов қилиб қўйган. Бошқа бир тарновда эса шакарли сув оққан. Оналар бу ерга ҳафтада икки бор келиб, гўдакларига керакли сут ва шакарли сувни олиб кетганлар…
Хайрия муассасаларининг энг ғаройиби уйларига олиб кетаётган қатиқларини қўлларидан тушириб, идишини синдириб қўйган болалар учун очилган қатиқ вақфларидир. Болалар ушбу муассасага келишарди-да синдириб қўйган қатиқ идишлари ўрнига қатиқ тўла янги идишни олиб, ҳеч нарса бўлмагандек уйга кириб боришарди.
Шундай муассасалардан охири зикр қиладиганимиз, бу – касал ҳайвонларнинг муолажаси, овқатланиши, ожиз пайтида риоясини қилишга масъул бўлган муассасалардир. Ҳозирда Дамашқдаги шаҳар ўйингоҳи қурилган Маржал-Ахзар (яшил ўтлоқ) бунга мисол бўлади.
Ислом ҳазораси соясида барпо этилган хайрия муассасаларининг ушбу ўттиз тури олдин ўтган миллатлардан бирортасида бўлганми? Улардан кўпини ҳозирда мавжуд ҳазоралар соясида учрата оламизми? Шубҳасиз, бу – бутун дунё ғафлат, жаҳолат, қолоқлик ва зулм остида бўлган кунда мусулмонларга насиб этган барҳаётлик йўлидир. Шубҳасиз, бу – қийналган инсониятдан дард ва аламини кетказган барҳаётлик йўлидир…
Ислом Ҳазораси (11)
Muhammad 2008.06.07, Шанба 01:00 да чоп этган
Тарих
Мадрасалар тўғрисида сўзланадиган бўлса, улар қўмондон, уламо, тужжор, подшоҳ ва амирлар томонидан ҳадя қилинган жуда кўп вақфлар эвазига бунёдга келганди. Уларнинг сони ҳаддан ортиқ кўп эди. Ислом оламининг бўйи-ю энидан кезиб, ўнлаб муаллим ва мударрис таълим бераётган бир неча мадрасадан ҳоли бирор шаҳар ёки қишлоқни учратмас эдингиз.
Масжидлар Ислом ҳазорасидаги мадрасаларнинг илк уруғи бўлган. Улар фақатгина ибодат ўрни бўлмай, балки масжидлардан мадраса ўрнида ҳам фойдаланилган. Уларда мусулмонлар ўқиш, ёзиш, Қуръон, шаръий илмлар, тил ва бошқа турли фанларни ўрганганлар. Кейинчалик масжиднинг ёнида мактаблар ташкил этилиб, улар ўқиш, ёзиш, Қуръон ва арабий, риёзий илмлардан таълим олишга ихтисослаштирилди. Бу мактаблар ҳозирги давримиздаги ибтидоий мадрасаларга ўхшаб кетарди. Улар жуда кўп бўлиб, ҳатто Ибн Ҳавқал Сақамийя бир шаҳарда ана шундай мактаблардан уч юзтасини санаб берган. Улар баъзан катта бўлиб, минг толибни ўзига сиғдирган. Абул Қосим ал-Балхийнинг тарихида зикр қилинишича, унинг мактабида уч минг шогирди таҳсил олган. Мактаб шу даражада катта бўлганки, толиби илмларни назорат қилиш, кузатиб туриш учун эшак миниб юришга мажбур бўларди.
Кейинчалик мактаб ва масжидлар ёнида мадрасалар қад кўтара бошлади. Бу мадрасалардаги дарслар ҳозирги замондаги ўрта ва олий ўқув даргоҳларидаги машғулотларга ўхшаб кетарди. Таълим олиш эса, барча табақа учун бепул бўлган. Таълим олиш ҳуқуқи миллат фарзандларининг ҳаммаси учун баробар эди. Бунда камбағалнинг ўғли бойнинг ўғли ёнида ўтирар, тожирнинг фарзанди эса ҳунарманд ва деҳқон фарзанди қаторида дарс тингларди.
Таълим олиш икки хил эди: 1. Моддий аҳволи оталари нафақаси ҳисобига яшашга имкон бермайдиган ғариб талабалар учун дохилий (ички) таълим. 2. Кечқурун аҳли байти ва танишлариникига қайтишни хоҳлаганлар учун хорижий (ташқи) таълим. Таълимнинг дохилий тури ҳам бепул бўлиб, толиб учун озиқ-овқат, тунашга, мутолаага ва ибодатга шарт-шароит муҳайё этилганди. Шу сабабдан ҳамма мадрасалар ичида масжид, ўқиш заллари, талабаларнинг ётоқхоналари, кутубхона, ошхона ва ҳаммомлар бўлганди. Баъзи мадрасалар булардан ташқари бадантарбия машқлари учун очиқ ҳавода ўйингоҳларга ҳам эга эди.
Ислом олами тўлиб-тошган бундай мадрасаларнинг намуналари ҳозир ҳам мавжуд. Дамашқда буюк қаҳрамон Нуриддин аш-Шаҳид асос солган «Нурия» мадрасаси ҳали ҳам бор. Мадраса ҳозир «Ҳайётийн» бозорида бўлиб, ҳанузгача исломий ҳазора замонидаги мадрасалар меъморчилигига тирик намуна вазифасини бажармоқда. Сайёҳ ибн Жубайр ҳижрий еттинчи аср бошларида уни зиёрат қилган ва ҳайратланиб қуйидагиларни ёзган: «Нуриддин раҳимаҳуллоҳнинг мадрасаси дунё мадрасаларининг энг гўзалларидандир. Ажиб қасрлардан бир қасрдир. Унда сув улкан дарё қаъридан оқиб келиб, ҳовли ўртасидаги катта ҳовузга келгунча узун ариқча узра марвариддек товланади. Бу гўзалликдан кўзлар ҳайрон қолади». Замонлар ўтиши билан ушбу мадрасадан ҳозир фақат айвон қолган. Унда муҳозаралар хонаси, масжид, мударрислар учун, яна уларнинг дам олишлари учун хона бўлиб, ҳозирдаги жомеа куллияларидаги устозлар хонаси вазифасини ўтаган. Бунда яна бош мударрис оиласи билан яшайдиган уй, талабалар ва мадраса хизматчилари учун ётоқхоналар бўлган.
Бунга ўхшаш ҳолни Ҳалабдаги «Шаъбониййа», «Усмониййа» ва «Хусравиййа» мадрасаларида ҳам кўриш мумкин. Уларда ҳам талабалар учун ётоқлар, дарс ўтиш заллари бўлган. Олдинига талабалар мадрасада овқатланардилар. Кейинроқ мадрасага мансуб талабалар учун ҳар ой охирида маълум миқдорда ҳақ (стипендия) бериладиган бўлди.
Ушбу мадрасаларнинг яна бир ёрқин мисоли «Ал-Азҳар» жомесидир. У майдонига дарс халқалари барпо қилинган масжид бўлиб, турли томондан талабаларнинг равоқ деб номланган ётоқхоналари ўраб турарди. Уларда турли шаҳарлардан келган талабалар ёнма-ён яшашарди. Масалан, шомликлар равоқи, мағрибликлар равоқи, турклар равоқи, суданликлар равоқи ва ҳоказолар бўлган. «Ал-Азҳар» талабалари ҳозирги кунгача толиби илмлар учун ажратиб қўйилган вақфлар фойдаси ҳисобидан бепул таълим олиш билан бирга ойлик стипендияга эга бўладилар.
Мадрасалар ҳақида сўз борар экан, мударрислар ва уларнинг ҳолатлари ҳамда маошлари ҳақида тўхталиш ҳам мақсадга мувофиқ. Мадрасаларнинг раислари уламоларнинг энг яхшилари ва энг машҳурларидан бўларди. Масалан, Имом Ан-Нававий, Ибн ас-Салоҳ, Абу Шома, Тақийюддин ас-Сабкий, Имодуддин ибн Касир ва бошқалар Дамашқдаги «Дорул-ҳадис» мадрасасида дарс беришган. Имом Ал-ўаззолий, Аш-Шерозий, Имомул-Ҳарамайн, Аш-Шоший, Ал-Хатиб ат-Табризий, Ал-Қазвиний, Ал-Ферузободий ва бошқалар Бағдоддаги «Низомиййа» мадрасасида дарс беришган ва ҳоказо.
Исломнинг илк даврларида мударрислар таълим учун ҳақ олишмаган. Замон ўтиб, ҳазора кенгайганидан ва мадрасалар бино қилиниб, уларга вақф белгилангандан кейингина улардаги мударрисларга ойлик маошлар белгиланди. Шу ўринда Мовароуннаҳр уламолари томонидан содир бўлган ажойиб бир воқеани зикр қилиб ўтмоқчимиз:
Низомулмулк турли шаҳарлардаги машҳур мадрасаларини бино қилган пайтда уларда дарс берадиган мударрисларга маош тайин қилди. Уламолар бу ишни қоралаб тўпландилар ҳамда илм ва унинг баракаси кетганини айтиб, илм учун мотам тутдилар. Ушбу маросимда шундай сўзлар айтилди: «Илм билан унинг шарафли экани учун ва у билан камол топишни мақсад қилган олийҳиммат ва қалби тоза кишилар шуғулланарди. Агар илмга ҳақ тайинланса, энди унга тубан ва танбаллар яқинлашади. Бу эса илмнинг хорланиши ва заифлашишига сабаб бўлади».
Лекин бу мулоҳаза ҳаёт ривожи ва ҳазора зарурияти олдида собит қолмади ва мударрисларга шаҳар, мадраса ва вақфларга қараб турли хил маошлар тайинланди. Лекин ҳар қандай ҳолда ҳам маош мударрис бемалол ҳаёт кечириши учун етарли миқдорда бўлди. Бундан ташқари мударрисга бошқа эҳтиёжлари учун ҳам маошлар белгиланганди. Масалан, Султон Салоҳиддин томонидан «Салоҳиййа» мадрасасида таълим бериш учун тайинланган шайх Нажмиддин ал-Хабушоний дарс бергани учун ҳар ойга қирқ динор, мадраса вақфини бошқариб тургани учун ўн динор маош ва кунига олтмиш мисрий қадоқ нон ва икки идиш Нил суви оларди. «Ал-Азҳар» шайхларининг ойлик маошлари ичида дарсга миниб келадиган хачирларининг сарфиёти учун ҳам маблағ бор эди. «Ал-Азҳар» вақфлари ичида шайх хачирининг харажатлари учун хос вақф бор эди. Кейинги йилларда шайхнинг ана шу вақфдан хачири номига оладиган ойлик маош юз жунайҳга етиб қолганди. Охирида уни ҳам ойлик маошга қўшиб бериладиган бўлди.
Дарс бериш мартабасига шайхлар ушбу мақомга лойиқ, деб шаҳодат берган кишигина эришарди. Исломнинг илк даврларида бу иш шайх шогирдига ўз ҳалқасидан ажраб чиқиб, хос ҳалқа тузишга рухсат бериши билан ёки вафотидан кейин ҳалқани бошқаришни буюриш билан бўларди. Шогирд бундан бошқа йўл тутса, танқидга учрар ва қийин, мураккаб саволлар ўқига дучор бўларди. Ҳорун ар-Рашид даврида қозиюлқуззот бўлган Абу Юсуфнинг (р.а.) тарихларида бундай воқеа зикр қилинади: Абу Юсуф шайхлари Абу Ҳанифа (р.а.) ҳаётлари чоғида касал бўлиб қолдилар. Шунда шайхлари кўргани бориб, у кишига: «Мен ўзимдан кейин мусулмонларга сени бош қиламан», дедилар. Абу Юсуф касалдан тузалганларида шайхлари берган бу шаҳодатдан ужбга берилиб, устозлари Абу Ҳанифадан ажраган ҳолда хос мажлис туздилар. Шунда Имом Абу Ҳанифа у кишининг олдиларига тафсилот ва изоҳ билан жавоб талаб қиладиган бешта нозик масала сўрагани одам юбордилар. Имом Абу Юсуф ушбу саволларга жавоб қилишда янглишдилар ва шайхларидан алоҳида бўлиб хато қилганларини англадилар ҳамда яна устозларининг ҳалқасига қайтдилар. Шунда шайхлари Имом Абу Ҳанифа у кишига бундай дедилар: «Етилмасдан олдин қуриб қолдинг! Ким ўзини илм олишдан беҳожат деб гумон қилса, ўз нафси учун йиғласин!»
Олдин шундай бўлганди. Кейинчалик мадрасалар пайдо бўлиб, уни битирганларга мадраса шайхи томонидан ҳозирги даврдагига ўхшаш илмий шаҳодатномалар бериладиган бўлди. Табибларга ҳам худди шундай мадрасани битирганлиги тўғрисидаги шаҳодатномани қўлга киритгандан кейингина табобат билан шуғулланишга рухсат бериларди.
Мударрисларни бошқа касб эгаларидан ажратиб турадиган хос белгилари бўларди. Имом Абу Юсуфнинг замонларида уларнинг аломатлари қора салла ва яшил ридо эди. Фотимийлар даврида эса, яшил салла ва ридо бўлган. Жубба эса уламо ва мударрисларга фақат умавийлар даврига келиб урф бўлган. Андалусдаги уламоларнинг кийимлари Машриқ уламо ва мударрислариникидан бироз фарқ қилган. Улар кийинишининг энг муҳим жиҳати салланинг кичик ўралишидир. Баъзи пайтларда олим салла ўрамасди ҳам. Бир марта машҳур луғавий Имом Абу Али ал-Қолий Шарқдан Андалусга борган пайтда унинг истиқболига чиққан Андалус уламолари ҳайратдан қотиб қолишган. Чунки Имом бошига жуда катта салла ўраб олганди. Ҳатто, ёш болалар ва эси пастлар масхаралаб, орқаларидан тош отиб қолишган.
ғарбликлар кийинишда Андалус мударрисларидан нусха кўчиришган. Ҳозирда Оврўпа жомеаларида илмий либос дея танилган кийимларнинг асли андалусийдир.
Муаллимларнинг ҳам талабалар уюшмаси, ашрофлар уюшмаси ва ўша даврларда ривожда бўлган баъзи касб ва ҳунар эгаларининг уюшмалари каби бирлаштириб турувчи иттифоқлари бўлган. Нақиб, яъни уюшма бошлиғини ўзларига мударрислар сайлардилар. Фақат уюшма аъзолари ўртасида ихтилоф келиб чиққандагина, бу ишга султон аралашарди.
“Ислом Ҳазораси”
Ислом Ҳазораси (12)
Muhammad 2008.06.14, Шанба 01:00 да чоп этган
Тарих
Абу Шома ўзларининг «Ар-Равзатайн» китобларида Муқаллад Ад-Давлаъийдан қуйидагини ривоят қиладилар: «Ҳофиз ал-Муродий вафот этганларида, фуқаҳолар жамоаси иккига: араб ва курдларга бўлинганди. Ичимизда мазҳабга мойил кишилар шайх Шарофиддин ибн Абу Асрунни чақиришни хоҳлаган бўлса, назар ва хилоф илмига мойил бўлганлар Ал-Қутуб ан-Нисобурийни чақирмоқчи эдилар. Шу сабаб бўлиб, фуқаҳолар ўртасида фитна чиқди. Султон Нуриддин бундан хабар топиб, фуқаҳолар жамоасини ҳузурига чорлади. Улар келишганда, Султондан ноиб бўлиб Мажидуддин ибн Ад-Дойа шундай деди: «Мадрасаларни бино қилишдан биз фақат илмни ёйиш ва бидъатни йўқ қилишни кўзлаганмиз. Ўртангизда бўлиб ўтган ҳодисалар яхши ҳам эмас, сизларга ярашмайди ҳам. Мавломиз (яъни, Нуриддин): «Икки тоифага ҳам розимиз ва икки шайхни ҳам чақирамиз», дедилар. Шундан сўнг икки шайх ҳам чақирилди. Шамсиддин ўзининг номидаги мадрасага бош бўлган бўлса, Қутбиддинни Ан-Нафарий мадрасасига раис тайин этилди».
Шундай мадрасалар, хусусан, олий маъҳадлар Ислом олами шаҳарларининг у четидан бу четигача тўлиб кетганди. Тарих турли шаҳарларда мадрасалар иншо этилишида асосий ролни мусулмон амирлари ўйнаганликларини ҳайратга тушиб сўзлайди. Масалан, улардан бири Салоҳиддин ал-Айюбий қўл остидаги Миср, Дамашқ, Мусил, Байтул Муқаддас каби шаҳарларнинг барчасида мадрасалар қурдирган. Яна бир амир Нуриддин аш-Шаҳид эса битта Суриянинг ўзида ўн тўртта маъҳад барпо этган. Уларнинг олтитаси Дамашқда, тўрттаси Ҳалабда, иккитаси Ҳамоҳда, яна иккитаси Ҳумсда ва биттаси Баълабаккада бўлган. Буюк салжуқий вазир Низомулмулк Ироқ ва Хуросон мамлакатларини мадрасалар билан тўлдириб юборган. Ҳатто, Ироқ билан Хуросоннинг ҳар бир шаҳрида биттадан мадраса қурилгани зикр қилинади. Мадрасалар, ҳатто, узоқ, чекка ерларда ҳам барпо этилди. Масалан, Ибн Амр жазирасида улкан ва гўзал мадраса қурилганди. Қайси бир шаҳарда кўзга кўринган ва чуқур илмли олим бўлса, унга мадраса қуриб берилар, вақф ажратилар ва кутубхона тақдим этиларди.
Бағдоддаги Низомийя мадрасаси шундай мадрасаларнинг энг муҳими бўлиб, унда бешинчи ва тўққизинчи асрлар оралиғидаги энг машҳур уламолар дарс беришган. Унда олти минг атрофида талаба таълим оларди. Бу мадраса мамлакат улуғ кишиларининг ўғлидан тортиб, энг камбағал косибининг фарзандигача бағрига олган бўлиб, ҳаммалари бепул ўқишарди. Камбағал толиб бундан ташқари ўзи учун хосланган вақф фойдасидан маълум миқдор маош ҳам олган.
Мазкур султон ва амирлар қатори бой ва тожирлар ҳам мадрасалар қуриш ва уларга вақфлар ажратиш борасида мусобақалашишардики, бу ҳол ушбу мадрасаларнинг бардавомлиги ва унга талабаларнинг иқбол этишига боис бўларди. Жуда кўпчилик ўз уйларини мадраса қилиб қўйишар ва ундаги китоблар ҳамда ёндош биноларни толиби илмларга вақф этиб ажратишганди. Шу сабабдан мадрасалар, хусусан Машриқда лол қоладиган даражада кўпайганди. Ҳатто андалусий сайёҳ Ибн Жубайр Машриқдаги мадрасаларнинг ва улар вақфидаги ғалланинг кўплигидан ҳайратланиб, мағрибликларни Машриққа бориб илм олишга даъват қилганди. У, жумладан, шундай дейди: «Машриқнинг барча шаҳарларида, хусусан, Дамашқда толиби илмлар учун вақфлар жуда кўп. Мағрибимиз фарзандларидан кимда-ким нажот истаса, ушбу мамлакатларга борсин. Талаби илмга ёрдам берадиган жуда кўп ишларни, аввало маишат хусусида хотиржамликни улардан топади».
Ибн Жубайрнинг шаҳодати қимматли. Чунки у ростгўй ва омонатдорлиги билан танилган сайёҳ. Ибн Жубайр мадраса ва вақфларнинг кўплиги хусусида бекорга Дамашқни хослагани йўқ. Ҳақиқатда ҳам узоқ тарих мобайнида талабаларни ўзига жазб этган маъмур Дамашқда тўрт юздан зиёд мадраса бор эди. Ҳатто, ғариб бир талаба ҳар мадрасада бир кечадан тунаса, бемалол бир йилини ўтказарди.
Энди мадрасалар учун ажратилган вақфларнинг кўплигига мисоллар билан танишинг. Дамашқдаги «Нуриятул-кубро» мадрасасига ажратилган вақфлар, мадраса эшигига ёзилишича, қуйидагилар: Буғдой бозоридаги мавжуд барча ҳаммомлар, Саломат дарвозасидан ташқаридаги икки ҳаммом, уларга қўшни ҳовлилар, Авниятул-ҳумодаги дарахтзор, вазирнинг боғи, Ал-Арзадаги ёнғоқзорнинг тўртдан уч қисми, Ал-Жобия дарвозасидан ташқаридаги ўн битта дўкон, уларга шарқдан ёндош бўлган майдон ва Дориёдаги тўққизта шудгор майдон.
Дамашқдаги мадраса ва масжидлар вақфларининг кўплигига қуйидаги мисол етарлидир. 676 ҳижрий йилда вафот этган Имом ан-Нававий ҳаётларининг охиригача Дамашқ меваларидан емаганлар. Чунки ундаги аксар вақф майдон ва боғ-роғлар золимлар томонидан тортиб, ўзлаштириб олинганди.
Мовароуннаҳр ўлкасида ҳам мадрасалар ниҳоятда кўп бўлган, Улар асосан диёрнинг қадимий машҳур шаҳарлари Самарқанд, Бухоро, Хива, Марв, Қўқон каби шаҳарларига жойлашган. Ўша пайтларда 150 минг аҳоли яшаган Самарқандда 250 масжид ва 40 мадраса бўлган. Бухорода эса 200 минг аҳолига 400 масжид ва 30 мадраса тўғри келган. Мадрасаларни бошқариш, ўқитиш жараёни ва хўжалик ишларига шайхулислом ва қозилар раҳбарлик қилишган. Ҳар бир мадрасада хўжалик ишларини юритувчи алоҳида мутавалли бўлган. У вақф ерлардан келган даромадларни, ушр, садақа ва эҳсонларни мадраса эҳтиёжларига тақсимлаб сарфлаган.
Мадрасалар хонлик ва амирликлардаги давлат идоралари, бошқарув маҳкамалари, қозиёт, диний муассасалар учун турли ходимлар, мактаб-мадрасалар учун муаллим-мударрислар, ижтимоий-сиёсий тузум ва унинг мафкурасига хизмат қилувчи мутахассисларни тайёрлаб берган. Талабалар имтиҳон ёки танлов асосида ўқишга қабул қилинган. Мударрислар ҳам имтиҳон қилингач, хон ёки беклар томонидан тайинланган. Мударрислар дарсдан бўш пайтларида қозилик, муфтийлик каби давлат ишлари билан ҳам шуғулланиб туришган. Битирувчилар олган билимига ёки имтиҳон натижаларига қараб, мударрис, масжид имоми ёки қози, муфтий, аълам, мирзо сифатида давлат маҳкамаларига юборилган.
Мадрасаларда ухровий (диний) билимлар беришга асосий эътибор қаратилган. Барча машғулотлар Қуръони карим ва Суннати набавиййа асосида олиб борилган, араб тилининг сарф ва наҳви (грамматика ва синтаксис) мукаммал ўргатилган. Фиқҳ ва ақоид асосий дарслардан бўлган.
Ўқув юртларида мантиқ, фалсафа, жуғрофия, алжабр ва ҳандаса, илми нужум каби дунёвий илмлардан ҳам сабоқ берилган. Талабалар юрт тарихини мустақил ўрганишган. Физика, табииёт, кимё фанлари ўқитилмаган, аммо ўқувчиларга булардан мустақил таҳсил олиш тақиқланмаган.
Ислом ўлкаларидаги мадрасалар мақсадига кўра турлича бўлган. Қуръони карим тафсири, ҳифзи ва қироатини ўргатадиган мадрасалар алоҳида бўлган. Ҳадисга хос мадрасалар бўлган. Уларнинг энг кўпи фиқҳ учун хос бўлган мадрасалардир. Ҳар бир мазҳаб фиқҳи учун алоҳида мадраса, яна тиб учун мадраса, яна етимлар ўқийдиган алоҳида мадрасалар қурилган. Ўнинчи ҳижрий аср уламоларидан Ан-Наъимий «Ад-Дорис фи тарих ал-Мадорис» китобларида Дамашқдаги мадрасалар ва уларнинг вақфлари номини зикр қиладилар. У кишининг хабарларига кўра, Дамашқнинг ўзида Қуръони карим ўргатадиган еттита мадраса, ҳадисни таълим берадиган ўн олтита мадраса, Қуръон ва ҳадисни баробар ўқитадиган учта мадраса, шофеъий фиқҳи учун олтмиш учта мадраса, ҳанафий фиқҳи учун эллик иккита мадраса, моликий фиқҳига тўртта ва ҳанбалий фиқҳи учун ўн битта мадраса бўлган. Булардан бошқа тиббиёт мадрасалари, работлар, меҳмонхонлар, ҳужралар ва жомелар бўлган. Буларга қўшимча ўлароқ, айни ана шу асрларда ғарбликлар орасида кенг тарқалган жаҳолат ва омиликни зикр қилсак, Ислом уммати авжи кучайган пайтда қандай буюкликка етганини биламиз. Ҳазора ижтимоий муассасалар ва илмий маъҳадлар тарихида қандай ҳам ажойиботларни кўрсатган! Илмни нашр қилишда, омманинг ҳазорасини кўтаришда ва бошқа миллат фарзандларига ҳам бу йўлни енгиллатишда Исломнинг қандай ҳам улкан хизматлари бўлган!
Имом Ибн Касир ўзларининг «Ал-Бидоя ван-Ниҳоя» китобларида олти юз ўттиз биринчи ҳижрий йил ҳодисаларини шундай ёзадилар: «Шу йили Бағдоддаги «Ал-Мустансирия» мадрасасининг қурилиши ниҳоясига етди. Бундан олдин унингдек мадраса бино қилинмаган. Унда тўрттала мазҳабни кузатдим: ҳар бир тоифадан олтмиш иккита фақиҳ ва тўртта ёрдамчи бор. Ҳар бир мазҳабга мударрис, ҳадис шайхи, икки қори ва ўн сомеъ мавжуд. Яна табобат шайхи ва мусулмонлардан тиб илми билан шуғулланувчи ўн киши ҳамда етимлар учун мактаб ҳам бор. Ҳамма учун нон, гўшт, ҳолва ва етарли миқдорда нафақа тайин этилган.
Кутубхонани кўздан кечирдим. Китобларининг кўплиги, нусхаларининг гўзаллиги ва вақф этилган китобларнинг сифатлилиги жиҳатидан улар кабисини кўрмаганман».
Ислом Ҳазораси (13)
Abdugafur 2008.06.23, Душанба 11:00 да чоп этган
Тарих
Ислом ҳазораси барпо бўлган асослардан бири – жисм эҳтиёжлари билан руҳ эҳтиёжларининг жамлаганлиги ҳамда инсоннинг саодати ва руҳи равшанлашиши учун жисмга иноятни зарурий талаблардан, деб эътибор қилганлигидир. Мана шу ҳазора асосчиси Расулуллоҳ (с.а.в.)дан: «Албатта сенда жасадингнинг ҳам ҳаққи бордир», деган сўзлари нақл қилинган.
Мулоҳаза қилиб кўрилса, Ислом ибодатларини бажо келтиришнинг ўзи табобат илмининг мақсадларидан бири бўлган соғлиқни сақлаш учун ўта муҳимдир. Чунки намоз, рўза, ҳаж ва бу ибодатлар талаб қиладиган шартлар, рукнлар ва амаллар, ҳаммаси жисмнинг сиҳатини, фаоллигини ва қувватини муҳофаза этади. Бунга яна Исломнинг касаллик ва унинг ёйилишига қарши курашини ва унга барҳам берувчи муолажани исташга тарғиб қилишини қўшсак, табобат майдонида ҳазора биноси қандай мустаҳкам асосларга қурилганини, унинг шифохоналар ва тиббий маъҳадлар барпо этишидан олам қанчалар истифода этганини ва у чиқарган табибларнинг илмга, хусусан, табобатга қилган ҳимматларидан инсоният ҳанузгача фахрланаётганини кўрамиз. (Табиб Али ибн Аббос табобатга шундай таъриф беради: «У – соғломларга соғлиқни сақлашни ва касалларга уни қайтаришни ўрганадиган илмдир».)
Араблар тиббий масканларни биринчи бор олтинчи милодий асрнинг ўрталарида Кисро қурдирган Жундисобур тиббий мадрасасидан танишди. Бу мадрасани Ҳорис ибн Килда каби баъзи араб табиблари ҳам битириб чиққан. У Пайғамбарнинг (с.а.в.) замонларида яшаган бўлиб, Расулуллоҳ агар саҳобаларининг касали қайталанаверса, унга бориб даволанишни маслаҳат берардилар.
Валид ибн Абдулмалик замонида Исломдаги илк шифохона барпо қилинди. У шифохона фақат моховлар учун махсус эди. Уларга табиблар ва мояналар тайинланди ҳамда беморлар чиқиб кетмасликлари учун ҳибс қилиб қўйишга амр этилди. Улардан ташқари кўрларга ҳам маош белгиланганди. Кейин бирин-кетин шифохоналар қурила бошланди. Улар «бемористон», яъни касалхона номи билан танилганди.
Шифохоналар икки хил: кўчма ва доимий бўларди. Кўчма шифохоналарни биринчи бор Ислом Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳаёт эканликларидаёқ урфга киритганди. Ҳандақ ғазотида ярадорлар учун чодир тикилганди. Саъд ибн Муоз тирсакларидан яраланган эдилар, Расулуллоҳ (с.а.в.): «Уни кўчма чодирга олиб боринглар, тоинки яқиндан кўриб тураман», дедилар. Бу – Исломдаги кўчиб юрадиган биринчи ҳарбий шифохона эди. Кейинчалик ундан халифа ва подшоҳлар кенг фойдаланадиган бўлишди. Ҳатто, кўчма шифохоналар касал муҳтож бўладиган ҳамма нарса: дори-дармон, ичимлик ва таомлар, кийим-кечак, табиб ва дорихоналар билан ҳам жиҳозланадиган бўлди. Бундай шифохоналар доимий хастахонаси бўлмаган ерларда бир қишлоқдан иккинчи қишлоққа кўчиб юрарди. Вазир Ийсо ибн Али ал-Жарроҳ Бағдод ва бошқа шаҳарлар шифохоналарининг бошлиғи Синон ибн Собитга шундай деб ёзади: «Қишлоқ аҳли ҳақида ўйлаб кўрдим. Одатда, бу ерлар касалдан ҳоли эмас. Қишлоқларда табиблар бўлмагани учун беморлар муолажаси ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. Шунинг учун қишлоқларни айланишга дори-дармон ва ичимликлар билан жиҳозланган табибларни жўнатишга ҳаракат қилинг. Улар ҳам бир ҳудудда ҳожат талаб этганича турсинлар ва у ердагиларнинг муолажасини қилсинлар. Шундан кейин бошқа жойларга кўчсинлар». Султон Маҳмуд ас-Салжуқий даврида баъзи кўчма шифохоналар шу даражада катталашиб кетдики, уларнинг жиҳози қирқталаб туяга юкланарди.
Доимий шифохоналарга келсак, улар пойтахт ва шаҳарларни тўлдирадиган даражада кўп эди. Ислом оламидаги кичкина шаҳар ҳам бир неча шифохонага эга эди. Масалан, Қуртубанинг ўзида элликта шифохона бор эди.
Шифохоналарнинг тури кўп бўлган. Масалан, қўшин учун алоҳида шифохоналар бўлиб, уларда махсус табиблар хизмат қилишарди. Яна маҳбусларнинг ҳам хос шифохоналари бўлган. Уларни ҳар куни табиблар айланиб чиқишар ва касалларини лозим дори-дармонлар билан муолажа этишарди. Вазир Али ибн Исо ибн Жарроҳ Синон ибн Собитга ёзган хатида қуйидаги жумлалар бор: «Маҳбуслар ҳақида ҳам ўйлаб кўрдим. Ададлари кўп бўлгани ва жойларининг ёмонлиги учун ораларида касаллари йўқ эмас. Шунинг учун уларнинг ҳузурларига ҳар куни кирадиган, дори ва ичимликлар берадиган табиблар тайинлаш керак. Бу табиблар ҳамма қамоқхоналарни айланиб, беморларни даволашлари лозим».
Шунингдек, «Тез ёрдам» нуқталари бўлиб, улар жомелар ва омма тўпланадиган жойларда бино қилинганди. Ал-Мақризийнинг айтишича, Ибн Тулун ўзининг машҳур жомеасини қурганда, унинг охирига дорихона ҳам қурган. У ерда ҳамма ичимлик ва дорилар топилар, хизматкорлар шай эди. Яна жума кунлари табиб келиб, намозхонлардан хасталикка чалинганларини муолажа қиларди.
Яна умумий шифохоналар ҳам бўлиб, улар эшигини ҳамма учун очиб қўйганди. Фақат бир-биридан алоҳида икки қисм: эркаклар ва аёллар бўлимига ажратилганди. Ҳар бўлимда бир неча зал бўлиб, ҳар бирида касалликнинг алоҳида тури кўриларди. Масалан, ички касалликларга алоҳида, кўзга, жароҳатга, синган-чиққанга, ақлий касалликларга алоҳида хоналар ажратилганди. Яна ички касалликлар бўлими ҳам бир неча хоналарга бўлинганди. Масалан, иситма-безгакка бир хона, ичбуруғга бир хона ва ҳоказо. Ҳар бир қисмнинг табиблари ва бошлиғи бўларди. Масалан, ички касалликлар бошлиғи, жарроҳлар бошлиғи, кўз касалликлари бошлиғи каби. Ҳамма бўлимнинг «соъур» деб номланган умумий бошлиғи бўларди. Бу шифохона табиблари раисининг лақабидир.
Табиблар шифохонада навбат билан ишлардилар. Ҳар бир табибга муайян вақт тайинланган бўлиб, табиб ана шу вақтда касалларни кўрадиган хонасида ҳозир туриши керак эди. Ҳар бир касалхонада эркак ва аёллардан фаррошлар, ҳамшира ва ёрдамчилар бўларди. Уларга етарли миқдорда маош белгиланганди. Яна ҳамма шифохоналарда «шаробхона» деб номланган дорихоналар бўларди. Уларда турли ичимликлар, нафис маъжунлар, тотли мурабболар, хилма-хил дори-дармонлар, бошқа ерда топилмайдиган қиммат атирлар мавжуд эди. Яна уларда жарроҳлик асбоблари, шиша идишлар, сут маҳсулотлари ва фақат подшоҳларнинг хазиналаридан топиладиган бошқа нарсалар ҳам бўларди.
Шифохоналарнинг ўзида тиббий маъҳадлар (институтлар) жойлашганди. Ҳар бир шифохонада муҳозаралар қилиш учун катта айвон бўлар, унда катта табиб (бош врач) билан бирга табиб ва талабалар дарс ўтказишарди. Ёнларида турли асбоб ва китоблар бўларди. Касалларни текшириб, муолажаларини қилиб бўлгандан кейин шогирдлар муаллимларининг ҳузурига келиб, устоз ва шогирд ўртасида тиббий мубоҳаса ва муноқашалар бошланарди. Китоблар ўқиларди. Кўпинча талабаларга амалий дарс касалларнинг ҳузурида ўтказиларди. Ҳозирги кунда шифохоналар ёнида жойлашган тиббиёт куллияларида шунга ўхшаш ҳолат бўляпти. Дамашқдаги Бемористони-Нурийда таълим олган Ибн Абу Усайбаъа шундай дейди: «Ҳаким Муҳаззабиддин ва ҳаким Имрон Бемористондаги касаллар муолажасидан фориғ бўлишгунча бирга бўлдим. Шундан кейин шайх Розийюддин ар-Раҳбий билан ўтираман ва касалларга қандай ташхис қўйишини, касалларнинг умумий ҳолатини тавсифлашини ва уларга ёзадиган муолажа усулларини кўраман ҳамда у билан касаллар ва уларни даволаш усуллари ҳақида мубоҳаса этаман».
Табибнинг ўз ҳолича муолажа этишига рухсат берилмасди. Бунгача у мамлакатнинг катта табиблари олдида имтиҳондан ўтади, шаҳодатнома олишни кўзлаган фани бўйича рисола тақдим этади (бу рисолада ўзи ёзган асар ёки катта тиб олимлари ёзган нарсаларга шарҳ ва изоҳлар бўлиши керак). Ва булар тўғрисида имтиҳон бўлиб, фанга тааллуқли ҳамма нарса сўралади. Уларга яхши жавоб берсагина, катта табиблар томонидан табобат билан шуғулланишга рухсат берилади.
931 милодий (319 ҳижрий) йилда Халифа Муқтадир замонида айрим табибларнинг хатоси туфайли бир одам вафот этади. Шунда халифа Бағдоднинг ҳамма табибларини қайтадан имтиҳон қилишга буйруқ беради. Уларни Бағдоднинг бош табиби Синон ибн Собит имтиҳон қилади. Бағдоднинг ўзида имтиҳон қилинган табибларнинг сони саккиз юз олтмиш тўрттага етади. Бунга имтиҳон қилинмаган машҳур табиблар, халифа, вузаро ва умаронинг табиблари кирмайди.
Шуни айтишни ҳам унутмаслик керакки, ҳамма шифохоналарда тиббиётга оид ва табиб ҳамда талабаларга керакли бошқа китоблар билан тўла кутубхоналар мавжуд эди. Айтишларича, Ибн Тулуннинг Қоҳирадаги шифохонаси кутубхонасида турли илмларга оид юз минг жилддан зиёда китоб бўлган.
Шифохоналардаги тартиботга келадиган бўлсак, даволаниш ҳамма учун бепул эди. Бу борада бой ва фақир, узоқ ва яқин, ақлли ва беақлнинг фарқи бўлмаган. Хаста келганда, аввал у ташқи залда текширувдан ўтади. Агар касаллик енгил бўлса, унга ресепт ёзиб берилган ва дорилар шифохонага қарашли дорихона томонидан бепул берилган.
Агар касалнинг ҳолати шифохонада ётишни тақозо қилса, унинг исми касалхона дафтарига қайд этилган. Сўнг хаста ҳаммомга кирган, унинг кийимлари ечиб олиниб, алоҳида жойга қўйилган ва унга касалхонанинг махсус кийими берилган. Кейин касаллар ётган хонага ётқизилган ва унга яхши жиҳозланган каравот ажратилган. Касалхонага ётқизилгандан кейин табиб тайинлаган дори-дармонлар ва керакли миқдорда сиҳатига мувофиқ озиқ-овқатлар берилган. Беморлар озуқаси қўй, мол, товуқ ва турли қушлар гўштидан тайёрланган. Касалнинг тузалиш аломати этиб, бир дафъада битта нон ва битта бутун товуқни тўлиқ ейиши белгиланган. Агар муолажа ниҳоясига етган бўлса, янги кийимлар ва ишлашга қодир бўлгунча етадиган миқдорда маблағ берилган.
Шифохонанинг хоналари покиза бўлган, сувлар оқиб турган. Заллари жуда гўзал мебеллар билан жиҳозланган. Ҳамма шифохонанинг тозаликни назорат қилиб турувчи тафтишчилари ва молиявий аҳволини текшириб турувчи назоратчилари бўлган. Кўпинча халифа ёки амирнинг ўзи касаллар аҳволи ва уларга қилинаётган муомаладан хабардор бўлиб турган.
Юқорида зикр қилинган ҳолатлар Ислом оламида бино этилган ҳамма шифохоналарда – хоҳ у Мағриб, хоҳ Машриқда бўлсин, Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Қуддус, Макка, Мадина, Марокаш, Андалусда бўлсин – бир хил эди. Бу ўринда ана шу асрлардаги Ислом пойтахтларидан тўртта шаҳардаги тўрт шифохона ҳақида сўзлаш билан чекланамиз:
Биринчиси – Бағдоддаги Азудий шифохонаси. Уни Азуд-давла ибн Бувайҳ 371 ҳижрий йилда қурдирган. Уни қуришдан олдин машҳур табиб Ар-Розий тунда Бағдоднинг тўрт томонига тўрт бўлак гўшт осиб қўядилар. Эрталаб гўшт қайси маконда яхши ҳидли сақланган бўлса, ўша жойда жуда катта маблағ эвазига шифохона қурилади. У ерда ишлашга йигирма тўрт табиб тайин этилиб, уларга керакли бўлган илмий кутубхона, дорихона, ошхона ва омбор берилади. 449 ҳижрий йилда халифа ал-Қоим Биамриллаҳ ушбу шифохонани янгилади ва топилиши қийин бўлган ичкилик ва дори-дармонларни жамлади. Касаллар учун жиҳозлар, кўрпа-тўшаклар, хушбўй атирлар, вақф сувлари тақдим этди. Хизматчи, табиб ва фаррошлар ёллади. Ушбу шифохонанинг эшикбон ва қўриқчилари ҳам бор эди. Яна унда ҳаммом бўлиб, унинг атрофини турли мева ва сабзавотларни ўз ичига олган боғ ўраганди. Сувдаги кемалар заиф ва камбағалларни таширди. Табиблар эртаю кеч беморларга навбат билан қарардилар.
Иккинчиси – Дамашқдаги Ан-Нурий ал-Кабийр шифохонаси. Уни одил подшоҳ, султон Нуриддин аш-Шаҳид 549 ҳижрий/1154 милодий йилда ғарб подшоҳларининг биридан фидя сифатида олган молга қурдирганди. Унинг биноси бутун мамлакат бўйлаб қурилган шифохоналар ичида энг гўзали бўлганди. Султон уни фақат камбағал ва мискинларга, деб шарт қўйганди. Бойларга эса фақат даволамасликнинг иложи бўлмай қолгандагина рухсат бериларди. Ундаги суюқ ва қуюқ дориларнинг ҳаммаси бепул эди. 580 ҳижрий йилда унга кирган сайёҳ Ибн Жубайр шифохона табибларининг касалларга бўлган эътиборини, ҳолларидан яхши хабардорлигини ва уларга керакли дори ва озуқаларни тайёрлашларини ижобий тавсифлайди. Яна у ерда руҳий хасталар учун алоҳида бўлим бўлиб, унда жиннилар боғлаб қўйилишига қарамай, эътибор билан муолажа қилинар ва яхши овқатлантириларди.
Тарихчилардан бирининг зикр қилишича, 831 ҳижрий йилда фазилат, завқ ва латофат аҳлидан бўлган бир ажамий киши Дамашқни зиёрат қилибди. У Ан-Нурий шифохонасига кириб, табибларининг кўплиги, касалларга яхши эътиборни ва ундаги озиқ-овқат, кўрпа-тўшак ҳамда ҳисоби йўқ латифликларни кўрган пайтда табибларнинг билимини синамоқчи бўлибди. У ўзини касалга солибди ва шифохонада уч кун қолибди. Табиббоши унинг касалини аниқлаш учун бир неча маротаба келибди. Унинг томирини ушлаб кўргач, касал эмаслигини, фақат табибларнинг билимини синаш учун келганини билибди ва унга тотли таомлар, семиз товуқлар, ширинликлар, ичимликлар ва турли мевалар беришни буюрибди. Сўнг уч кундан кейин унга қуйидаги сўзлар ёзилган қоғозни тутқазишибди: «Бизда меҳмондорчилик уч кундир». Ажамий бундан ўзининг мақсадини сезиб қолишганини ва бу муддат ичида шифохонада фақат меҳмон қилишганини тушунибди.
Бу шифохона ўзининг улуғ ишларини 1317 ҳижрий йилгача давом эттирди. Сўнг Ал-ўурабо шифохонаси бино қилинди. Ушбу шифохонага ҳозир Сурия жомесининг тиб қуллиёти эгалик қилади. Ан-Нурий шифохонаси бўлса, кейинчалик мадрасага айлантирилди.
Учинчиси – Ал-Мансурий ал-Кабир шифохонаси. У Қоловун бемористони номи билан машҳур бўлиб, олдин амирлардан бирининг ҳовлиси эди. Султон Ал-Мансур Сайфуддин Қоловун уни 683 ҳижрий (1284 мелодий) йилда шифохонага айлантирди. Унга йилига минг дирҳам фойда берадиган вақф ажратиб қўйди. Шифохонанинг ёнига масжид, мадраса ва етимлар учун кутубхона қурдирди. Айтишларича, буларни бино қилинишининг сабаби, Султон Ал-Мансур Қоловун Аз-Зоҳир Бибрис замонида 1275 йили Рум ғазотига амир сифатида кетаётган пайтда Дамашқда касал бўлиб қолди. Ан-Нурий ал-Кабир шифохонасидан олинган дори-дармонлар билан табиблар уни муолажа қилишди ва у соғайди. Отига миниб, у шифохонани шахсан ўзи томоша қилди. Ундан ажаб ва ҳайратга тушиб, агар Аллоҳ салтанатни насиб этса, шунга ўхшаш шифохона қурдиришни назр қилди. Вақтики, у султон бўлганда, бу ҳовлини танлаб сотиб олди ва уни шифохонага айлантирди. Бу шифохона танзим ва тартибда тилларда достон бўлди. Унга кириш ва наф олиш эркаг-у аёл, ҳуру қул, бойу камбағал – барчага баробар бепул эди. Ундан тузалиб чиққан касалларга кийим берилди. Вафот этганларни шифохона ҳисобидан тажҳиз ва такфин қилиб дафн этилди. Унга тиббиётнинг турли соҳаларига қараб табиблар тайинланди. Шунингдек, касаллар хизмати учун, уларнинг жойларини тозалаш, кийимларини ювиш ва ҳаммомда ёрдамлашиш учун фаррош ва ходимлар ишга олинди. Бу иш шу даражада ташкил қилиндики, ҳар бир касалнинг хизматига икки киши ҳозиру нозир эди. Ҳар бир касал учун битта каравот ва тўлиқ жиҳоз ажратилганди. Касалликнинг ҳар бир турига алоҳида жой белгиланганди. Яна табиббоши талабаларга таълим бериши учун алоҳида ўрин ҳозирланганди. Бундаги энг ажиб ҳол шифохонадан истифода этиш фақатгина у ерда ётганларгагина хос бўлмай, балки уйида туриб муолажа истаган кишиларга ҳам керакли ичимлик, таом ва дори-дармонни бериш йўлга қўйилганди.
Бу шифохона ўзининг инсоний вазифасини шу даражада комил адо этдики, унда ишлаган кўз табибларидан бирининг айтишича, шифохонага касал бўлиб кириб, соғайиб чиқиб кетганларнинг ҳар кунги сони тўрт мингдан зиёда эди. Ундан соғайиб чиққан ҳар бир хастага кийим-кечак ва шифохонадан чиқа солиб оғир ишларни қилишга мажбур бўлмасин, дея нафақаси учун бир миқдор маблағ бериларди.
Булардан ҳам ажойиби, ҳар бир касалга бошқа касал ишлатмаган хос идишда овқат бериларди. Унинг усти маҳкам ёпилиб, шу ҳолда касалга етказилиши лозим эди.
Яна ҳам ажойиби, сариқ касаллигига чалинганлар алоҳида хонага ёлғиз ажратиб қўйиларди. Улар бу хонада босиқ қўшиқлар куйини эшитиб, ором олардилар. Ёки қиссачилар айтиб берадиган қисса ва ҳикоялардан завқланишарди. Тузалиш арафасидаги касаллар уларга кулгили ривоятларни ўйнаб берардилар ёки миллий рақсларни ижро этардилар. Ёндош масжиднинг муаззинлари уларга бомдод намозидан икки соат олдин саҳарлаб азон айтиб берардилар. Бедорлик ва бекорчилик қийнаган касалларнинг дардларини енгиллатиш учун майин овозда ашулалар айтиб туришарди. Бу ҳолат француз қўшинлари милодий 1797 йилда Мисрга киргунларига қадар давом этди. Буларни француз олимлари ҳам ўз кўзлари билан кўрганлар ва у ҳақда ёзганлар.
Тароблус шаҳрида ғаройиб вақф мавжуд бўлган. Бу вақфнинг фойдаси икки киши учун берилиши белгиланганди. Уларнинг вазифаси кунда шифохоналарда юриб касалларга ҳолати яхшилангани, юзи қизариб, кўзлари чақнаётганини, бу эса тузалаётганлик аломати эканини тез-тез уқтириб туриш эди.
Тўртинчиси – Марокаш шифохонаси. Уни Мағрибдаги Муваҳҳидийн подшоҳларидан амирул мўминин Ал-Мансур абу Юсуф қурдирган. Шифохона Марокашдаги энг мўътадил мавзеъдаги катта майдонда жойлашган. Ал-Мансур қурувчиларга уни жуда ҳам чиройли қилиб, ҳафсала билан қуришга, унда барча дарахтлардан, гуллардан ва сабзавотлардан экишга буюрди. Шифохонанинг ҳамма уйларини айланиб чиқадиган қилиб сув оқизилди. Яна қўшимча тўртта ҳовуз қурилди. Бирининг ўртасига оқ мармар ишлатилди. Сўнг уни юнг, пахта, ипак ва теридан тайёрланган нафис жиҳозлар билан безалди. Ичимлик ва турли дори-дармонлар тайёрлаш учун дорихона бино қилинди. Касал учун кечасига алоҳида, кундузига алоҳида қишлик ва ёзлик кийимлар ҳозирланди. Бу ерда ҳам агар тузалган касал камбағал бўлса, унга то ишлагунча кифоя қилгулик нафақа тайинланди. Фарқи шуки, бу ерда бой одамга ҳам мол берилди, бу борада камбағал билан ажратилмади. Балки Марокашда касал бўлган ҳар қандай ғариб унга келтириб муолажа қилинди. У то тузалгунча ёки вафот этгунча ушбу шифохонада бўлди. Амир шифохонага ҳар жума келиб, касалларни кўрар, ҳол-аҳволлари ва табиб ҳамда ҳамшираларнинг муомалалари ҳақида сўраб-суриштирарди.
Ислом оламининг ғарби ва шарқида ёйилиб ётган юзлаб шифохоналарнинг тўртта намунасини кўриб чиқиб айтиш мумкинки, ўша кунларда Оврўпа жаҳолат зулматида сарсон эди. Улар мусулмонларнинг шифохоналаридаги дақиқлик, покизалик ва олий инсоний туйғулардан бирор нарсани билмасди. Бу ўринда олмониялик шарқшунос Макс Маерхофнинг Ислом ҳазораси юксалган ўша замонда Оврўпадаги шифохоналар ҳолати ҳақида айтганларини келтирамиз: «Араб шифохоналари ва маъмур Ислом шаҳарларидаги соғликни сақлаш низоми бизга жуда қаттиқ ва аччиқ дарс беради. Биз уларни ўша замондаги Оврўпа шифохоналарига енгилгина солиштирсак ҳам, ҳақиқий баҳолай оламиз».
Ислом оламидаги ўша фаровон замондан уч аср ўтса ҳамки, Оврўпа ҳали умумий шифохоналар маъносини билмасди. Агар ўн саккизинчи асргача касаллар уйларида ёки махсус ҳовличаларда даволанганлар, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Чунки ўша пайтгача Оврўпа шифохоналари махсус ҳовлиларда жойлашган бўлиб, бу ҳовличалар касал бўлсин, ожиз бўлсин, уй-жойсиз бўлсин, кишиларга бошпана вазифасини ҳам ўтарди. Бунга мазкур даврлардаги Оврўпа шифохоналарининг энг каттаси Париждаги Отел Дею очиқ мисол бўлади. Уни тавсифлаб Макс Тордо ва Теннонлар шундай дейишади: «Шифохонада 1200 дона каравот бор. Ундан 486 донаси бир киши учун мўлжалланган. Қолгани эса (булардан биттасининг кенглиги беш қадам келарди) одатда учтадан олтитагача касалга мўлжалланганди. Катта заллари ҳаво кирадиган туйнуклар йўқлиги сабабли сассиқ, жуда ҳам зах ва доим қоронғу эди. Битта залда ҳар доим саккиз юз чоғли касал ерга узала тушиб, хона торлик қилганидан похол ёки полга устма-уст бўлар даражада тиқилиб ётишарди. Бу ҳолдан одам эзилиб кетарди. Ўртача ҳажмдаги битта каравотда ёш болалар кексалар билан, аёллар эркакларнинг ёнида эканини кўрасиз. (Ишонмаслигингиз мумкин, лекин бу ҳақиқат.) Йўлакдаги аёлни тифнинг иситмаси гардобида ёниб, чангак бўлиб қолган бола билан ёнма-ён топасиз. Икковлари ҳам тери касаллигига чалинган одамнинг ёнида ётишарди. Уларга берилаётган таом ҳам хаёлга келиши мумкин бўлган энг ғариб нарсалар эди. Улар яна жуда ҳам кам миқдорда ва бетартиб узоқ муддатда бериларди».
Бу аянчли тавсифга бирор нарса қўшимча қилишнинг ҳожати бўлмаса керак.
Ислом Ҳазораси (14)
Abdugafur 2008.07.01, Сешанба 11:00 да чоп этган
Тарих
Исломда мусулмонларнинг покиза, тоза бўлишларига, ҳамиша ҳар жойда пок юриш-туришларига катта эътибор билан қаралади. Чунки Аллоҳ таолонинг амри шундай! Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг насиҳатлари шундай! Сабаби Ислом дини покизалик, гўзаллик устига қурилган. Шариатимиз покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, дуоси ижобат бўлади, деб ҳисоблайди. Поклик – мўминнинг кўзгуси. “Поклик – иймондандир”, деганлар жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.
Ислом мусулмонларнинг тоза, пок бўлишларини таъминлашда энг майда-чуйда “икир-чикир”ларгача аралашган. Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари орқали бу соҳадаги йўл-йўриқ ва кўрсатмаларни тарғиб қилади.
Аллоҳнинг мўмин зиммасидаги ҳаққи етти кунда барча аъзосини тўла ювиб, ғусл қилишдир. Динимизда эр-хотин муносабатидан кейин, булғаниб қолганда ҳам ғусл қилиш вожиб амал ҳисобланади. Мўйловларни қисқартириш, тирноқ олиш, қўлтиқ ва киндик ости мўйларини тозалаш, хатна қилдириш, мисвок тутиш каби ишлар мусулмонларга шарт қилиб қўйилган.
Оғиз-тишларни тоза тутишга алоҳида эътибор берилган. Арок дарахтининг шохчаларидан тайёрланган махсус тиш тозалаш воситаси – мисвокдан фойдаланиш суннатдир. Пайғамбар алайҳиссалом: “Тишларингизни мисвок билан тозалаб юринглар ва тозаликка одат қилинглар”, “Агар умматимга машаққат бўлмаганида эди, ҳар намоздан олдин мисвок қилишга (яъни, тиш тозалишга) буюрар эдим”, деб таълим берганлар. Жаноби Расулуллоҳнинг (с.а.в.) бу кўрсатмалари бежизга бўлмаган. Мисвок текшириб кўрилганда, унда кўплаб фойдали ва хушбўй моддалар борлиги аниқланди. Ваҳоланки, ҳозирги замонавий тиш чўткалари ғарбда 1806 йилдан урфга кира бошлаган.
Мусулмонлар кунига бир неча марта ювиниб, тозаланадилар. Ҳафтасига албатта ҳаммомда ёки уйларида ғусл қиладилар. Кийимларини, ҳовли-жойларини, ибодат ўринларини тоза тутадилар. Чунки бу – Исломнинг талаби. Ислом эса – тозалик дини, назофат дини, покизалик эса – диннинг ярмидир.
Мусулмонлар тозалик ҳақида ана шундай бош қотириб юришганида, Оврўпада кишилар ювинмасдан, йилига бир марта пахтани ҳўллаб артинишган, чўқинтириш пайтидаги махсус “вафтиз” сувининг таъсири кетиб қолмасин, деб сувдан сесканишган. Ҳаттоки, машҳур Версал саройида умуман ҳожатхона бўлмаган. Ўрта асрлар Францсиясида сарой ва театрларнинг бирортасида ҳожатхона бўлмаган бир пайтда Истанбулда 1400 га яқин шундай жой бўлган.
Ўша пайтларда Оврўпада оқар сувда, ҳаммомларда ювиниш нималигини билишмасди. Аммо шу даврда Марказий Осиёга сафар қилган сайёҳлардан бири Самарқанд шаҳрига шундай таъриф берганди: “Шаҳарда карвонсаройлар иккита, машҳур ҳаммомлар учта бўлган. Улардан иккитаси “Хўжа Аҳрор ҳаммомлари”, учинчиси эса Ҳаммоми Мирий, деб аталган”. 1558 йили Бухорога сафар қилган инглиз сайёҳи ва тарихчиси Антокий Женкинсон ўз хотираларида шундай деб ёзган: “23 декабрда Бақтрия еридаги Бухоро шаҳрига келдик. Шаҳар жуда катта, уйларнинг кўпи лойдан қилинган, аммо шаҳарда тош уйлар, шоҳона қурилган ва олтин суви билан нақшланган масжид-мадрасалар ҳамда миноралар ҳам кўп. Айниқса, ҳаммомлар шунақанги кўркам қурилганки, дунёда бунақасини учратмагандим. Уларни таърифлашга анча вақт кетади”.
Ўн олтинчи асрда Холландия элчиси Барон де Бусбек Усмонийлар мамлакатига сафаридан сўнг шундай деган экан: “Э, бу одамларнинг касал бўлиши аниқ. Балиқлар каби сувда “шалоп-шулуп” қилиб ювинишади. Шунчалар ҳам кўп ювиниш мумкинми?” Ҳаммомларни қўятурайлик, Усмонли салтанат шаҳарларида биздаги сардобаларга ўхшаш, ҳар бири санъат даражасига кўтарилган юзлаб чашмалар (замонавий таҳоратхоналар) бўлган.
Иброҳим Рафиқнинг “Тарих шуури” китобида ёзилишича, Валий лақабли Боязид иккинчи ҳукмронлиги даврида Истанбулга Масков князининг Михаил Плачнет исмли элчиси ташриф буюрган. Ундан ёқимсиз ҳид анқиб тургани сабабли уни ювинтириш учун ҳаммомга олиб боришган. Умрида ҳаммомни кўрмаган элчи ювинишга, ич кийимларини алмаштиришга кўниколмай, ҳаммомдан қочиб чиққан ва тезда Истанбулни тарк этган.
1600 йилларда Испания инквизицияси мусулмонларни оммавий қирғин қилгани тарихдан маълум. ғарб тадқиқотчиларининг кундаликларида ёзилишича, жоҳил ҳукмдорлар мусулмон испанларни тозалигига, қўлтиқ ости мўйларининг олинганига қараб, насронийлардан ажратиб қатл қилган экан.
Мусулмонлар нафақат тозаликда, кийиниш, овқатланиш маданияти соҳасида ҳам оврўпаликларга ўрнак бўлишган. Биргина овқатланиш хусусида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўнлаб ҳадислар ворид бўлган. У зоти бобаракот умматни кўп таом ейишдан қайтарганлар. Бунинг зарарлари ва оқибатларини бугунги кунда ҳозирги тиббиёт фани ҳам, одамлар ҳам яхши тушуниб қолишди.
Пайғамбар алайҳиссалом кечқурун ётишдан олдин сув ва таом солинган идишлар устини ёпишни, синиқ, дарз, лаби учган идишларни ишлатмасликни буюрганлар. Ўша жойларда турли зарарли нарсалар (микроблар) бўлишини ҳали заррабин (микроскоп) кашф этилмасдан ўн тўрт аср аввалдан кўра билганлар. У зот овқат олдидан ва кейин қўл ювиш, овқатга пуфламаслик, хотиржам, ўтириб овқатланиш, таомни иссиғича истеъмол қилмасликка ҳам тарғиб қилганларки, буларнинг ҳаммасида ҳам ҳикмат бор.
Ваҳоланки, ғарбда овқатланиш соҳасидаги маданият жуда орқада эди. Биргина мисол келтириб ўтиш кифоя: ўрта асрларда Бранденбург шаҳзодаси аслзодаларни ўз саройидаги зиёфатга чорлар экан, таклифномага: “Гўшт егандан кейин суякни орқага отиш йўқ, ёғли оғизни енг билан артиш йўқ, товоқни кўтариб, остига тупуриш йўқ”, деб изоҳ ёзишга мажбур бўлган экан. Ҳатто, ҳозирда ғарбдаги кўпгина ўлкаларда бўлганимизда, оврўпаликларнинг жамоат жойларида, ҳатто, дастурхон устида бемалол рўмолчага бурун қоқаётганларини, ҳамманинг кўз ўнгида тиш кавлаётганларини, овоз чиқариб, бетартиб овқатланишларини кўриб, ҳайратимиз ошганди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ана шуларнинг ўзиёқ, Ислом ҳазораси ғарб ҳазорасидан анча илғор бўлиб келганини исботлаб турибди.
Ислом Ҳазораси (15)
Abdugafur 2008.07.11, Жума 11:00 да чоп этган
Тарих
Кўпинча нохолис ғарб тарихчилари, ҳаттоки айрим замондош зиёлиларимиз Ислом динини илм-фан, техника ривожига бепарво бўлганликда, гоҳо тўсқинлик қилганликда айблашга ўрганиб қолишган. Баъзилар ҳатто мусулмонларнинг бугунги кунда техника тараққиётидан орқада қолганининг бош сабабларини ана шунга тўнкашга уринишади.
Аслида шундай бўлганмиди? Тарихга холис назар, тоза виждон билан ёндошадиган ҳар бир инсофли киши бу даъволарда ҳақиқат йўқлигини осонгина тушуниб олади. Сабаби Ислом – илм дини, Пайғамбар алайҳиссаломга нозил қилинган илк ваҳий Аллоҳнинг “Ўқи!” деган фармони илоҳиййаси билан бошланган. “Илм” сўзи Қуръони каримнинг 811 жойида турли маънолар билан келган. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бешикдан қабрагача илм излашни, Чин каби олис ўлкада бўлса ҳам, бориб илм ўрганишни муслим ва муслимага шарт қилиб қўйдилар. Ўрта асрлар эса исломий илм-фан, техника энг гуллаб-яшнаган, ўзига хос Уйғониш даври бўлган. Бунга холис тарих шоҳидлик бериб турибди.
Биргина XVI—XVII асрларда Ислом оламида илмнинг турли соҳаларида 86000 уламо фаолият кўрсатган. Мусулмон дунёсида матбаачилик айрим иқтисодий сабабларга кўра, ғарбдан юз йил ортда қолганига қарамай, Ислом ўлкаларидаги кутубхоналарда юз минглаб жилд гўзал ва нодир китоблар бўлган. Ваҳоланки, ўша пайтда Оврўпа қироллик кутубхонасида 100 жилд китоб бор эди, холос.
Ҳаттоки, жуда кўп ғарб тарихчиларининг ўзлари ҳам Оврўпа илм-фанни, адабиётни асосан Ислом ҳазорасидан ўрганганини тан олиб ёзишади ва ўша пайтнинг даҳо уламоларига миннатдорчилик изҳор этишади. Ислом олимларининг Аллоҳ берган иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётлари ҳақиқатан ҳам дунё ҳавас қилгулик, ҳайратда қолгулик даражада эди.
Мовароуннаҳр диёридан чиққан Мусо Муҳаммад ал-Хоразмий, Аҳмад ал-Фарғоний, Абу Наср Форобий, Абу Али ибн Сино, Абу Райҳон Беруний каби олимларнинг номлари Ислом ҳазорасидан ташқарига чиқиб, Оврўпа илм-фанида ҳам ўчмас из қолдирди. Масалан, Ал-Хоразмий алгебра фанига асос солди, “алгебра” истилоҳи унинг “Ал-китоб ал-мухтасар фи ҳисоб АЛ-ЖАБР ал-муқобала” рисоласидан олинган. Олимнинг номи эса “алгоритм” шаклида фанда абадий ўрнашиб қолди. Унинг “Зиж”и Оврўпада ҳам, Шарқда ҳам фалакшунослик (астрономия) ривожланишига катта туртки бўлди. Алломанинг арифметикага оид рисоласи XII асрдаёқ Испанияда севилиялик Иоанн томонидан қайта ишланиб, шу асосда дарслик ёзилган. Алгебрага доир яна бир рисоласи ҳам 1145 йили Севилияда Роберт Честер томонидан лотинчага таржима қилинган. ғарб олими Ж. Сартон ўзбек олимини “ўз даврининг энг буюк математиги ва агар барча шарт-шароитлар назарга олинса, даврларнинг ҳам энг буюкларидан бири”, деб атаган.
Аҳмад ал-Фарғонийнинг асосий фалакшунослик асари “Самовий ҳаракатлар ва умумий илми нужум китоби” XII асрда бошқа Оврўпа тилларига таржима қилиниб, “Алфраганус” деган лотинча ном билан ғарб университетларида бир неча аср мобайнида астрономиядан асосий дарслик сифатида ўқитилган. Яна бир олим Абу Наср Форобий ғарбда “Шарқ Арастуси” номи билан машҳур бўлган ва уни Арасту (Аристотел)дан кейинги “Иккинчи муаллим” деб аташган.
Ўрта аср Ислом ҳазорасининг улуғ намоёндаси, машҳур ўзбек қомусий олими Абу Райҳон Берунийнинг илм-фан соҳасидаги хизматларини санаб тугатиш қийин. Бежизга ўзбек шоири “Колумбда бор аламим маним” деб ёзмаган, Беруний Христофор Колумбдан анча аввал уммон ортида номаълум қитъа борлигини айтган. Аллома Галилейдан 600 йил аввал Ернинг айланишини исботлаб ва изоҳлаб берган, биринчи глобусни ясаган, Ер билан Ой орасидаги масофани ўлчаган. Косинуслар теоремасини ҳам француз алломаси Вентдан беш юз йил аввал у кашф этган. Унинг “Геодезия”, “Ҳиндистон” “Маъданшунослик”, “Сайдона” асарлари ўша вақтлардаёқ Шарқу ғарбда машҳур бўлган. Академик В. Розен: “Шарқ ва ғарбнинг қадимги ва ўрта асрдаги бутун илмий адабиёти орасида “Ҳиндистон”га тенг келадиган асар йўқ”, деб ёзган бўлса, ўша аср олимларидан Ўқутнинг қайд этишича, “Берунийнинг “Маъсуд қонуни” асари математика ва фалакшунослик бўйича унгача ёзилган ҳамма китоблар изини ўчириб юборган”. Дарвоқе, Беруний санскрит, форс, араб, иврит, юнон каби тилларни мукаммал билган.
Мусулмон оламининг буюк алломаларидан Абу Юсуф Ўқуб ибн Исҳоҳ ал-Киндий (801-873)нинг номи тарихнинг энг ёрқин саҳифаларидан ўрин олган. У Эйнштейндан бир неча аср илгари борлиқ ва ундаги физик ҳодисаларнинг нисбийлиги ғоясини илгари сурган. У оптика соҳасида биринчилардан бўлиб асар ёзган ва унинг лотинча таржимаси “La Aspectus” номи билан ғарбда бу соҳанинг ривожига улкан ҳисса қўшган. Унинг сонлар назариясига доир саккизта, пропорсия ва вақт ўлчовига доир учта, жами ўн битта асари замонавий арифметикага асос бўлган, у геометриянинг асосчиси сифатида еттита асар ёзган. Ал-Киндий психо-физиологиянинг асосчиси ҳамдир, ғарбда шу соҳанинг илк олимлари, деб, эътироф этилган Вебер ва Фехнердан бир неча аср олдин ана шу фаннинг илмий асосларини ишлаб чиққан. Унинг маъданшунослик ва геологияга доир асарлари ҳам бор. Ал-Киндийнинг хушбўй дорилар ва косметикага оид бир асарини Карл Гарберс немисчага таржима қилиб чоп эттирган. Алломанинг илмнинг турли соҳаларини қамраган жами 270 асари маълум. ғарб олимларидан Жерар де Кремано, Рожер Бэкон, Вителдо ва яҳудий Исҳоқал-Исроилий уни устозлари деб билишган.
Дастлабки фалакшунос ва математиклардан Абул Вафо номи билан машҳур Муҳаммад ибн Яҳё ал-Бўзжонийнинг (940-998) хизматлари ҳам таҳсинга лойиқ. У тригонометрия фанига тангенс, котангенс, секанс, косеканс истилоҳларини олиб кирган, таъриф, теорема, формула каби тушунчаларни қўллаган. Унинг кашфиётларини Оврўпа юз йиллар кутишга мажбур бўлди. У Оврўпада Батламиуснинг Ой назарияси устида биринчи марта тадқиқот олиб борган Тужҳо Брахадан (1546-1601) нақ 600 йил олдин Батламиус назариясини танқидий ўрганиб чиқиб, унинг нуқсонларини баён қилиб берганди.
960-1039 йилларда яшаб ўтган яна бир мусулмон олими Қутбиддин Ибнул Ҳайсам физика соҳасидаги улкан кашфиётлари билан дунёга танилган. Унинг оптика ҳақидаги бир қанча илмий асарларини жамлаган “Китобул-манозир” (Тасвирлар китоби) китоби 1270 йилдаёқ лотинчага ўгирилган, кейинчалик Олмония, Португалия, Франсада чоп этилди ҳамда Коперник ва Ньютоннинг оптикага оид асарларига манба бўлди. Олимнинг лотинча номи “Albazen” физикадаги илмий истилоҳга айланган. Ибнул Ҳайсам алоҳида олинган ёруғлик, чекланган тезликка эга эканлиги ҳақида фикр билдирган биринчи олимдир. Ламберт трапетциясини, ундан анча олдин Ибнул Ҳайсам топган. Замонавий кўзойнакларнинг илк кашфиётчиси ҳам ана шу Ислом олими бўлган. Аллома физика, математика, тиббиёт, фалакшунослик, фалсафага оид 200 дан ортиқ асар ёзиб қолдирган. Олимнинг юксак иқтидори, илм-фан соҳасидаги кашфиётларининг аҳамияти ҳақида ғарб олимларининг ўзлари ҳам тан олиб ёзишган. Профессор Хиттининг таъкидлашича, “У оптик мутахассисларнинг энг биринчиси, илк мусулмон оптик докторидир”. Ж.Т. де Бауэр эса, уни “Ўрта асрдаги энг қимматли, энг обрўли математик ва физик”, дейди. Дарҳақиқат, у Рожер Бэкондан тортиб, Леонардо да Винчи ва Кеплерга қадар, бир қанча ғарб ва Шарқ олимларига фойдали бўлди. ғарбликларнинг ўзлари унинг сояси остида телескоп, микроскопларни кашф қилинганликларини таъкидлайдилар.
Бундай мисолларни яна жуда кўп келтириш мумкин. Ўқувчини зериктирмаслик учун қолган олимларнинг илм-фан йўлидаги хизматларига қисқача тўхталиб ўтишга тўғри келади.
Ибн Фирнос (вафоти 808 йил) ака-ука Райтлардан 1023 йил олдин учоқ ясаб, парвозни амалга оширган.
Жобир ибн Ҳаййон Жон Далтон, Отто Ханн, Эндрю Ферми, Алберт Эйнштейндан 1000 йил олдин атом устида тадқиқот ўтказган, илк марта “термоядровий куч” фикрини айтган, атом парчаланиши ва бомба шиддатини тасвирлаган.
Собит ибн Қурра (835-902) биринчи марта анестезинни топган, Али ибн Исо (XI аср) эса уни илк бор кўз жарроҳлигида қўллаб, бу ҳақда мустақил асар ёзган. Бироқ бу кашфиёт 1850 йилда Жанкайга тегишли бўлиб кетди. “Дифференциал ҳисоб”ни ҳам Ньютондан анча олдин, тўққизинчи асрда Собит ибн Қурра кашф қилган.
Само жисмларининг эллипс орбита бўйлаб ҳаракат қилиши ҳақидаги фикрни Кеплер Берунийдан ўзлаштириб олган бўлса, Коперник Қуёш назариясини Ибн Шотирдан (1304-1376) айнан кўчириб олган.
Палеонтология ва седиментология соҳасида илк тажрибалар ўтказиб, китоб ёзган олим Абу Али ибн Сино бўлса-да, бу борадаги хизматлари учун Албертга “Буюк Алберт” унвони берилган. Дарвоқе, Ибн Сино (Оврўпада Авитсенна) фаннинг турли соҳаларига оид 450 дан ортиқ китоб ёзган, биргина “Китоб уш-шифо” асари 22 жилддан иборат бўлган, “Тиб қонунлари” китоби эса 800 йил мобайнида тиббиётдаги асосий қўлланма бўлиб келди. “Медицина” истилоҳи ҳам олимнинг лотинча номидан олинган.
Улуғ шоир Умар Хайём “Арифметиканинг мушкул масалалари” асарида Ньютондан беш юз йил олдин ўн сонли рақамли масалаларини каср воситасида ҳал этиш назариясини тавсия қилди.
Физика ва фалакшуносликда жуда муҳим бўлган Маятникни Ньютондан етти юз йил аввал Ибн Юнус кашф этган.
Verem микробини топганлиги учун Р. Коч Нобел мукофотини олган, ваҳоланки, уни 150 йил олдин Камбур Восим (вафоти 1761 йил) топганди.
Автоматик цилиндр, автоматик жўмрак ва графинни илк бор Жазарий (1136-1206) ясаган. У Чарльз Бабакдан илгари компьютор мантиғига оид назарий фикрлар билдириб, кибернетикага асос солган. Шунингдек, у вулқоншунослик, геотермал майдонлар соҳасидаги билимларнинг ҳам асосчисидир.
Илк расадхона ва астрономик марказ Хожа Носириддин Тусий (1201-1274) томонидан қурилган.
Абу Маъшар (785-886) илк бор сувнинг кўтарилиш ва пасайишини кузатиб, асар ёзган.
Баттоний (858-929) бир йилни 365 кун 5 соат 46 дақиқа 22 сония ўлароқ ҳисоблаб чиққан.
Алоуддин Али Қушчи Ойнинг илк харитасини чизган, ҳозир бу харита Амриқодаги Ой тадқиқоти институтида чиқарилган хариталарнинг энг тепасига қўйилган.
Биринчи компасни ўн учинчи асрда Кабажакий ясаган, биринчи қоғоз фабрикасини Аббосий вазирлардан Ибн Фозил (739-805) қурдирган.
Зилзилага оид биринчи асар Дамашқийнинг (вафоти 1176 йил) “Китаб уз-залзала” асаридир. Кейинчалик XV асрда ёзилган Жалолиддин Суютийнинг “Зилзиланома” номи билан машҳур бўлган “Кашф уз залзал ан васфил-залзала” китобидан бошқа сейсмологияга оид асар бўлмаган.
Али ибн Аббос (вафоти 994 йил) капиляр қон томирларини кашф қилиб, минг йил олдин саратон (рак) амалиётини қилган бўлса, Аммор ибн Али XI асрда кўз пардаси жарроҳлигини амалга оширган. Абул Қосим аз-Захравий ғарбда замонавий жарроҳликнинг отаси, деб тан олинган. У жарроҳликда 200 дан ортиқ асбоб ишлатган. У туғишда қўллаган усулдан Оврўпада 500 йил фойдаланилган.
Мохов хасталигининг сабабларини ва даволаш усулларини тўққиз юз йил олдин Ибн Жассор баён қилиб берган.
Оқшамсиддин (1389-1459) Пастордан 400 йил олдин микробни кашф қилган.
Адабиёт соҳасида ҳам шарқликлар ҳар жиҳатдан устун бўлишган. Бу ҳақда китобнинг бир неча жойида фикр юритилгани боис, улуғ олмон шоири Ҳётенинг мана бу фикри билан сўзни мухтасар қиламиз: “Шарқда еттита буюк шоир бор. Уларнинг энг кучсизи ҳам мендан устун туради”.
Қуръони каримнинг таблиғи билан бошланган Ислом дунёсидаги илмий изланишлар исломий ҳазора тарихида ўчмас из қолдирди ва у келажакдаги ҳазоралар учун мустаҳкам пойдевор, туганмас манба бўлиб хизмат қилди ва қилмоқда.
Ислом олами билан Оврўпа орасида илм борасидаги фарқни тушуниб етиш учун ғарблик олимлардан бирининг эътирофини келтириш кифоя. У мусулмон оламида илм-фан гуллаб-яшнаган пайтда Оврўпанинг ҳолини қуйидагича тасвирлайди: “Тўққизинчи, ўнинчи, ўн биринчи ва ўн иккинчи асрларда ғарбнинг 95 фоиз аҳолиси ўқиш-ёзишни мутлақо билмас эди. Оврўпанинг подшоҳлари, амирлари ўқиш-ёзишни бироз ўргангани ҳаммага маълум. Монастрлардаги роҳиблар ва диний ходимлар қўлларига қалам тутишни ҳам билмасдилар”.
Ислом Ҳазораси (16)
Abdugafur 2008.07.21, Душанба 21:00 да чоп этган
Тарих
Ўша вақтларда матбаа ишлари йўлга қўйилмагани сабабли китоблар нархи толиби илм ёки камбағал олим сотиб олиши мумкин бўлмаган даражада қиммат эди. Шундай экан, китобхон ўз соҳасига тааллуқли китобларни қандай сотиб олади? Шу боис аввалги Ислом жамиятида кутубхоналарнинг пайдо бўлишига бир вақтнинг ўзида ҳам инсоний фазилат, ҳам илмий хусусият боис бўлган.
Араб адабиёти китобни, унга рағбат ва муҳаббатни куйлаган дунёнинг энг бой қадим адабиётларидандир. Аҳмад ибн Исмоил айтади: «Китоб – машғуллик пайтингда ўзи сўз бошламайдиган, иш вақтингда чақирмайдиган суҳбатдошдир. Унга чиройли кўринишинг шарт эмас. Китоб – сенга лаганбардорлик қилмайдиган ўртоқ, сени алдамайдиган дўст, малол келмайдиган йўлдош ва таҳқирламайдиган насиҳатгўйдир».
Мусулмонлар китоб мутолаасини турли мажлисларга ташриф буюришдан афзал билишарди. Унга ошно бўлишни халифа ёки салтанат соҳибига ошно бўлишдан қалбга яқин тутишарди. Одил вазир Муҳаммад ибн Абдулмалик Аз-Зайёт бир қанча вақт ўз уйида узлат қилди. Жоҳиз уни зиёрат этиб, араб тили имоми Себвайҳнинг китобини ҳадя қилди. Вазир ҳадяни жуда ҳам хурсандлик билан қабул қилиб, Жоҳизга: «Аллоҳга қасамки, менга бундан кўра маҳбуброқ нарса ҳали ҳадя қилинмаган», деди.
Халифа олимлардан бирини суҳбатига чорлади. Хизматкор олимнинг олдига борганда, уни китоблар ичида мутолаага берилиб ўтирганини кўрди ва: «Амирул-мўминин сизни ўз ҳузурига чорламоқда», деди. Олим хизматкорга шундай жавоб қилди: «Унга айтгин, менинг ҳузуримда бир қанча ҳукамо бор, мен улар билан суҳбатлашяпман. Қачон улардан фориғ бўлсам, шунда бораман». Хизматкор халифанинг олдига бориб ҳамма гапни айтди. Халифа: «Ҳайф сенга, унинг ҳузуридаги ўша ҳукамолар ким экан?» деб сўраганда, хизматкор: «Аллоҳга қасамки, унинг ҳузурида ҳеч ким йўқ эди», деди. Шунда хизматкорга: «Нима қилиб бўлса ҳам, ҳозироқ ҳузуримга келтир», деган буйруқ бўлди.
Олим ҳозир бўлганда халифа унга: «Ҳузурингдаги ўша ҳукамолар кимлар эди?» деб мурожаат қилди. Олим жавобни шеърий тарзда шундай баён қилди:
Уларнинг суҳбати ҳеч келмас малол,
Ортингда, олдингда маъмун ва амин.
Узлатда суҳбатин истайди кўнгил,
Ҳамиша елкадош, аритар ғаминг.
Ақлу фикр, одоб-ихлос бобида,
Устун билимидан берар манфаат.
Ундан кўрмагайсан ёмонлик асло,
Тилидан, қўлидан чекмай азият.
Уни ўлик, десанг бўлмайсан каззоб,
Гар тирик, десанг ҳам қилмаслар иқоб.
Бу сўздан халифа у уламо ва ҳукамоларнинг китоблари билан машғул бўлганини тушунди ва кечиккани учун айбламади.
Соҳиб ибн Ибод ўз кутубхонасида бўлишни Нуҳ ибн Мансур ас-Сомоний саройида улуғ мансабларга кўтарилишдан афзал биларди. Чунки у кутубхонасига қаттиқ муҳаббат қўйганди. Усиз ҳеч қаёққа боролмас ёки кўтариб ҳам кетолмасди. Шундан китоблари билан қолишни аъло биларди. Мана шундай илмий руҳ билан уламоларимиз, бойларимиз, амирларимиз китобга ва уни йиғишга берилганлар. Ҳатто, улар моллари ва уй-жойлари тўғрисидаги офатни китоблари хусусидаги офат-балодан енгил билишган.
Қўшин Ибн ал-Амийднинг ҳовлисига ҳужум қилиб, ғулом ва қўриқчиларни мағлуб этди. Ибн ал-Амийд Дорул-иморага қочди. Шундан сўнг бутун бойликлари талон-тарож қилинганини кўрди. На ўтиришга бирор нарса ва на сув ичишга бирор идиш қолибди. Унинг хаёли эса фақат дафтар ва китобларида эди. Чунки унга дунёда булардан азизроқ нарса йўқ эди. Унинг китоблари кўп бўлиб, барча илмларни, ҳикмат ва одоб навларининг ҳаммасини қамраб олганди. Агар юкланса, улар юздан ортиқ туяга юк бўларди. Ибн ал-Амийд кутубхоначисини кўрганда, китоблари ҳақида сўради. Хизматкор кутубхона олдинги ҳолатидек эканини, бирор кимса қўл теккизмаганини айтди. Бундан Ибн ал-Амийд қувончга тўлиб хизматкорига деди: «Гувоҳлик бераманки, сен масъуд ва олийжаноб инсонсан, бошқа нарсаларнинг эвази топилади, лекин бу хазина, яъни кутубхонанинг тенги йўқдир».
Мана шундай илмий руҳ сабабли аждодларимиз илмий асарларни муаллифлари ёзиб тугатишлари биланоқ сотиб олишда мусобақалашишган. Андалуснинг амири Ҳакам ҳозирда адабиёт оламида машҳур бўлган «Ал-Ағоний» китоби тўғрисида эшитди ва китоб муаллифи Абул Фараж ал-Исфаҳонийга ундан бир нусха бериш учун минг тилла динор юборди. Абул Фараж китобидан бир нусхасини амир учун бериб юборди. Шундай қилиб, ушбу китоб муаллифнинг ватани бўлмиш Ироқдан олдин узоқ Андалусда ўқилди.
Мана шу илмий руҳ сабабидан Ислом оламининг турли бурчакларида кутубхоналар кўпая бошлади. Ёнида кутубхонаси бўлмаган мадраса жуда кам эди. Кутубхонаси бўлмаган қишлоқлар жуда оз эди. Пойтахтлар ва шаҳарлар эса ўрта асрлар тарихида тенгги йўқ даражада кутубхоналар билан тўлиб-тошганди.
Кутубхоналар асосан иккига бўлинарди: умумий ва хусусий. Умумийларига халифалар, амирлар, уламолар ва бойлар асос солишганди. Улар учун махсус бинолар барпо қилинарди. Бу бинолар аҳёнда катта масжид ва мадрасалар биносига ёнма-ён қуриларди.
Аммо хусусий бинолар ўрталарини кенг зал боғлаган бир неча ҳужрадан ташкил топарди. Китоблар деворга мустаҳкамланган токчаларга қўйиларди. Ҳар бир хона илм турларидан бирига хосланарди. Масалан, фиқҳ китобларига бир хона, тиб китобларига бир хона, адабиёт китобларига яна бир хона ва ҳоказо. Бу бинода яна китобхонлар учун хос хона, китоблардан нусха кўчирадиган нуссохлар учун ҳам алоҳида хона бўларди. Баъзиларида мусиқахона ҳам бўлиб, унга китобхонлар дам олиш ва янгиланиш учун киришарди. Яна уларда изланиш ва китобхонларнинг илмий муноқаша қилишлари учун алоҳида жойлар мавжуд эди. Уларнинг ҳаммаси пўрим ва роҳатижон мебеллар билан жиҳозланган эди. Айримларида эса китобхонлар учун ошхона ва ғариблар учун ётоқхона ҳам қурилганди.
Али ибн Яҳё ибн ал-Мунжимнинг кутубхонасини шундай дейишарди. Унинг Бағдод яқинидаги бир қишлоқда (бу Ал-Қафс ноҳиясидаги Каркар қишлоғи) улкан қасри бор эди. Бу қасрда катта китобхона бўлиб, у «Хизонатул-ҳикма» деб номланарди. Мазкур кутубхонага турли шаҳарлардан одамлар келишар, унда қолиб, ҳар хил илмларни ўрганишарди. Бу ерда уларга китоблар ва озиқ-овқатлар мўл-кўл қилиб қўйилганди. Сарфиётнинг барчаси Али ибн Яҳёнинг ҳисобидан бўларди.
Бу борада бундан ҳам ажойиб воқеалар борки, уларга ўхшашини ҳозирги аср ғарб ҳазорасининг мутараққий пойтахтларидан ҳам тополмайсиз. Мусилда Абулқосим Жаъфар ибн Муҳаммад ибн Ҳамадон ал-Мусилий барпо этган қаср бўлиб, у «Дорул-илм» деб номланарди. Унда ҳар бир илм учун мавжуд китоблар жавони ҳамма толиби илмлар фойдасига вақф қилиб қўйилганди. Унга киришдан ҳеч ким ман қилинмасди. Илм талабидаги бирор ғариб камбағал бўлса, унга варақ ҳам, вариқ ҳам, яъни китоб ҳам, пул ҳам бериларди. Кутубхонанинг эшиги ҳар кун очиқ эди… Толиби илм учун ҳам китоб, ҳам мол бериладиган кутубхонани ҳозирги Масков, Вашингтон ёки дунёнинг бошқа бирор пойтахтида борлигини ҳеч эшитганмисиз?!
“Ислом Ҳазораси”
Ислом Ҳазораси (17)
Abdugafur 2008.07.29, Сешанба 21:00 да чоп этган
Тарих
Умумий кутубхоналарда «кутубхона хозини» деган ном билан машҳур киши бошчилигидаги вазифадорлар хизмат қилишарди. Хозинлар ҳамиша замонасининг машҳур уламоларидан тайин қилинарди. У ерда мутолаа қилувчиларга китобни олиб берувчи муновиллар, китобларни бошқа тилдан араб тилига ўгирувчи мутаржимлар, ўзларининг чиройли ёзувлари билан китоб кўчирувчи нуссохлар ва уларни эзилиб, титилиб кетишдан сақлаш учун жилдлайдиган мужаллидлар ҳамда кутубхонанинг бошқа эҳтиёжларига қарайдиган яна бир қанча вазифа эгалари хизмат қилишарди.
Катта-ю кичик ҳар бир кутубхонада китоблардан фойдаланишни осонлаштирадиган мундарижалар мавжуд эди. Уларга илм бобларига қараб тартиб берилганди. Бунга қўшимча равишда ҳар бир жавон олдига ундаги мавжуд китобларнинг номлари ёзилган рўйхатлар қўйилганди. Маълумки, аксар кутубхоналарнинг низомида китобларни бир кафолат эвазига уйга олиб кетиб мутолаа қилишга рухсат берилган. Аммо уламо ва аҳли фазлга ушбу кафолат ҳам бекор қилинганди, яъни улар гаровга ҳеч нарса бермай китобни уйга олишаверарди.
Кутубхоналарнинг сарф-харажатларини кўтарадиган нафақаларнинг маълум қисми айнан кутубхоналар учун таъсис этилган вақфлар ҳисобидан бўларди. Шунингдек, ушбу кутубхоналарни ташкил қилган амирлар, бойлар ва уламолар ҳам уларни маблағ билан таъмин этардилар. Айтишларича, Муҳаммад ибн Абдулмалик Аз-Заййот ўз кутубхонасидаги мутаржим ва нусха кўчирувчиларга ҳар ойда икки минг динор берарди. Маъмун эса, Ҳунайн ибн Исҳоққа арабчага ўгирган китобларининг вазнига тенгма-тенг миқдорда тилла ҳадя қиларди.
Энди тарихда номи қолган умумий ва хусусий кутубхоналар ҳақида айрим мисолларни келтириб ўтайлик. Машҳур кутубхоналар қуйидагилар эди:
Қоҳирадаги Фотимий халифалар кутубхонаси. Нафис саҳифа ва китобларни ўз ичига олган ажиб кутубхона эди. Мақризий бир миллион олти юз минг китоб бор, деган фикрга мойил бўлса-да, кўпчилик муаррихларнинг ривоят этишича, у ўзида жамлаган китобларнинг сони икки миллионтага етарди.
Қоҳирадаги «Дорул-ҳикма» кутубхонаси. Ал-Ҳоким Биамриллоҳ томонидан 395 ҳижрий йилнинг 10 жумодил-охирасида очилган. Унга чиройли жиҳозлар қўйилиб, яхшилаб зийнатланган. Хизматчилар, муновиллар ва фаррошлар унинг ичида яшашган. Бунда олдинги подшоҳлардан бирортаси жамламаган китоблар йиғилган. Ундаги китоб жавонлари қирқта бўлиб, уларнинг ҳар бирига қадим илмларга тегишли 18000 китоб қўйилганди. Кутубхонага кириш учун ҳаммага рухсат берилган бўлиб, баъзилар китоб ўқишга кирса, баъзилар нусха кўчириш учун, баъзилар эса таълим олиш учун ташриф буюришарди. Унда китобхонларга керакли бўлган ҳамма нарса: сиёҳ, қалам, қоғоз ва сиёҳдонлар мавжуд эди.
Бағдоддаги «Байтул-ҳикма» кутубхонаси. Уни Ҳорун ар-Рашид барпо қилган. Шон-шуҳрат чўққисига Маъмун даврида чиққан. У ўзида китоб жамлаган жомеага ўхшарди. Одамлар унда музокара ва мутолаа қилишар, китоблардан нусха кўчиришарди. Кутубхонада махсус нуссох ва мутаржимлар бўлиб, улар Ҳорун ар-Рашид ва Маъмун Анқара, Умурийя ва Қибрисни фатҳ қилганларида қўлга киритган китобларни таржима қилиб ёзишарди. Ибн ан-Надиймнинг айтишича, Маъмун билан Рум подшоҳи ўртасида ўзаро алоқа бор эди. Маъмун уни айрим урушларда мағлуб этган бўлиб, ўрталарида тузилган сулҳга кўра, Рум подшоҳи ўз хазинасидаги китобларни таржима қилишга Маъмун жўнатган олимлар учун рухсат бериши керак эди. Рум подшоҳи ҳам ушбу шартни бажонидил бажарарди. ўолиб ҳоким ғалаба учун ўз миллатининг фарзандларига мамлакатига келтириладиган илмий китоблардан кўра қийматлироқ нарсани кўрмади. Тарих сўзлаган бундан ҳам буюк ҳодиса борми?
Андалусдаги «Ал-Ҳикам» кутубхонаси. У жуда ҳам улкан ва кенг эди. Айтишларича, унда тўрт юз минг жилд китоб бўлган. Уларнинг мундарижалари ҳам диққат ва интизом билан тузилган. Ҳатто, ушбу кутубхонада мавжуд шеърий девонларнинг мундарижаси қирқ тўрт жузга етган. Нусха кўчириш санъатининг ҳаззоқлари, китобни жилдлаш касбининг усталари шу ерда эди. Андалус олдин ҳам, кейин ҳам бунчалик китоб хазинасини кўрмаган эди.
Тароблусдаги Бани Аммор кутубхонаси. У буюклик ва катталик мисолларидан бири эди. Унда бир юз саксон нуссох китоблардан нусха кўчирар эди. Нусха кўчириш иши кеча-кундуз тинмасди. Бани Аммор барча нодир ва янги китобларни ушбу кутубхонада бўлишига ҳаракат қилишарди. Мутахассис ва тожирлар мамлакатларни кезиб, фойдали китобларни чекка ўлкалар ва ажнабий давлатлардан келтиришга вазифалантирилганди. Бу кутубхонадан истифода этганини ал-Мааррий баъзи китобларида зикр қилган. Унда мавжуд китоблар миқдорида ихтилоф қилинган. Мўътадил сўзларга кўра, кутубхона ўзида бир миллион китобни жамлаган.
Хусусий кутубхоналар тўғрисида ҳам тарих зўр ажойиботларни сўзлайди. Ислом оламининг ғарбида-ю шарқида кутубхонаси мингларча китобни ўз ичига олмаган олим камдан-кам топиларди. Бу кутубхоналарнинг айримларини зикр қилиб ўтамиз:
Ал-Фатҳ ибн Ҳоқон (248 ҳижрий йилда ўлдирилган) кутубхонаси. Унинг кутубхонаси жуда катта бўлиб, замонасининг фозил кишиларидан Али ибн Яҳё ал-Мунжим уни йиғиб берганди. Ҳатто, бу кутубхонага берилган ҳикмат китобларини машҳур «Дорул-ҳикма» кутубхонаси ҳам кўрмаганди.
Ибн ал-Хашшоб (567 ҳижрий йилда вафот этган) кутубхонаси. Наҳвда одамларнинг энг билимдони эди. Тафсир, ҳадис, мантиқ ва фалсафадан яхши хабардор бўлган. Очкўзлик даражасида китобга ошиқ бўлган. Бу ошиқлиги уни китоб йиғишда маъқулланмаган йўлларни тутишга мажбурлаган. Масалан, китоб сотиб олиш учун китоб бозорида ҳозир бўлса, китобни арзон баҳода олиш учун сотувчиларни ғафлатда қолдириб, ундан бир варақ йиртиб олар ва: «Китобинг йиртилган экан», дерди. Ёки бировдан китоб сўраб олса, вақти келиб китоб соҳиби китобини талаб қилса: «Мен билан китоблар орасида дахлдорлик бор, бунга қарши туролмайман», дерди.
Жамолиддин ал-Қифтий (646 йили вафот этган) кутубхонаси. Тавсифига тил ожиз китобларни йиққан. У дунёда китобдан бошқасини севмасди. Ўзини китобга вақф қилиб қўйганди. Аҳли авлод машғул қилиб қўймасин, деб уйланишни рад этганди. Кутубхонасини Носирга васият қилган бўлиб, унинг баҳоси эллик минг динорга тенг эди.
Ҳалабдаги уламолар – Бани Жарода кутубхонаси. Улардан бири Абул Ҳасан ибн Абу Жарода (548 йили вафот этган) нафис китоблардан уч жавонини ўз қўли билан ёзган. Яна бир жавонини ўғли Абул Баракот, бир жавонини бошқа ўғли Абдуллоҳ ёзган.
Ал-Муваффиқ ибн ал-Матрон ад-Димашқий (587 йилда вафот этган) кутубхонаси. У китоб йиғишда олийҳиммат инсон эди. Ҳатто, у вафот этган пайтда китоб жавонларидаги тиббий ва бошқа китоблар сони ўн мингтага етарди. Унинг хизматида учта нуссох то вафот этгунча китоб ёзишган. Уларнинг маошлари ва таомларини ўзи бериб турган.
Ҳазораси гуллаб-яшнаган даврда Ислом оламидаги кутубхоналарнинг кенг ёйилгани кўрилганида, қалблар қанчалик завқу шавққа тўлган бўлса, мана шу кутубхоналарнинг ниҳоясини, улар йўлиққан ҳалокату ёнғинлар эсланганда, илмнинг бунчалик зиён кўриши мумкин эмаслигидан ғам-ғуссага ботилади. Кутубхоналардаги миллионларча китобларга барҳам берган фалокатлар туфайли олам тарихда инсоний фикр қолдирган энг қимматбаҳо бойликлардан абадий ажради.
Бағдодни босиб олгандаги мўғул-татарлар томонидан етказилган кулфатларни олайлик. Ҳамма нарсадан олдин кутубхоналарга талофат етказилди. Ваҳший жангчилар умумий кутубхоналарда қўлларига илинган барча китобларни Дажла дарёсига улоқтирдиларки, ҳатто ташланган китоблар ҳисобига дарё тўлиб-тошди. Шу даражадаки, отлиқ одам у соҳилдан – бу соҳилга бемалол ўта оларди. Дарёнинг суви унга чўктирилган китобларнинг ранги ҳисобига бир неча ой тим қора рангга бўялди. Салб юришлари ҳам Тароблус, Маарра, Қуддус, ўазо, Асқалон ва салбчилар хароб қилган бошқа шаҳарлардаги энг азиз кутубхоналарни яксон қилди. Тароблуснинг ўзида салбчилар уч миллион китобни йўқ қилганликларини эслаш кифоя.
Испанларнинг Андалусга босқинлари тарих ҳайрат билан сўзлаган буюк кутубхоналарни ер билан битта қилди. Бу кутубхоналарнинг барчаси диндор мутаассиблар томонидан ёндириб юборилди. Баъзи тарихчиларга кўра, ўарнота майдонида бир кунда миллионта китоб ёқилган.
Энди ташқи балолардан ички фитналарга диққатни қаратайлик. Фотимий халифалар кутубхоналари мамлук турклар тажовузи туфайли хотима топди. Улар китобларга ўт қўйдилар. Хизматкорлари уларнинг жилдидан кийишга пойабзаллар ясаб олишди. Китобларнинг анчагина қисми Нилга отилди. Айримлари бошқа ўлкаларга олиб кетилди. Қолган қисмини шамол учириб, «китоб тепаликлари» номи билан танилган тепаликларни юзага келтирди.
Ҳалабда «Сўфийлар хизонаси» деб номланган кутубхона бор эди. У жуда катта кутубхона бўлиб, Ошуро кунларида аҳли сунна ва шиа ўртасида қўзғалган фитна туфайли аксар қисми йўқ қилинди.
Андалусдаги Ал-Ҳоким ал-Мустансир кутубхонасига ички фитналар қўли барбарлар Қуртубага кирган пайтда етиб борди. У ердаги китобларнинг аксари сотиб юборилди ва қолган қисми талон-тарож қилинди.
Мусибатларнинг энг ғаройиби илм ва китобга нисбатан ҳамоқат амалга оширган кулгили ишлардир… Бешинчи ҳижрий асрдаги Миср амирларидан бири Амир ибн Фотиннинг катта кутубхонаси бор эди. У кўп вақтини ушбу кутубхонадан ҳеч қаерга чиқмай, китоб мутолааси билан ўтказарди. Унинг давлат арбоблари ўртасида обрўга эга хотини бор эди. Лекин бу хотин эрини китоблардан рашк қилар эди. У вафот этган пайтда хотини ва жориялари қалбларида китобга нисбатан алам билан кутубхонага киришди. Чунки китоблар ундан эрини чалғитганди. Ва йиғлаб-сиқтаб шу аснода китобларни ҳовлининг ўртасидаги сувли катта ҳовузга отишди. Эрининг китобга бўлган муҳаббатидан бўғилган хотин унинг вафотидан кейин китоблардан шундай қасос олди. Ҳалигача хотинларимиз ичида мана шу «фозила» хотин сингари эрини китобларидан қизғонадиганлари учраб туради. Қадимда эрини китоблари ичра ғарқ бўлган ҳолда кўрган имом Зуҳрийнинг хотини шундай деганди: «Аллоҳга қасамки, бу китоблар менинг учун учта кундошдан ҳам ёмондир!»
Бу – Ислом ҳазораси давридаги кутубхоналар ва уларнинг аянчли интиҳоси ҳақидаги ҳақиқат эди. Ўзганинг яхшиликларини эътироф этиш нафсга оғир келади. Аммо шуни эътироф этишимиз керакки, Оврўпадаги кутубхоналар бизга ўша улкан мероснинг қолдиқларини асраб берди. Уларда ҳалигача Ислом оламида мисли кўрилмаган арабий муаллафотлар хазинаси мавжуд.
Ислом Ҳазораси (18)
Abdugafur 2008.08.03, Якшанба 22:00 да чоп этган
Тарих
Булар ҳам Ислом ҳазорасининг ёрқин кўринишларидан биридир. Ушбу ҳазорани ёйишда, илмни тарқатишда уларнинг таъсири катта бўлган. Зиёлилар доирасида ижтимоий даражанинг кўтарилишида, илмий завқнинг ошишида гарчи мадраса, маъҳад ва кутубхоналарнинг ўрни катта эса-да, пойтахт ва катта шаҳарларда уюштирилган илмий мажлис ва анжуманлар ҳам муҳим аҳамият касб этган. Бу мажлислар кўп, баҳслари турлича бўлишига қарамай, улар Ислом миллатининг шавкатли ва қувватли даврларидаги фикрий уйғоқлик кўринишларига бетимсол мисолдир. Бунга халқнинг турли табақалари: халифалар, амирлар, уламолар, адиблар ва шоирлар хусусий ва умумий мажлисларидаги бахсларни илмий, адабий ва фалсафий мусобақага айлантираёзганларини кўриб амин бўласиз. Албатта, бу – миллатнинг илмга ошиқлиги, унинг булоқларидан қонишга иштиёқи буюклик ва тараққиётини кўрсатадиган даражага етганини билдиради.
Бу мажлислар саноқсиз ва турлича эди. Халифа ҳузуридаги мажлисларга унинг ўзи бошчилик қиларди. Унда пойтахтдаги машҳур олим, адиб ва фақиҳлар қатнашарди. Халифаларнинг мажлислари Ислом ҳазорасининг ривожланиши ва юксалиши билан баробар ривожланди. Хулафои рошидийнлар даврида ушбу мажлисларда давлат ишлари ва волийларнинг фаолияти ҳақида сўз борарди. Бунда гўё ноиблар мажлисларига ўхшаб, қавм улуғлари давлат ишлари ва турли муаммоларни ҳал қилишарди…
Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир кун давлат мансабларидан муҳим бир амалга муносиб кишини тайинлашга муҳтож бўлиб қолдилар. Шунда мажлисдошларига қарата: «Мен учун муҳим бўлган амалга одам тайинламоқчиман. Шунга муносиб одамни кўрсатинг», дедилар. Мажлисдагилар бир одамни таклиф қилишганида, бу одамга муҳтож эмасмиз, деган жавобни олишди. Шунда: “Кимни хоҳлайсиз, эй амирул-мўминин?” дейишганди, ҳазрати Умар шундай жавоб қилдилар: «У шундай одам бўлсинки, агар амирлари бўлса, ичларидаги бир кишидек бўлсин, амирлари бўлмаса, амирларидек бўлсин». Мажлисдагилар: «Бу сифатни фақат Рабиъ ибн ал-Хорисийдагина биламиз», дейишган. Бу номзод амирул-мўмининга ҳам маъқул тушиб, уни мазкур амалга тайинладилар.
Умавийлар даврига келиб, халифаларнинг мажлиси адаб, ҳикмат ва шеър мажлисларига айланди. Абдуллоҳ ибн Ҳишом бир куни Муовиянинг мажлисида ҳозир бўлдилар. Муовия: «Саховат, жасорат ва мурувват ҳақида менга ким хабар беради?» деди. Абдуллоҳ айтдилар: «Саховат – сўрамасдан бурун мол ва ҳадяни бериш, жасорат олдинда бўлишга журъат ва қадам тойганда сабр, мурувват эса – диннинг салоҳи, ҳолининг ислоҳи ва қўшнининг ҳимоясидир”.
Бир кун амир Абдулмалик мажлис аҳлига қарата: «Ким баданидаги аъзоларини алифбо ҳарфлари тартиби билан келтира олса, ўйлаган нарсасини бераман», деди. Шунда Сувайд ибн ўафла: «Мен келтира оламан, ё амирул мўминин», деганда, «Бошла», жавобини олди. У алифбо ҳарфлари бўйича аъзоларини санай бошлади: «Анф (бурун), батн (қорин), тарқува (ўмров), сағр (оғиз), жумжума (бош, бош суяги), халқ (томоқ), хад (юз), димоғ (димоғ)… Шунда бошқа биров туриб: «Аъзоларни иккитадан қилиб айтиб бераман», деди. Буни кўрган Сувайд: «Мен учтадан қилиб айта оламан: анф (бурун), аснон (тишлар), узун (қулоқ)…” дея давом этди. Абдулмалик унинг топқир ва ҳозиржавоблигидан ҳайратга тушди ва мукофотлади.
Аббосийлар даврига келиб, халифалар мажлиси янада ривожланди. Кенг, яхши жиҳозланган ерларда кўпгина олим ва адиблар билан ажиб мажлислар қурилар, ундаги бахс ва мунозаралар турлича бўларди. Бундан ташқари ўйин-кулгу мажлислари ҳам бўлардики, унда адабий муҳит ҳукмрон бўлиб, шеър ва шоирлар тўғрисида сўз борар ва муғаннийлар куйлаган қўшиқларнинг калималари изоҳланарди. Бани Аббос халифаларининг ичида мажлиси дабдаба ва ажойиботда энг машҳурлари Рашид ва Маъмун эди. Рашид ўз мажлисига ҳар бир фан ва илмнинг таниқли олимларини йиғарди. Бу ўринда мажлисларининг олди бўлмиш шоирлар: Абу Нувос, Абул Атоҳийя, Даъбал, Муслим ибн Валид, Аббос ибн Аҳнафлар, фақиҳлар: Абу Юсуф, Шофеъий, Муҳаммад ибн Ҳасанлар, тилшунослар: Абу Убайда, Асмаъий, Кисоийлар, муаррих Воқидий, муғаннийлар Иброҳим Мусимий ва ўғли Исҳоқларни эслаш етарли.
Унинг мажлисларида кечган адабий мунозараларга бир мисол келтирамиз. Бир кун унинг ҳузурида тил ва адабиётнинг улуғ имомлари Себвайҳ ва Кисоий йиғилиб қолишди. Кисоий шундай деб қолди: «Араблар бу жумлани қуйидагича айтишади: «Мен қовоқарининг чақиши асалариникидан кучли деб ўйлардим, ваҳоланки, у ўша (яъни, бир хил) экан». Себвайҳ эса, унинг нотўғрилигини айтиб: «Балки, у у экан», дейилади», деди. Улар узоқ тортишишди ва ниҳоят каломига ўтроқ шаҳарликлар сўзидан бирор нарса аралашмаган «тоза» арабга мурожаат қилишга келишишди. Рашид Кисоийни жуда яхши кўрар ва унга иноят кўрсатарди. Чунки уни халифалик мансабига ўтирмасидан олдин ҳам биларди. Шундан сўнг «тоза» бир арабни чақириб, жумланинг қандай айтилишини сўрашди. У жумлани Себвайҳникидек гапирди. Рашид унга: «Биз жумлани Кисоийникидек гапиришингни хоҳлаймиз», деди. У эса: «Тилим бундай гапиришга ўрганмаган», дея жавоб қилди ва ниҳоят у ҳам: «Ким тўғри гапирганди?», деб сўралса: «Албатта, Кисоий-да» дея жавоб қилишга рози бўлди. Бу келишув катта бир йиғин ичида содир бўлди. Себвайҳ Кисоийга тарафкашлик қилинганини тушунди ва Бағдоддан маҳзун ҳолда чиқиб кетди. Айтишларича, ушбу воқеадан кейин у узоқ яшамади ва руҳий азобдан вафот этди.
Маъмуннинг мажлислари эса исломий ҳазора тарихидаги энг ажиб илмий мажлислардан бўлган. Зотан, унинг ўзи устун уламолардан бўлган. Унинг саройи илм кишилари, шоир, адиб, табиб ва файласуфлар оммаси билан тўлиб-тошганди. Маъмун уларни мамлакатининг турли томонларидан чақирган бўлиб, келиб чиқишлари ва миллатларидан қатъий назар уларга катта эҳтиром кўрсатарди. Муноқашаларни кўпинча унинг ўзи бошлаб, уламоларни бахсга чорларди. Агар мажлисида файласуф ва уламолар бўлса, муқаддас китоблардан оятларни далил қилишни ҳаммаларига наҳий қиларди. Уларга шундай дерди: «Қуръондан ҳам, Инжилдан ҳам шоҳид келтирманг, мени сермулозамат, сертакаллуф бўлади, деб ўйлайсиз. Аллоҳга қасамки, иш сиз учун ё сиз тўғрингизда ҳам эмас, балки менинг араб эканлигим ҳақиқат ва тўғрини эътироф этишдан тўсиб қўйишини ёмон кўраман, холос».
Сўнг у арабларни бошқаларга нисбатан ортиқ кўришининг боисини шундай изоҳлайди: чунки уларда бошда китоб ҳам, илм ҳам бўлмаган. Шунга қарамай, улар ўз фитратлари билан ўсимликларни, улардан қўй ва туяга салоҳиятлиларини яхши билишган. Замон ва унинг ўзгарувини кузатишган. Уни баҳор, ёз, куз ва қишга бўлишган. Сўнг ичимликлари осмондан эканини билиб, об-ҳавони кузатишни ва вақт ўзгарувини ўрганишган. Осмондаги юлдузларга қараб, йўлларини топганлар. Яна ўрталарида мункардан қайтариб, яхшиликка тарғиб қиладиган ва пасткашликдан тийиб, гўзал ахлоққа чақирадиган бир келишувга келганлар. Ҳатто, уларнинг чекка ерда, хароб яшайдиган бир кишиси ҳам яхшиликни ҳеч қолдирмай мақтар, ёмонликларни ҳеч камчиликсиз мазаммат қиларди. Уларнинг сўзлари фақат яхшилик қилиш, қўшнининг ҳаққини муҳофаза этиш, саховатли бўлиш ва қўйинг-чи, бор эзгулик ҳақида бўларди. Буларнинг барини улар ўз ақллари билан топишар, фаросат ва фитратлари билан ҳеч бир ўрганишсиз, одобсиз билишарди. Балки уларнинг табиатлари одобли, ақллари ориф эди. Ибн Муқаффаъ ҳам айтади: «Шунинг учун уларга «Сизлар энг ақлли миллатсиз», дедим. Чунки уларнинг фитратлари соғлом, бўй-бастлари мўътадил, тўғри фикр ва фаҳмлидирлар».
Илмий мажлислар тўғрисида гапирганда, китоб дўконларининг ҳам бу борадаги аҳамиятини унутмаслик керак. Чунки уларда ҳам илм ҳақида, ҳар ким ўзи мутахассис бўлган соҳасида уламоларнинг гўзал суҳбатли мажлислари бўларди. Китоб сотувчиларнинг кўпчилиги одатда зиёли адиблар эди. Улар ўз касбларидан илмий эҳтиёжларини қондиришда фойдаланишарди. Масалан, «Ал-фиҳрист»нинг муаллифи Ибн Надим, «Мўъжамул-удабо» ва «Мўъжамул-булдон»нинг муаллифи Ёқутлар китоб сотувчи бўлишган. «Ал-ағоний»нинг муаллифи Абул Фараж Исфаҳоний ва машҳур тилшунос адиб Абу Наср Зужжож кўпинча китобдорларнинг дўконида учрашишарди ва у ерда тўпланган шоирлар билан шеър ва адабиёт ҳақида суҳбатлашишарди.
Ҳаётга ҳақли ҳар бир миллат ҳамма нарсадан олдин озуқасини илмдан топади. Ислом миллати бошқа миллатларга ҳаёт бағишлаб турган вақтларда илмга эга бўлиш ва уни ёйиб, тарқатиш йўлидан борган. Унинг халифадан тортиб олиму тожиргача бўлган фарзандлари илм қуроллари, китоблари ва мадрасаларини кўпайтиришда мусобақалашишган. Уларнинг суҳбатлари фақат илмни зиёда қилиш, зеҳнни очиш ва ақлни чархлаш йўлида бўлган. Ҳатто, ўйин-кулгу, кайфу-сафо мажлисларида ҳам, агар уламо ва удабо бўлса, бирор масалани ечиш, мавҳумотни кашф қилиш ёки хатони тўғрилаш учун фурсат бой берилмаган.
Яна бу ўринда фуқаҳо, муҳаддис ва воизларнинг мажлислари ҳақида гапирмадик. Бундай мажлислар ҳар бир шаҳар ва қишлоқда кенг урф бўлганди. Гапнинг қисқаси, ҳазораси гуллаб-яшнаган даврларда Ислом олами илм нури билан тўлиб-тошгандики, бу нур бутун уйларни, масжидларни, мадрасаларни, йиғин-мажлисларни ва дўконларни қамраб олганди. Бу тўғрида улуғ олим Густав Лубон ҳақ гапни айтганди: «Арабларнинг (мусулмонларни назарда тутмоқда) илмга муҳаббати жуда кучли эди. Улар жуда оз муддатда футуҳотларини тугатганларидан кейин ҳазорада юқори даражага эришгандилар. Ҳатто улар унда адабиёт ва илм-фан камолга етган ва чўққига чиққан ҳазорани бунёд эта олдилар».
Ислом Ҳазораси (19)
Abdugafur 2008.08.13, Чоршанба 22:20 да чоп этган
Тарих
Агар тўртинчи ҳижрий ёки ўнинчи милодий асрдаги Ислом олами ва ғарб олами шаҳарларига тезкор назар ташлаб чиқилса, бу икки олам ўртасидаги катта фарқни кўриб ҳайратга тушади киши. Ҳаёт, қувват ва ҳазора билан тўлиб-тошган Ислом олами билан ҳаёт, илм ва ҳазоранинг изи йўқ ғарб оламида кўрилганлар даҳшатга солади.
Пофес ва Ромбонинг умумий тарихида қуйидагилар келтирилади: «Англосаксония Англияси еттинчи милодий асрдан ўнинчи асргача бошқа мамлакатлар билан алоқаси йўқ камбағал давлат эди. Унинг манзараси қўрқинчли, кўримсиз бўлиб, уйлари сайқалланмаган (ишлов берилмаган) тошлардан кўтарилиб, лой билан мустаҳкамланарди. Уйларнинг тирқишлари тор бўлиб, яхши ёпилмасди. Отхона ва оғилхоналарда туйнук йўқлигидан мамлакатнинг ягона даромад манбаи бўлган чорва моллари ва от-уловлар такрор-такрор турли касаллик ва ваболардан қириларди. Одамлар ҳам жой ва амният борасида ҳайвонлардан қолишмасди. Масалан, қабила бошлиғи ўз кулбасида оиласи, хизматкорлари ва уларга алоқадор кишилар билан бирга яшарди. Барчалари ўртасида ўчоқ бўлган катта хонада ўлтиришар, шифтдаги мўри яхши очилмаганидан хонани тутун босиб кетарди. Ҳаммалари бир хонтахтада овқатланишар, хўжайин ва унинг яқинлари дастурхоннинг бир томонида ўтиришарди. У пайтларда вилкани билишмасди, қадаҳлар ушлашга ноқулай эди. Дастурхондагилар қадаҳнинг тагини ё қўллари билан ушлаб туришар ёки уни бир кўтаришда бўшатишарди. Кечқурун хўжайин овқатга тўйиб, шаробга бўкиб олгандан кейин ўз хонасига чиқиб кетарди. Сўнг хонтахта ва тахтасупалар кўтарилар ва ушбу хонада йиғилганлар ерда скамейкаларда чўзилишарди. Улар ётаётганда қурол-яроғларини бошларига қўйиб олишарди. Чунки ўғрилар шу қадар журъатли бўлиб қолишгандики, одамлар тўсатдан ашёларини олдириб қўймаслик учун доимо ҳушёр туришлари лозим эди.
Мана шу замонларда Оврўпа қуюқ ўрмонлар билан қопланганди. Деҳқончилик борасида анча орқада қолиб кетилганди. Шаҳарлар атрофидаги кўпгина ботқоқлардан ёмон ҳидлар тарқарди. Париж ва Лондондаги уйлар ёғоч ҳамда похол ва қамиш аралаштирилган лойдан қуриларди. Уларда ташқарига очиладиган деразалар ва иситиладиган хоналар бўлмасди. Улар уй жиҳози нима эканини билишмасди. Ерга тўшаладиган похолдан бўлак жиҳозлари ҳам йўқ эди. Тозалик ва покизалик ҳам уларга ёт эди. Ҳайвонларнинг ичак-чавоқлари ва ошхона чиқиндиларини уйларининг олдига ташлашарди. Улардан эса жуда бадбўй ҳидлар тараларди. Эркаклар, аёллар ва болалардан иборат катта бир оила ҳам битта хонада ётарди. Бу хонада кўпинча улар билан бирга уй ҳайвонлари ҳам паноҳ топишарди. Кишиларнинг тўшаклари похол қоплама устидан қилинган жун кигиз бўларди. Кўчаларда на ўзан, на сарой ва на чироқлар бўларди».
ғарб ўрта асрлардан то ўн биринчи асргача худди шундай ҳолда бўлган. Буни уларнинг тарихчилари эътироф қилишади. Бу кўринишни унутиб қўймасдан олдин тезда Шарққа, унинг Қуртуба, ўарнота, Ишбилийя, Бағдод ва Дамашқ каби пойтахт ва шаҳарларига юз бурайлик. Ҳозир Оврўпага қўшни бўлган Андалус шаҳарларига сайр қилиб, саёҳатимизни Қуртубадан бошлайлик. Ундаги ҳамма нарсага эмас, фақат ташқи кўринишигагина назар ташлаш кифоя.
Умавий Абдурраҳмон Учинчи замонида Қуртуба мусулмон Андалуснинг пойтахти бўлганди. Тунлари кўчалар чироқлар билан ёритилар, йўловчи ўнлаб мил (ўн олти километр) юрса ҳам, ушбу ёруғлик тугамасди. Шаҳарнинг кўчаларига тош ётқизилган, ахлатлари бетўхтов тозалаб туриларди. Атрофи қуюқ боғ-роғлар билан ўралганидан, шаҳарга келаётган одам унга етгунча бир неча соат боғ-бўстонлардан ўтарди. Шаҳар аҳолиси бир миллион эди. (Ваҳоланки, ўша пайтда Оврўпанинг энг катта шаҳрида ҳам йигирма беш мингдан ортиқ аҳоли яшамасди). Ҳаммомларининг сони тўққиз юзта, уйларининг сони 283000 (икки юз саксон уч минг), қасрлари саксон мингта ва масжидлари олти юзта эди. Шаҳарнинг айланаси саккиз фарсах (яъни, ўттиз минг метр) бўлган. Ўқиш-ёзишни ҳамма билган. Унинг шарқий томонида бир юз етмишта аёл кўфий хат билан мусҳаф ёзарди. Саксонта мадраса бўлиб, унда камбағаллар бепул ўқишган. Элликта шифохона беморларга текинга хизмат кўрсатган. Марказий масжид эса, ҳалигача санъат ва бунёдкорликнинг ўлмас намунаси, дея тан олинади. Мезанасининг узунлиги қирқ газ бўлиб, чиройли қуббаси нақшинкор ёғоч тиргакка ўрнатилган. Масжид турли мармарлардан шахмат тахтаси шаклида ясалган бир минг тўқсон учта устун устига қурилган. Унда узунасига ўн тўққизта, энига эса ўттиз саккизта саҳна мавжуд эди. Кечаси масжид тўрт минг етти юзта чироқ билан ёритиларди. Бу чироқларга йилига йигирма тўрт минг қадоқ мой сарфланган. Унинг жанубий томонида бронза билан зийнатлаб, жуда гўзал ясалган ўн тўққизта эшикни кўриш мумкин. Фақат ўртадаги битта эшик тилла билан безалган. Шарқий ва ғарбий томонларида ҳам худди шунга ўхшаш тўққизта эшик мавжуд. Меҳробини таърифлашга эса, француз тарихчисининг сўзини келтириш кифоя: «Башар кўзи тушган энг гўзал нарса удир. Уникидек безак ва ҳашаматни ва на эски ва на янги асарларда кўриш мумкин».
Қуртубада яна санъати ва ажойиботлари билан тарихда абадий қолган Аз-Заҳро қасри бор. Уни турк тарихчиси Зиё Пошшо шундай таърифлайди: «У замонасининг шундай ажойиботи эдики, Аллоҳ борлиқни яратганидан бери бирор бинокорнинг хаёлига ундай бинони қуриш келмаган, ақл яралгандан бери бирор муҳандиснинг калласига уникидек чизма чизиш келмаган». Унинг қуббаси 4316 та бир хил нақш солинган турли мармар устунлар устида эди. Ерига эса, турфа ранг мармар бўлаклари жуда гўзал шаклда ётқизилганди. Деворлари тилла ранг ложувард лавҳлар билан безалганди. Залларида мусаффо сувли булоқлар бўлиб, оқ мармардан турли шаклларда қурилган ҳовузларда халифанинг залидаги ҳовузга келгунча бир кўриниб, бир кўринмай оқарди. Ушбу ҳовузнинг ўртасида бошига марварид илинган тилла ғоз ўрнатилганди. Унинг сувида мингларча тур балиқлар бўлиб, уларнинг кўплиги шу даражада эдики, ҳовузга бир кунда ўн икки минг бўлак нон ташланарди».
Аз-Заҳрода «Қасрул-хилафа» деб номланган бино бўлиб, унинг шифти ва деворлари тилладан ва турли рангларда товланадиган мармарлардан қурилганди. Унинг ўртасида симоб тўлдирилган улкан ҳовуз бор эди. Бинонинг ҳар томонида саккизта эшик бўлиб, улар тилла қадалган абнус дарахтидан ясалганди. Қуёш ушбу эшиклардан кириб, нурини бино ўртаси ва деворларига таратарди. Бундан кўзни қамаштирадиган ёруғлик ҳосил бўларди. Халифа Носир агар аҳли мажлисидан бировни қўрқитмоқчи бўлса, хизматкорлардан бирига имо қилиб қўяр, у ўша симобни қимирлатарди. Шунда бинода чақмоқнинг нуридек ёруғлик пайдо бўлар, бундан қалбга ваҳима тушар, ҳатто мажлисдагилар симоб ҳаракатда экан, бинони учиб кетаётгандек хаёл қилиб саросимага тушишарди. Қасрни қуюқ дарахтзорлар ва кенг майдонлар ўраб турарди. Бундан ташқари ушбу ажойиб бинони баланд деворлар иҳота этганди. Унда уч юзта ҳарбий минора бўлганди.
Аз-Заҳро халифанинг саройини, амирлар саройини ва ҳарамни ўз ичига оларди. Шунингдек, унда подшоҳ ўтирадиган катта зал бўлиб, у улкан майдондаги хос ерга жойлашганди. Қуббасининг томи тилла ва кумушдан ишланган бўлиб, қози Мунзир ибн Саъид Қуртуба жомесидаги катта бир йиғинда халифанинг бу ишини танқид қилгани учун уни бузиб, ғиштдан қайта тиклашганди. Яна Аз-Заҳрода саноат ва асбобсозлик корхоналари ҳам мавжуд эди. Қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи, зийнат учун тақинчоқлар ясовчи, меъморчилик ва бошқа саноат корхоналари шулар жумласидандир.
Аз-Заҳрони қуриш учун тўрт йил вақт кетди. Бир кунда ерга ётқизилганидан ташқари олти минг дона харсанг тошга ишлов берилди. Ҳар куни ўн мингдан зиёд ишчи ва бир минг тўрт юз улов меҳнат қилди. 275 тонна оҳак ва гипс ташилди. Аз-Заҳро жомесининг қурилишида мингта энг уста ҳунарманд; жумладан, 300 бинокор, 200 дурадгор ва турли ҳунар эгалари ишлашди. Унинг биноси мисли кўрилмаган суръатда, қирқ саккиз кун ичида битди.
Мана шу улкан қасрда халифа Мустансир 351 ҳижрий йилда масиҳий Испания қироли Ардун ибн Азфўншни қабул қилди. Қирол Аз-Заҳрога кирганда, унинг ҳашамати, азамати, хизматчилари, қўшини ва аслаҳаларини кўриб ҳайрону лол қолди. Унинг ҳайрати халифа Мустансирнинг мажлисига келганда, унинг атрофидаги мамлакат улуғларини, ашрофларни, забардаст уламо ва хатибларни, улуғ саркардаларни кўрганда янада зиёда бўлди. Испан қироли халифа Мустансирга яқинлашган пайтда бошидан тожини ечиб, бошяланг ҳолда халифанинг олдига келишга изнни кутиб қўл қовуштириб қолди. Халифанинг олдига етиб боргач, унинг қўлини ўпишга интилди. Халифа қўлини унга узатди. Сўнг қирол ортига тавозеъ билан орқасини қилиб қайтди ва ўзига тайёрланган жойга бориб ўтирди. Халифа уни қутлаб: «Хуш келибсиз, марҳабо, сиз тўғрингизда бизнинг фикримиз ва ҳусни қабулимиз сиз кутгандан ортиқроқдир», деди. Халифанинг ушбу қутловини таржима қилиб беришгач, қиролнинг чеҳраси очилди ва жойидан тушиб, гиламни ўпди-да, бошини кўтариб шундай деди: «Мен хўжам амирул-мўмининнинг қуллариман. У зотнинг фазлларига барча умидвор, обрўларига тилакдошдир. Ул зот мени фазл-марҳаматларига мушарраф айладилар, хизматларига ноил этдилар. Мен ҳузури шарифларига содиқ ният, холис хайрихоҳлик-ла келдим». Халифа ҳам унга жавобан шундай деди: «Сиз ҳам бизнинг ҳузуримизда хайрихоҳликка ҳақли кишидирсиз. Сизга қилган ҳадяларимиз ва миллатдошларингиз ичида фақат сизни ҳурматлашимиз, сизга ҳавас келтиради, бизга мойиллигингиз фазилатини ва салтанатимиз соясида ҳимояда эканингизни англатади».
Қуртубани қўйиб, ўарнотага назар қилинадиган бўлса, Ҳамро қасридаги бунёдкорлик ва иморатсозликнинг буюк намунасидан лол қолинади. Ал-Ҳамро унга қараганларни ҳайратга солувчи ажойиб далил эди. Бу қаср ўарнота шаҳрига туташган тоғ этагига қурилган. Қанча замонлар ўтган бўлса ҳам, ҳанузгача у сайёҳларнинг диққатини ўзига тортади ва оламнинг гўзал масканларидан саналади. Унда Ал-асвад, Ал-ухтайн, Ал-адл ва Ас-сафро номли бир неча заллар бўлган. Бу қисқа сўзлар билан Ал-Ҳамронинг васфини ўрнига қўёлмаймиз. Шунинг учун бу ўринда фаранг шоири Виктор Гюгонинг Ал-Ҳамрони куйлаб айтган сўзи билан кифояланамиз:
О, Ал-Ҳамро! о, Ал-Ҳамро,
Гўзалликда тенги йўқ, танҳо.
Хаёлларни қолдиргувчи лол,
Фаришталар безаган маъво.
Сенсан уйғунликнинг тимсоли,
Гул-безакларга кўмилган қаср.
Ўхшаши йўқ малак мисоли,
Шарафга буркандинг бир неча аср.
Кумушсимон нурлари Ойнинг –
Жилва қилганида равоқларингда.
Бағрингда янграйди ажойиб куйинг,
Ақл сеҳрланар оҳангларингдан.
Андалусиянинг бошқа шаҳарлари, уларнинг азамати ва тараққиёти ҳақида сўзлайдиган бўлсак, сўз тугамайди. Масалан, Ишбилийянинг ўзида ипак ишлаб чиқарадиган олти минг дона дастгоҳ бўлган.
Шаҳарнинг ҳамма томони зайтун дарахти билан ўралгани учун унда ёғ чиқарадиган юз минг жувозхона ишлаб турган. Умуман, Андалусия шаҳарлари маъмур бўлган. Шаҳарларнинг ҳар бири Оврўпа бажонидил қабул қиладиган саноатнинг бир тури билан машғул бўлган. Уларда қурол-яроғ, пўлат қуйиш саноати яхши ривожланган. Оврўпаликлар ушбу саноат молларини ҳар томондан келиб харид қилишарди.
* * *
Мана, муҳтарам китобхон, Ислом ҳазораси ҳақида сизга маълум қилмоқчи бўлган гапларимиз шу ерда ниҳоясига етди. Мақсадимиз – бошқа миллатлар ҳазорасини ёмонотлиқ қилиб, Ислом ҳазорасини кўкларга кўтариш эмас. Балки айрим нохолис тарихчилар, дин мухолифларининг Ислом динини янги замон талабларига жавоб бермайдиган қолоқ, илм-маърифат, фан-техникага тўсқинлик қилувчи, инсоният тараққиётидан орқада қолаётган дин, деб кўрсатишга уринишларининг асоси пуч, ғаразли эканини кўрсатиб қўйиш, холос.
Ушбу китобни ўқиб, ундан Аллоҳ таоло бизларга ато этган охирги Ҳақ дин – Исломнинг буюк ҳазораси ҳақида бироз маълумотга эга бўлсангиз, тушкун кайфиятингиздан қутилсангиз, мусаннифлар ниятларига етган бўлур эдилар. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг Ҳақ йўлига, ҳидоят тариқига йўллайверсин, қалбларимизни Ислом нури билан, мусулмон эканимиздан фахрланиш туйғулари билан мунаввар этсин. Омин, ё Роббал-оламийн!
1. Қуръони карим, ўзбекча изоҳли таржима (муаллифи Алоуддин Мансур) Тошкент, “Чўлпон”, 1992 йил.
2. Мустафо Ҳусний ас-Сибаъий. “Ҳазорамиз ажойиботларидан” (5-нашр), Байрут, 1987 йил.
3. Имом ал-Бухорий “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, Тошкент, Қомуслар бош нашриёти, 1991-1996 йиллар.
4. Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Имон”. Тошкент, “Камалак”, 1992 йил.
5. “Буюк сиймолар, алломалар” (1-китоб), Тошкент, “Халқ мероси”, 1995 йил.
6. Маҳмуд Асъад Жўшон. “Ислом, тасаввуф ва ахлоқ”. Тошкент, “Истиқлол”, 2000 йил.
7. Иброҳим Рафиқ. “Тарих шуури”, (4-нашр), Измир, 1997 йил.
8. Салмон Олтой. “Ислом дини ва кашфиётлар”, Истанбул, 1993 йил.
9. Ҳорун Яҳё. “Ислом террорни лаънатлайди”, Тошкент, “Мовароуннаҳр”, 2003 йил.
10. “Самарқанд тарихи” (1-том), Тошкент, “Фан”, 1971 йил.
11. “История Узбекистана в документах”, Ташкент, «Фан», 1988год.
12. Чингиз Айтматов, Мухтор Шохонов. “Чўққида қолган овчининг оҳи-зори”, Тошкент, “Шарқ”, 1998 йил.
13. Адам Мец. “Мусульманский Ренессанс”. Москва, “Наука”, 1973 год.
14. А.А. Игнатенко. “В поисках счастья”, Москва, “Мысл`”, 1989 год.
“Ислом Ҳазораси”